Ўйинларнинг очилиш маросими "Оскар" мукофоти соҳибига ишониб топширилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Сарлавҳамиздан ҳам сизга яхши аён бўлганидек, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг очилиш маросимига британиялик таниқли режиссер Дэнни Бойл бошчилик қилади.

Денни Бойл 2009 йилда "Чайладан чиққан миллионер" бадиий фильми учун "Оскар" мукофотини қўлга киритган.

Ўзига бу каби улкан масъулият ишониб топширилганидан хабар топгач, жаноб Бойл, "қизиқарли ва кишиларнинг бир умр эсларида қоладиган тадбир уюштириши лозим"лигини айтган.

Денни Бойлдан ташқари Лондон Олимпиада Ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларини уюштирувчи ижодий гуруҳ таркибига Кейт Уинслетт ижросидаги "Ўқувчи" ва "Билли Эллиотт"фильмлари билан кўпчиликка яхши таниш режиссер Стивен Долдри, сўнгги Пекин Ёзги Олимпида Ўйинларининг очилиш маросимига дизайнерлик қилган Марк Фишер ва телережиссер Хэмиш Хамильтонлар ҳам киришади.

Масъулларнинг ҳисоб-китобларига қаралса, бутун ушбу маросимлар 40 миллион фунт стерлингга тушади.

Тарихий номлар

Лондон Олимпиада Ўйинлари ташкилий қўмитаси раҳбари лорд Коунинг айтишича, "ўйинларни уюштириш ишларида номи бутун дунёга таниқли британияликлар иштирок этишади".

"Уларнинг иқтидори шу қадар юксакки, керак бўлса, якка ўзлари ҳам халқаро миқёсдаги тадбирни ташкиллаштиришга қодирдирлар", дейди жаноб Коу.

Унга кўра, бундан ташқари, Лондон Ўйинлари рамзларига оид асар муаллифи, таниқли болалар адиби Майкл Морпурго ҳам ижодий гуруҳ билан бирга фаолият олиб боради.

Лондон Олимпиада, Паралимпиада Ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларига масъул продюсер режиссер Стивен Долдри бу каби ўз ишининг устаси бўлган инсонлар билан ишлашдан бахтиёр эканини айтган.

"Ҳамкорликдаги меҳнатимиз маҳсули Олимпия Ўйинлари тарихида муносиб ўрин эгаллашига умид қиламан. Биз бу ишга бутун британ аҳли, мамлакатимизнинг энг сара иқтидорларини ҳам жалб этиш ниятидамиз", дейди у.

Кўпчиликнинг бошидан дўпписини тушириб, ҳушини ўчирган 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг очилиш маросимини эса, хитойлик машҳур кинорежиссерлардан бири - Чжан Имоу уюштирган.