Руслан Чагаевнинг башорати тўғри чиқди, аммо у жанг ҳақида нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Image
Image caption Руслан Чагаев башорати тўғри чиқиб, Жаҳоннинг супер чемпионлиги учун жангда собиқ рақиби украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко ғолиб чиққанини айтади

Жаҳоннинг супер чемпионлиги учун Олмониянинг Гамбург шаҳрида ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаевнинг ашаддий икки рақиби ўртасидаги жанг Владимир Кличко фойдасига ҳал бўлди. Русланнинг башорати тўғри чиқди.

Британиялик боксчи Девид Ҳей ойлар давомида қилган даъволарига қарамай, жангда украиналик рақибига муносиб қаршилик кўрсата олмади.

Владимир Кличко очколар ҳисобига эришган сўнгги ғалабаси ортидан профессионал бокснинг IBF, WBO ва WBA йўналишлари бўйича чемпионликни қўлга киритган супер чемпион, деб топилди.

Девид Ҳей эса, жанг арафасида ўзи ҳам айтиб ўтганидек, сўнгги мағлубияти ортидан "шу пайтгача боксда эришган барча ютуқларидан мосуво бўлди".

Владимир Кличкодан профессионал боксда ўзининг илк мағлубиятига учраган Руслан Чагаев эса, жанг арафасида айнан собиқ рақибининг ғолиб чиқишини башорат қилганди.

Русланнинг жанг ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида айтишича, шанба кунги жанг худди ўзи ўйлагандек ўтган.

"Мен агар Девид Ҳей учинчи раундгача нокаут ёки нокдаун бўлмаса, жанг охиригача давом этади ва Владимир Кличко очколар ҳисобида ғолиб чиқади деб кутгандим", дейди Руслан.

Image caption Руслан Чагаев шанба кунги жанг ортидан яна энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камарини қайтариб олиш учун рингга тушиши мумкин бўлади

Девид Ҳей профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифаси бўйича Жаҳон чемпионлиги учун курашда Руслан Чагаевга қарши рингга тушиши шарт бўлган биринчи рақамли боксчи саналарди.

Аммо шу йилнинг март ойида Девид Ҳей Руслан билан май ойига режаланган жангги бекор қилингани, унинг ўрнига Владимир Кличко билан рингга тушмоқчи эканини эълон қилди.

Русланнинг айтишича, ўзи билан жанг қилишнинг ўрнига Владимир Кличкони танлаган Девид Ҳей сўнгги жангда рақибига қарши ҳеч нарса қилолмади.

"Девид ҳимояда яхши эди, оёқда ҳам яхши ишлади. Аммо бокс шундайки, агар зарба бермасангиз, биргина бу каби ҳаракатларингиз учун сизга очко беришмайди", дейди Руслан.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи, ўз ўрнида, Владимир Кличконинг тактикаси яхши экани, жанг охиригача рақиби билан орадаги масофани яхши ҳис қилгани унинг ғалабасини таъминлаганини ҳам таъкидлайди.

Аммо Руслан Девид Ҳей билан рингга тушган тақдирда, бошқача жанг олиб борган бўлиши, қандай эканини гап билан айтиб ўтиришнинг ўрнига, амалда кўрсатишни афзал билишини айтади.

Русланга кўра, Девид Ҳейнинг мағлубиятидан мамнун бўлмаган.

"Чунки унинг Владимир Кличкога мағлуб бўлганининг ўзиёқ ҳаёт ҳамма нарсани ўрни-ўрнига қўйишини кўрсатди", дейди ўзбекистонлик донгдор боксчи.

Шанба кунги жанг ортидан Жаҳоннинг супер чемпиони аниқланиб, энди профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионининг ўрни бўшади.

Русланнинг сўзларидан аён бўлишича, тез орада ўз камарини қайтариб олиш учун россиялик боксчи Александр Поветкин билан рингга тушишни кўзламоқда.

Руслан Чагаевнинг Гамбургдаги жанг ортидан бизга берган суҳбатини тинглаш учун плейерни ўйнанг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди