'Арсенал' ўзбекистонлик футбол юлдузи Одил Аҳмедовга қизиқиш билдирди'

Ўзбекистон Футбол Уюшмаси президенти Мираброр Усмонов Лондоннинг "Арсенал" клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовга қизиқиш билдирганини айтган.

Ўз вақтида "Пахтакор" клубининг сардори бўлган Одил Аҳмедов ҳозир Махачқалъанинг "Анжи" клубида тўп суради.

У шу йилнинг феврал ойида Россия Олий лигасида тўп сурувчи "Анжи" клубига ижара асосига ўтганди.

Аён бўлишича, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги Осиё Кубогидаги муваффақиятли иштироки инглиз клубининг шундай қойилмақом таклиф билан чиқишига сабаб бўлган.

Ўзбекистонлик футболчилар Қатарда бўлиб ўтган 2011 йилги кубок ўйинларида ўз тарихларида илк бор тўртинчи ўринга кўтарилишганди.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов "Арсенал" клубининг ҳамсоҳибларидан бири ҳисобланади.

Алишер Усмонов бизнес ҳамкори Фарҳод Моширий билан бирга клубнинг 27 фоиз ҳиссаларига эга.

Икковлон "Арсенал"нинг иккинчи энг йирик ҳиссадорлари саналишади.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон футбол уюшмаси президенти Лондоннинг "Тоттенҳам" клуби ҳам бошқа бир футболчиларига кўз тикаётганлигини айтган. Аммо унинг кимлигини очиқламаган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, шу пайтгача ўзбекистонлик бирор бир футболчига инглиз премьерлигасида тўп суриш насиб этмаган.

Одилнинг нияти

Одил Аҳмедов сўнгги Осиё Кубоги ўйинлари чоғида ўзининг Оврўпо майдонларида тўп суриш нияти борлигини ошкора баён қилганди.

У Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубогидаги учрашувларида яхшигина ўзини кўрсатиб, мезбон Қатар ва Хитой билан ҳал қилувчи ўйинда муҳим тўпларнинг муаллифига айланганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Одил Аҳмедов ҳам салмоқли улуш қўшган ютуқлари ортидан илк бор мамлакат футболи тарихида ўйинларнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Бунинг ортидан Одил Аҳмедовга "Монако", "Малага", "Болтон", "Рубин" (Қозон), "Динамо"(Киев), "Бешиктош" ва Саудия Арабистонининг манаман деган клубларида таклифлар тушгани хабар берилганди.

Ўзбекистонлик футболчилардан деярли ҳеч қайсиси сўнгги Осиё Кубоги ўйинлари ортидан узоқ, яқин хорижий клублар томонидан бунчалик катта қизиқишга сабаб бўлмаганди.

'Пахтакор' сардори ўз вақтида дунё футболи юлдузи Ривалдони ортда қолдириб, Ўзбекистонда йилнинг 'Энг зўр футболчиси,' деб ҳам топилганди.