Дидье Дрогба ўз она Ватанида бу гал ҳам тинчлик ўрната оладими?

Фил Суяги қирғоғи миллий терма жамоаси сардори ва Лондоннинг "Челси" клуби ҳужумчиси Дидье Дрогбанинг айтишича, ўз мамлакатида сиёсий барқарорликни қарор топтириш учун ватандошлари билан бирга қўлларидан келганча ҳаракат қилишмоқда.

Африка Иттифоқи Фил Суяги қирғоғида вужудга келган сиёсий инқирозга барҳам бериш учун Алассане Оуаттара бошчилигида миллий бирдамлик ҳукуматини ташкил этишни таклиф этганди.

Чунки жаҳон ҳамжамияти жаноб Оуаттарани ўтган йилги зиддиятли президентлик сайловларида ғолиб чиққан номзод сифатида тан олади.

Аммо президентлик курсисини топширишни хаёлига ҳам келтирмаётган Лорен Гбагбонинг намояндалари Африка Иттифоқининг таклифини рад этишмоқда.

Ўтмишда ўз ватани бўлган Фил Суяги қирғоғида тинчлик ўрнатилиши учун очиқчасига кампания олиб борган дунёнинг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири Дидье Дрогба Би-би-си билан суҳбатда ўз ташвишлари билан ўртоқлашган:

Дидье Дрогба: Мен Фил Суяги қирғоғида вазиятнинг тинчланишига умид қиламан. Чунки ундан барча бирдек азоб чекмоқда. Фақатгина у ерда касалхона қураётган жамғармам эмас, мамлакат аҳолиси, каттаю кичик бирдек жабр кўрмоқда. Бу мен учун ниҳоятда қийин ва оғриқли ҳолатдир.

Би-би-си: Бундан бир неча йил муқаддам сиз мамлакатнинг исёнкорлар қўлида бўлган шимолий Буаке шаҳрига футболчи сифатида миллий бирдамлик истаб боргандингиз. Ҳозир эса, барча саъй-ҳаракатларингизнинг чиппакка чиққанига гувоҳ бўлиб турибсиз. Ўзингизни қандай ҳис этаяпсиз?

Дидье Дрогба: Албатта, хафа бўласан киши. Лекин шу билан бир пайтнинг ўзида ғурур туйғусини ҳам туясан. Чунки бугунги сиёсий инқироз ўша пайтда юз бермаганига, балки, бизнинг қилган шунча уринишларимизнинг ҳам самараси бўлгандир. Агар ҳозир ҳам қандайдир имконият бўлса, биз, сўзсиз, ундан ҳам фойдаланган бўлардик.

Би-би-си: 2005 йилда сиз ерга чўк тушиб, икки рақиб томонни қуролларини қўлдан қўйиб, сулҳу мадорага боришга ундаган эдингиз. Энди, бу гал нима қилмоқчисиз?

Дидье Дрогба: Менимча, ҳозир мамлакат сиёсатида муҳим ўрин тутган асосий ўйинчиларнинг гали. Чунки биз ўз томонимиздан қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Энди, улар энг аввало халқни ўйлаб, жиддий қарорларга боришлари керак. Чунки улар бизнинг давлатимизни намоён этишади. Шунинг учун ҳам ана шу инсонлар халқимизнинг тинчини ўйлаб, сиёсий инқирозга барҳам беришлари лозим.

Би-би-си: Ўтган йили Фил Суяги қирғоғи давлати президентига бошқа ватандош футболчилар билан йўллаган мактубингизда вазиятни ўнглаш учун сайловлар ўтказишни сўрагандингиз. Мана, сайловлар ҳам бўлиб ўтди. Аммо битта президентнинг ўрнига иккитаси сиёсий саҳнага келмадими?

Дидье Дрогба: Ҳа, худди шундай вазият юзага келди. Лекин мавжуд ҳолат ўзгаради, биз муаммонинг ечимини топамиз ва мамлакатимиз учун хатарли бўлган қон тўкилиш ҳолларига барҳам бера оламиз, деб ўйлайман.

Би-би-си: Шу ой охирида миллий терма жамоангиз Абужада Бенинга қарши Африка Давлатлари Кубогининг саралаш босқич учрашувини ўтказади. Бу сафар ҳам ушбу учрашув аввалгиларидек давлатингиздаги вазиятни ўнглашга ёрдам бериши мумкинми?

Дидье Дрогба: Биз бу гал ҳам футболнинг кучига ишонамиз. Оғир кунларни бошидан кечираётган бир пайтда ўз ўйинимиз билан халқимиз кўнглига озгина бўлса ҳам шодлик улаша олишимизга умид қиламиз.