Ўзбекистон ярим финалда Австралияга қарши тўп суради

Якшанба куни сўнгги Осиё чемпиони Ироқ ва Австралия ўртасида бўлиб ўтган навбатдаги чорак финал беллашувида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бўлажак рақиби аниқланди.

Ўзбекистон Қатарда бўлиб ўтаётган 2011 йилги Осиё Кубоги ўйинларининг ярим финалида Австралияга қарши майдонга тушадиган бўлди.

Икки миллий терма жамоа орасидаги беллашув 25 январ куни Қатар вақти билан соат 19:25 да "Халифа" стадионида бўлиб ўтади.

Ироқ ва Австралия орасидаги чорак финал беллашуви эса, ниҳоятда қизғин, ҳар икки тарафнинг кескин қарама-қарши ҳужумлари манзарасида кечди.

Ўйиннинг асосий қисмида ҳисоб очилмади. Миллий терма жамоаларга маҳоратли дарвозабонлари қайта-қайта қўл келишди.

Қўшимча вақтнинг тугашига бор-йўғи 3 дақиқа қолган пайтда австралиялик ҳужумчи Харри Кьюэлл боши билан киритган ягона тўп бўлажак ярим финалчининг тақдирини ҳал қилди.

Ироқ 2007 йилда Осиё Кубоги ўйинларининг финал беллашувида Саудия Арабистонини енгиб, қитъа чемпионига айланганди.

Саудия Арабистони эса, бу гал ҳатто чорак финалга ҳам чиқолмай, гуруҳ босқичиданоқ пастга қулади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу сафар Осиё Кубоги ўйинларининг финал босқичига чиқишга даъво қилмоқда.

Аммо кўплаб футбол мутахассислари Австралия анойи рақиблардан эмаслиги, ярим финал учрашувида ўзбекистонлик футболчиларга осон бўлмаслигини башорат этишмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим финалгача бўлган барча учрашувларини ҳужумкор руҳда ўтказиб, учта ғалаба ва битта дуранг натижага эришган.

Австралия Осиё Кубоги ўйинларида 2007 йилдан буён иштирок этиб келади. Ва ўша йилнинг ўзидаёқ ўйинларнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Аммо қўшимча вақтда ҳам дуранг 1:1 ҳисоби сақланиб қолгач, 11 метрлик жарима тўпларига ҳисобига японияликларга ўйинни бой берган.

Австралия миллий терма жамоаси Осиёнинг бошқа жамоалари билан солиштирганда, жаҳон футболининг таъмини яхшигина татиган, кўплаб футболчилари Оврўпонинг кучли клубларида тўп сурувчи миллий терма жамоалардан бири саналади.

Тарихий ютуқ

Қатарда бўлиб ўтаётган 2011 йилги Осиё Кубогининг чорак финал беллашувида Ўзбекистон Иордания миллий терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгиб, мамлакат футболи тарихида илк бор ўйинларнинг ярим финалига чиқди.

Таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевнинг ўйин ортидан Би-би-сига берган суҳбатида айтишича, бу ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон футболидаги тарихий ғалаба бўлган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Осиё Кубоги ўйинларида 1996 йилдан буён иштирок этиб келаётган бўлса-да, сўнгги икки бор қитъа биринчилигининг фақат чорак финалларига чиқишга муваффақ бўлганди, холос.

"Халифа" стадионида бўлиб ўтган чорак финал беллашувида ҳисоб фақат иккинчи таймга келиб очилди.

Ўйиннинг биринчи қисмида томонларнинг рақиб дарвозасини нишонга олишга бўлган уринишлари самарасиз якунланди.

Кетма-кет ҳужум уюштиришса-да, ҳисобни очиш учун ўзбекистонликларнинг ҳужумларида яшиндек кескинлик етишмади.

Аммо танаффусгача тўпга эгалик асосан ўзбекистонлик футболчилар томонида бўлди.

Иорданияликлар ҳам бўш келишмади. Бир неча маротаба ўзбекистонликларни яққол тўпдан маҳоратли дарвозабони Игнатий Нестеров ҳимоя қилиб қолди.

Аммо Ўзбекистон миллий терма жамоасининг шиддатли ҳужумлари билан бошланган иккинчи таймнинг 46-дақиқасида Улуғбек Бақоев ўйинда ҳисобни очди.

Орадан бор-йўғи 4 дақиқа ўтиб киритилган иккинчи тўпи эса, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабасини янада мустаҳкамлади.

Ўйин асосан ўзбекистонликларнинг ҳужумлари остида кечган эса-да, 58-дақиқада Башар Бани Ёсин киритган жавоб тўпи ҳисобдаги фарқни биттага камайтирди.

Учрашув якунига қадар Ўзбекистон миллий терма жамоасида яна бир неча бор яққол тўп киритиш имкони бўлди.

Аммо иорданияликларнинг ҳимоячилари уларни йўққа чиқаришга муваффақ бўлишди.

Шундай қилиб, Иордания миллий терма жамоасининг ўн йиллар бадалида илк бор Осиё Кубоги ўйинларининг ярим финалига чиқиш орзуси амалга ошмади.

Ўзбекистонлик футболчилар ҳали гуруҳ босқич саралаш учрашувларидаёқ ўзларининг ҳужумкор ўйинлари билан кўплаб футбол мутахассисларини шошириб қўйишганди.

Улар ўйинларнинг очилиш учрашувида мезбон Қатарни, кейин бойвачча Қувайтни енгиб, Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган Хитой билан дуранг ҳисобига эришишга муваффақ бўлишганди.

Энди эса, ярим финалда ўзбекистонлик футболчиларни Австралия ёки Осиёнинг сўнгги чемпиони Ироқ миллий терма жамоаси кутмоқда.

Улар иштирокидаги ярим финал учрашуви эса, 25 январ куни Қатар вақти билан 19:25 да яна "Халифа" стадионида бўлиб ўтади.

Бугун бўлиб ўтган дастлабки чорак финал беллашувида мезбон Қатарни 3:2 ҳисоби билан мағлуб этган Япония эса, ярим финалга чиққан биринчи жамоа бўлди.

Уч карра Осиё Чемпиони Япония энди ярим финалда Эрон ёки Жанубий Корея миллий терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Муштарийларимиз табриклари

Murodjon Matismonov, Thailand

Hammamizga G'alaba Muborak azizlar!

Mohi

Molodets, ko'z yoshlarim oqib ketdi, maniyam stadionda turib, bolet qilgilarim kepketdi, finalga chiqishilarini duo qilamiz, lekin iordan futbolchisi tishidan ayrilgani yomon bo'ldi-da, uzr, iordaniyalik futbolchi tishidan ayrilganingiz uchun.

O'ktamsher

Yashavor O'zbek o'g'loni, tassano, ofarin, omad sendan yuz o'girmasin.

Шерзод, Гулистон

Ассалому алайкум. Барча юртдошларимни ғалаба билан табриклайман. Мен ҳозир Ҳиндистонга малака ошириш учун келдим, шу сабабли ўйинни кўролмадим, лекин уйдагилар билан боғланиб турдим. Менга айтишларича, кеча Гулистон шаҳрида кечқурун байрам бўлган эмиш, бўлади-да, ахир қанча кутдик футболимиз ривожланиб, шу каби ғалабалар билан биз каби мухлисларни хушнуд қилишини. Мен ўзбекистонлик эканлигимдан фахрланаман. Чунки Ҳиндистонга келиб, Ал-Хоразмий ва Ал-Беруний алломаларимиз қилган ишларни бизга таништиряпти.