Руслан Чагаев: 'Девид Ҳей билан бўлажак жанг тақдири шу ҳафта охирида аниқ бўлади'

Image caption Руслан Чагаев Жаҳон чемпионлиги камари учун курашишга шай эканини айтмоқда

Ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаевнинг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, профессионал боксда энг оғир вазн тоифаси бўйича Жаҳон чемпионлиги камари учун бўлажак жангнинг тақдири шу ҳафта охирида ҳал бўлади.

Профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида амалдаги Жаҳон чемпиони британиялик боксчи Девид Ҳей Руслан Чагаев жамлоғи билан бу хусусдаги музокараларини шу ой бошида бошлаганди.

Руслан Чагаевнинг айтишича, жорий пайтда Британия Бокс кенгаши унинг қон намуналарига оид тиббий ҳужжатларни кўриб чиқмоқда.

Агар Британия Бокс кенгаши ижобий хулосага келса, Руслан Чагаев Англияда жанг олиб бориш ҳуқуқига эга бўлади ва бўлажак жангнинг тақдири ҳам аёнлашади.

Музокаралар чоғида Руслан Чагаев ва Девид Ҳей орасидаги жангнинг шу йил май ойи охирларида ўтказиш ҳақида сўз бораётгани айтилади.

Девид Ҳей жамлоғининг бу каби қарорига украиналик таниқли боксчи, WBO ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Владимир Кличко билан олиб борилаётган музокараларнинг чиппакка чиқиши сабаб бўлганди.

Жаҳон Бокс Уюшмасининг (WBA) тартиб-қоидаларига мувофиқ эса, Жаҳон чемпионлиги учун курашда Руслан Чагаев Девид Ҳей рингга тушиши шарт бўлган рақиб ҳисобланади.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев шу йилнинг май ойида австралиялик рақиби Кали Мианни енгиб, яна чемпионлик камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан икки йил аввал профессионал боксда илк бор украиналик донгдор боксчи, WBO ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони Владимир Кличкодан мағлубиятга учраб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

У ўтган ноябр ойида Олмониянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги жангида америкалик рақиби Тревис Уокерни ҳам мағлуб этиб, бундан кейинги жанги албатта Жаҳон чемпионлиги камари учун бўлишини айтганди.

Руслан Чагаев шу пайтгача профессионал рингда Девид Ҳей билан ҳеч қачон жанг олиб бормаган.

Девид бундан икки йил аввал энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони ва Руслан Чагаевнинг ашаддий рақиби Николай Валуевни ер тишлатиб, чемпионлик камарини қўлга киритганди. Ва орада бир неча бор чемпионлик камарини ҳимоя этишга ҳам муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи эса, бундан аввал ўтказган 26 та жангининг 24 тасида ғалаба қозонган, биттасида мағлуб бўлган ва яна биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Руслан Чагаев ҳозирги пайтда Олмониянинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланади. Биз у билан боғланиб, музокараларнинг тақдири билан қизиқдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди