Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Осиё Кубогининг бронза медалини Жанубий Кореяга бой берди

Илк бор Осиё Кубоги ўйинларининг бронза медали учун кураш олиб борган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарнинг "Ас-Сад" стадионида бўлиб ўтган сўнгги учрашувида Жанубий Кореяга 2:3 ҳисоби билан ютқазиб қўйди.

Аммо шундай бўлса ҳам, биринчи марта Осиё Кубоги ўйинларидаги иштирокини 4-ўрин билан якунлади.

Ўйиннинг 17-дақиқасида ҳисобни жанубий кореяликлар очишди.

40-дақиқага келиб эса, Жанубий Корея миллий терма жамоаси ўзбекистонлик рақиблари дарвозасини уч бор нишонга олиб улгуришди.

Учрашувнинг биринчи қисмида ҳар икки томон ҳам ҳужумкор ўйин намоён этган бўлишса-да, Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров уч бор жанубий кореяликларнинг ҳужумларини даф этишга муваффақ бўлмади.

Ҳар уч ҳолатда ҳам ўзбекистонликларга яна ҳимояси панд берди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам бир неча бор жавоб тўпи киритишнинг яққол имконияти бўлди.

Аммо Одил Аҳмедов, Александр Гейнрих ва Азиз Ҳайдаровларнинг барча уринишлари чиппакка чиқди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Биринчи таймнинг сўнгги дақиқаларида Жанубий Корея миллий терма жамоаси дарвозасига белгиланган 11 метрлик жарима тўпигина ўйинда ҳисобни биттага қисқартирди.

Шундай қилиб, учрашувнинг биринчи қисми 3:1 ҳисобида жанубий кореялик футболчилар фойдасига ҳал бўлди.

Ўйиннинг иккинчи қисми Ўзбекистон миллий терма жамоасининг шиддатли ҳужумлари остида бошланди.

Александр Гейнрихнинг кетма-кет ҳужумлари ўз самарасини бермай қолмади. Иккинчи таймнинг дастлабки дақиқаларидаёқ Гейнрих иккинчи тўпни киритди.

Гейнрих, Ҳайдаров ва Карпенколар яна ҳужумга зўр беришди. Аммо уларнинг самараси бўлмади.

Учрашувнинг иккинчи қисми тўлиқ ўзбекистонлик футболчиларнинг устунлиги остида ўтган бўлса ҳам, ўйин охирига қадар натижа ўзгармади.

Александр Гейнрих жанубий кореяликлар дарвозасига киритилган ҳар икки жавоб тўпининг муаллифига айланди.

Осиё Кубоги ўйинларида 1996 йилдан буён иштирок этиб келаётган ўзбекистонлик футболчилар бу йил ғолиблик учун даъвогарлик қилишаётганди.

Аммо сешанба куни бўлиб ўтган ярим финал учрашувида Ўзбекистон Австралия миллий терма жамоасига ўйинни йирик ҳисоб билан бой берди.

Ўзбекистонлик футболчилар гуруҳ босқичи ва чорак финал беллашувларида ўзларини яхшигина кўрсатиб, мамлакат футболи тарихида биринчи маротаба Осиё Кубогининг ярим финалигача чиқишганди.

Бугунги учрашувда ғалаба қозониб, бронза медалини қўлга киритганида эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги Осиё Кубоги Ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган бўларди.

Бундай шараф эса, бугунги ғалабаси ортидан икки карра Осиё чемпиони Жанубий Корея миллий терма жамоасига насиб этди.

2011 йилги Осиё Кубогининг финал беллашуви Қатарнинг "Халифа" стадионида эртага, 29 январ куни уч карра Осиё чемпиони Япония ва Австралия миллий терма жамоалари орасида бўлиб ўтади.

Учрашув Қатар вақти билан соат 18:00, Лондон вақти билан эса, 15:00 да бошланади.

Хўш, бу каби ҳал қилувчи учрашувда ўзбекистонлик футболчиларга нима панд берди? Биз жума кунги учрашув ортиданоқ ушбу савол билан ўзбекистонлик таниқли футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга мурожаат қилдик.