Туркия Футбол Уюшмаси: Гус Ҳиддинк 'Челси'га ўтмоқда

Туркия Футбол Уюшмаси голландиялик таниқли мураббий Гус Ҳиддинкнинг бош мураббийликни ташлаб, яна "Челси"га қайтишига тан берган кўринади.

Гус Ҳиддинк ўтган йилдан бошлаб Туркия миллий терма жамоасига бошчилик қилиб келаётган ва шартномасининг тугашига яна бир йил қолганди.

Уюшма раҳбарларидан бирига кўра, голландиялик мураббий "Челси"га йўқ дейолмайди.

Бельгия билан сўнгги ўйинида 1:1 дуранг натижа қайд этиб, ёрқин ўйин кўрсатолмаган бўлса ҳам, Туркия миллий терма жамоасининг 2012 йилги Оврўпо чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқиш имкониятлари ёмон эмас.

Айрим хабарларга кўра, Гус Хиддинк Маҳмут Озгенернинг Туркия Футбол уюшмасининг президенти этиб қайта сайланмаслигидан ҳам норози.

"Агар Озгенер ўз лавозимида қолса, Ҳиддинк ҳам Туркиядан кетиш-кетмаслик масаласини ўйлаб кўрган бўларди," дейди уюшмадаги манба.

Бошқа томондан, "Челси"нинг таклифи ҳам яхшигина экани боис, Гус Ҳиддинк уни рад этолмайди ва Туркия Футбол уюшмаси ҳам буни яхши англаб турибди.

Уюшма раҳбарларидан бирининг айтишича эса, "Ҳиддинк ҳар куни ишлаш, миллий чемпионат ва яна Чемпионлар лигасида ҳам ғалаба қозонишни истайди".

Аммо Гус Ҳиддинк "Челси"га қимматга тушиши тайин. Чунки голландиялик мураббий Туркия Футбол уюшмаси билан шартномасини бекор қилгудек бўлса, мовийлар уюшмага каттагина товон пули тўлаб қўйишлари лозим бўлади.

Туркия миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилаётгани учун Гус Ҳиддинк ҳозир йилига 3.6 миллион евро олади.

Туркиялик футбол амалдорлари "Челси" Гус Ҳиддинк билан музокаралар олиб бориш хусусида ҳалича расман мурожаат этмаган бўлса ҳам, бугун-эрта шундай таклиф билан чиқишини айтишмоқда.

Агар музокаралар муваффақиятли якун топса, Гус Ҳиддинк 2009 йилда ўзи Англия Кубогини олиб берган "Челси"га қайтади.

Ўша пайтда Россия миллий терма жамоасининг бош мураббийси бўлган Гус Ҳиддинк ярим йилча мовийларга ҳам бошчилик қилиб турганди.

Аммо Россия миллий терма жамоасининг сўнгги Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштироки ортидан голландиялик мураббий туркияликлар билан янги шартнома имзолаганди.

Жаноб Ҳиддинк ўшандан буён бериб келаётган суҳбатларида "Челси" билан ҳам, клубнинг ўзини Россияга таклиф этган миллиардер соҳиби Роман Абрамович билан ҳам алоқалари узмай ва улардан ўз маслаҳатларини дариғ тутмай келаётганини айтиб келади.