Руслан Чагаевнинг икки ашаддий рақиби супер чемпионлик учун рингга тушишади

Image caption Ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев барибир энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камарини қайтариб оламан, дейди

Ўзбекистонлик таниқли боксчи, профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг икки ашаддий рақиби Девид Ҳей ва Владимир Кличко бугун Жаҳоннинг супер чемпионлиги учун бир-бирларига қарши жанг олиб боришади.

Британиялик боксчи Девид Ҳей профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида WBA йўналиши бўйича амалдаги Жаҳон чемпиони саналади.

Унинг рақиби, украиналик боксчи Владимир Кличко эса, IBF ва WBO йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони камари соҳибидир.

Бугунги жанг ғолиби профессионал боксда ҳар уч унвон соҳибига айланиб, Жаҳоннинг супер чемпиони, деб тан олинади.

Икковлон орасидаги жанг Олмониянинг Гамбург шаҳрида, 45 минг кишига мўлжалланган "Имтеч Арена" стадионида бўлиб ўтади.

Собиқ рақиб

Image caption Руслан ўз мақсадини амалга ошириш учун айнан британиялик боксчи Девид Ҳей билан жангга тушиши лозим эди, аммо...

Руслан Чагаев профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифаси бўйича Жаҳон чемпионлиги учун курашда Девид Ҳей рингга тушиши шарт бўлган биринчи рақамли боксчи саналарди.

Аммо шу йилнинг март ойида Девид Ҳей Руслан билан май ойига режаланган жангги бекор қилингани, унинг ўрнига Владимир Кличко билан рингга тушмоқчи эканини эълон қилди.

Хабарларда эса, гепатитнинг "Би" шакли билан оғригани туфайли Руслан Чагаев Британияда жанг олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритиш учун муаммоларга тўқнаш келгани айтилди.

Аммо Руслан Чагаев Би-би-си билан суҳбатида ўзининг ушбу хасталикка чалинганини рад этганди.

Русланнинг башорати

Ўзбекистонлик донгдор боксчи бугунги жанг арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида Владимир Кличконинг қўли баланд келишини башорат қилди.

Унинг айтишича, Владимир ҳар томонлама рақибидан устун ва Девид Ҳейга жуда ҳам қийин бўлади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Image caption Владимир Кличко Русланга яхши синашта. Унинг башорат қилишича, бугунги жангда Владимирнинг қўли баланд келади

Руслан эса, бундан икки йил аввал айнан Владимир Кличкодан мағлубиятга учраб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

Аммо ўтган йил май ойида австралиялик рақиби Кали Мианни енгиб, яна чемпионлик камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Унинг айтишича, бугунги жанг ортидан Жаҳоннинг супер чемпиони аниқлангач, профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионининг ўрни бўшайди.

Русланнинг сўзларидан аён бўлишича, шундан сўнг ўз камарини қайтариб олиш учун россиялик боксчи Александр Поветкин билан рингга тушишни кўзламоқда.

Девиднинг режалари

Image caption Энди эса, Русланнинг икки ашаддий рақиби Жаҳоннинг супер чемпионлиги учун кураш олиб боришмоқчи

Девид Ҳей эса, шу йилнинг охирига қадар Владимирнинг укаси, профессионал бокснинг WBC таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони Виталий Кличкога қарши ҳам жанг олиб бормоқчи.

30 ёшли Девид Ҳей ҳар икки рақибини мағлуб этиб, энг оғир вазн тоифасида барча таснифдаги Жаҳон чемпиони унвонларини бирлаштириб, октябр ойида истеъфога чиқиш ниятида.

Ўз ўрнида, британиялик боксчининг тан олишича, агар бугунги жангда Владимирга енгилса, боксда эришган барча ютуқлари чиппакка чиқади.

Виталий Кличконинг даъво қилишича эса, Владимир Девид Ҳейдан ҳар тарафлама устун ва кимки жангда укасининг мағлуб бўлишини башорат қилаётган бўлса, янглиш ўйлабди.