Энди Самуэл Это'О ҳам Махачқалъанинг 'Анжи'сига ўтмоқчи

Хабарларга кўра, Италиянинг "Интер"(Милан) клуби президенти Массимо Моратти "Анжи" клубининг камерунлик юлдуз ҳужумчиси Самуэл Это'Они ўзларига сотишга оид таклифини қабул қилган.

Россиянинг кўплаб оммавий-ахборот воситалари жаноб Мораттининг Италиянинг "Гадзетто делло спорт" газетасига берган суҳбатига таяниб, бу ҳақда хабар тарқатишган.

Массимо Мораттининг ўз суҳбатида айтишича, "Анжи"нинг таклифини рад этишлари қийин бўлаётир.

Норасмий маълумотларга кўра, доғистонлик миллиардернинг клуби Это'Ога йилига 20 миллион евро билан уч йиллик шартнома таклиф этмоқда.

Самуэл Это'Онинг шу яқин кунлар ичида тиббий текширувдан ўтиши ҳам айтилади.

"Анжи" яқинда бразилиялик сара футболчи Роберто Карлос ва Ўзбекистон футболи юлдузи Одил Аҳмедовларни ҳам ўз сафларига жалб этганди.

Ўзбекистонлик футбол масъуллари шу йил бошида 23 ёшли футболчининг "Анжи"га ижарага ўтганини тасдиқлашган эса-да, трансфер миқдорини расман очиқламай, "катта миқдордаги маблағ," дейиш билан кифояланишганди.

"Анжи" Россия Олий лигасига 1999 йилда чиқишга муваффақ бўлган. Аммо орада беқарор ўйин кўрсатиб, биринчи лигага қулаган ва 2009 йилдагина яна Олий лигага қайтган. Ўтган мавсумни 11-ўрин билан якунлаган.

Ҳозир эса, 20 та ўйиндан 33 очко тўплаб, Россия Олий лигасида 6-ўринда бормоқда.

Аммо шу йилнинг январ ойида "Анжи"ни асли доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов сотиб олган.

Айрим хабарларга кўра, жаноб Керимов мураббийлар, футболчиларнинг маошлари ва янги ўйинчиларни харид қилиш учун йилига 30-50 миллион доллар маблағ сарфлаш ниятидадир.

"Бунёдкор"нинг ушалмаган орзуси

Бундан уч йил бурун Тошкентнинг "Бунёдкор" клуби ҳам Самуэл Это'O билан шартнома имзолаши мумкинлигини эълон қилганди.

Тошкентдаги матбуот анжумани чоғида ўша пайтда Испаниянинг "Барселона"сида тўп сурган камерунлик ҳужумчи ҳам ўзига бундай таклиф бўлганини тасдиқлаганди.

Аммо "Барселона" клуби бу хабарларни рад этганди.

Бу каби гап-сўзлар ортидан, камерунлик футбол юлдузининг Тошкентда "Бунёдкор" клубининг ёш футболчилари ва Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоаси аъзоларига "мастер-класс"дан сабоқ ҳам бергани ҳам бор гап.

Тарихча ўрнида

Самуэл Это'O сўнгги икки йилдан буён Италиянинг "Интер"ида тўп суриб келади.

У жаҳон футболида энг кучли ҳужумчилардан бири саналади.

Самуэл Это'O ўзининг футболчилик карьераси давомида кўплаб ҳал қилувчи голларнинг муаллифи бўлган.

Испанияда у "Пиччиччи" яъни тўпурар, дега лақабни ҳам орттирганди.

Унинг ўйин услуби ҳам жуда ўзига хос, майдонда у нафақат ўзига белгилаб қўйилган вазифани бажаради, балки таъбир жоиз бўлса, ижод қилади.

Бир сўз билан айтганда, у олий тоифадаги ўйинчи!