Футбол юлдузи Сеск Фабрегас ниҳоят Арсеналдан Барселонага ўтди

Сеск Фабрегас Испаниянинг Барселона футбол клуби билан беш йиллик шартномага имзо чекиши ортидан расман Барселона ўйинчисига айланди.

Лондондаги Арсенал клубининг собиқ сардори бугун икки тиббий текширувдан ўтган.

Арсенал унинг учун 30 миллион фунт стерлинг (48.9 миллион доллар) трансфер тўлови, ҳамда ўйналган ўйинлар ва қўлга киритилган совринлар сонига қараб яна 5 миллион фунт стерлинг (8.1 миллион доллар) олади.

24 ёшли Жаҳон Кубоги совриндори Фабрегас 2003 йилда 16 ёшли ўсмир бўла туриб тарк этган жамоасига қайтмоқда.

Бу келишувнинг имзоланиши футбол тарихида энг узоққа чўзилган транфсер драмаларидан бирига якун ясамоқда.

Якшанба куни Арсенал менежери Арсен Венгер келишувни тасдиқлади.

"Биз Сескнинг ўз она шаҳридаги жамоага кўчиш истагини тушунамиз ва Барселонанинг таклифини қабул қилдик," деди Венгер жаноблари.

"Биз Сескнинг кетишини хоҳламаслигимизни аниқ айтиб келдик ва бу ўзгармай қолаяпти. Биз Сескка Арсеналга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирамиз ва келажакда муваффақият тилаймиз," деди у.

Келишув ҳақидаги хабар якшанба куни 2-2 ҳисоб билан якунланган Барселона-Реал Мадрид ўйинининг танаффуси чоғида тасдиқланди.

Барселона мураббийси Пеп Гуардиола музокаралар "ўта қийин" кечганини билдирди, ва Фабрегас Арсеналда ўтказган давридан кўп фойда кўрганини айтди. "Сеск Барселона билан катта бўлди, бироқ Венгер ва Арсенал туфайли йирик ўйинчига айланди," деди у.

Фабрегас Арсеналдаги жамоадошлари билан охирги марта жума куни эрталаб машғулотларда қатнашди, бироқ шанба куни Премьер лига очилиш ўйинида Нюкаслга қарши майдонга тушмади.