Бу йил ҳам бойваччалик бобида "Реал"га етадигани топилмади

Delloitte консалтинг ширкати олтинчи бор Мадриднинг "Реал"ини дунёнинг энг бадавлат клуби, деб топди.

Жаҳоннинг энг бойвачча клублари йигирмалигида иккинчи ўрин ҳам испанияликларга, "Барселона" клубига насиб этди.

Сўнгги футбол мавсуми натижаларига таянган рўйхатда қизил иблислар учинчи, Лондоннинг "Арсенал"и эса, бешинчи ўринни эгаллашди.

Россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг мовийлари икки ашаддий рақиблари ортидан олтинчи ўрин билан кифояланишди.

Энг қизиғи, бу гал илк маротаба бадавлат йигирмаликнинг даромади 4 миллиард евро(5.5 миллиард доллар)ни ортда қолдирди.

Ширкат рейтингига тушган "йирик" бешликни Оврўподаги энг кучли беш чемпионат вакиллари намоён этишади.

Юқори йигирмаликка кирган клубларнинг еттитаси Англия премьерлигасида тўп суришади.

Тўрттаси Олмония Бундеслигаси, яна шунча сондагиси Италия А Сериаси вакилларидир.

Яна учта испан ва иккита француз клубига шундай шараф насиб этган.

Лекин бу йил ҳам юқори ўнликнинг сафлари ўзгаришсиз қолишган.

Deloitte ширкати дунёнинг энг бадавлат клублари рўйхатини тузишда трансферлар миқдори, футболчиларнинг маошлари, турли хил солиқлар ва тўловларни мутлақ инобатга олмайди.

Ширкат фақат клубларнинг турнирлардаги иштироки, чипталар савдоси, клублар ёрлиғи, ҳомийлик, реклама ва трансляция ҳуқуқидан тушувчи тушумларга таянади.

Бундан ташқари, стадионларини турли хил концертлар ва анжуманларга ижарага бериб, қилган даромадларига қарайди

Чўнтагингиз бақувват бўлса, майдонда ҳам ошиғингиз олчи

Ўтган мавсумдаги муваффақиятсизликларига қарамай, "Реал"(Мадрид) бойваччалар рўйхатида пешқадамликни қўлдан бермаган.

Қироллик клуби миллий чемпионатни бор-йўғи 2-ўрин билан якунлаган ва "Лион"га енгилиб, Чемпионлар лигасининг нимчорак финалидан пастга қулаган.

Аммо "Бавария" ва "Интер" орасидаги Чемпионлар лигасининг финал беллашувига мезбонлик қилиб, яхшигина даромад қилган.

"УЕФА томонидан ишлаб чиқилган янги молиявий тартиб-қоидалар назарда тутилса, бу яқин йилларда "Реал"нинг молиявий устунлиги майдонда ҳам сезилиши мумкин," дейди ширкат тадқиқотчиларидан бири.

Чунки 2013/2014 футбол мавсумида кучга кирувчи янги қоидаларга кўра, Оврўпо клублари ўз пешона терлари билан ишлаб топган пулларини ўзлари истаганча ишлатишга ҳақли бўлишади.