Ўзбекистон ФИФА рейтингида 31 ўрин юқорилади, бу Ўзбек футболи ютуғига далолатми?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Халқаро Футбол Уюшмаси(ФИФА)нинг бу йилги рейтингида 31 ўрин юқорилаб, рекорд натижа кўрсатди.

Ўтган йили 108-ўринда бўлган миллий терма жамоа Қатардаги Осиё Кубогида қўлга киритган натижалари ортидан 77-ўринга чиқиб олди.

Ўзбекистонлик футболчилар куни-кеча якун топган Осиё кубогида илк бор ярим финалга чиқиб, ўйинларни тўртинчи ўрин билан якунлашга муваффақ бўлишганди.

Бу - Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида қўлга киритган энг юксак икки ютуғидан бири экани айтилади.

Ўзбекистонлик футболчилар 1994 йилги Осиё Ўйинлари чемпиони бўлишлари ортидан қитъа тарихида бу каби натижага эришишмаганди.

Аммо шунда ҳам янги рақамлар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яқиндагина ФИФА рейтингида эгаллаган энг юқори кўрсаткичидан анча пастдир.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2006 йилда дунёнинг манаман деган миллий терма жамоаларини ортда қолдириб, ФИФАнинг рейтингида 45-ўринга чиқишга муваффақ бўлганди.

Лекин бор-йўғи 4 йилнинг ичида 108-ўринга тушиб қолишга ҳам улгурганди.

Бу орада ўзбекистонлик футболчиларнинг ўтган Жаҳон чемпионатининг финал босқич учрашувларига чиқиш ёки Осиё Ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш уринишлари чиппакка чиқди.

ФИФАнинг йиллик рейтинги эса, миллий терма жамоаларнинг турли халқаро тадбирларда эришган ютуқларига асосланиб ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси якуний баллари бўйича бу йил Япония, Австралия, Жанубий Корея, Эрон ва Хитойдан кейин Осиё қитъасида олтинчи ўринни эгаллаган.

Аммо бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичдир. Минтақа давлатлари орасида иккинчи натижа кўрсатган Туркманистон Ўзбекистондан 56 ўрин пастда.

Бошқа МДҲ давлатлари билан таққослаганда ҳам, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россия, Украина, Литва, Латвия, Арманистон ва Гуржистондан кейин еттинчи ўринда келади.

МДҲ давлатлари орасида 12-ўрин билан энг яхши кўрсаткичга Россия миллий терма жамоаси эришган.

ФИФАнинг бу йилги рейтингида яна Испания пешқадамлик қилган. Сўнгги Жаҳон чемпиони ортидан юқори учликка Ҳолландия ва Олмониялар киришга муваффақ бўлишган.

Биз ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев билан боғланиб, сўнгги янгилик Ўзбекистон футболи учун нимани англатади, деб сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди