Лондон 2012 йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларига деярли тайёр

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ташкилотчиларнинг айтишларича, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари учун мўлжалланган биноларнинг 88 фоизи қуриб битказилган.

Устига устак, ўтган чоракда амалга оширилган қурилиш ишлари 16 миллион фунт арзонроққа ҳам тушибди, денг.

Бундан далда олган Британия Спорт вазири Хью Робертсон ҳам илк бор улкан қурилиш лойиҳаси 10 миллиард фунтга етмаслигига ишончи комиллигини айтиб чиқди.

"Олимпиада Ўйинларига ҳали бир йил қолган бўлса-да, 88 фоиз қурилиш ишларини муддатидан олдин ва кам маблағ сарфлаб битказишга муваффақ бўлдик", деб баён қилган жаноб Робертсон.

Бугунги тахминларга кўра, якуний сарф-харажатларнинг 7.25 миллиард долларга тушиши кутилмоқда.

Бу эса, шу йил май ойидаги ҳисоб-китоблардан 16 миллион фунт стерлингга камдир.

Олимпия Ўйинлари учун мўлжалланган бешта йирик инкшоот, жумладан, Халқаро Трансляция Маркази қуриб битказилган.

Сув спорти мусобақалари учун мўлжалланган Aquatic Centre ҳам тез орада битиб қолади.

Ўтган ой эса, Лондон шарқидаги Олимпия Хиёбонига яқин Стратфорд метро бекати ҳам тўлиқ таъмирдан чиқди.

Таъмирлаш ишлари ҳам арзонга тушгани йўқ - нақ 125 миллион фунт стерлинг кетди.

Айтилишича, шунча таъмирдан сўнг метро бекати Олимпия Хиёбони қайдасан, деб йўлга тушганларнинг тенг ярмига хизмат кўрсата олади.

Яъни, Олимпиада Ўйинлари бўлиб ўтаётган 2012 йилнинг июл ва август ойларида 120.000 киши Стратфорд метро бекатидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Шу ой бошидан эса, Олимпия Ўйинлари бўлиб ўтажак икки бинони Темза дарёсининг нариги қирғоғи билан уловчи қиймати 50 миллион фунт стерлингга тенг ва машиналар учун мўлжалланган канат йўли қуриш лойиҳаси ижросига ҳам киришилди.

Бунинг учун Royal Victoria Dock ва Гринвичда иккита янги станция қурилади.

Лойиҳа битса, машиналар дарёдан 50 метр баландликда ва соатига 2.500 та кишини ташишлари мумкин бўлади.

Яъни, янги канат йўли O2 аренасини Шимолий Гринвич, Excel кўргазмалар марказини Royal Victoria Dock билан боғлайди.