'Анжи'нинг жаҳон футболи юлдузларини ўзига тортаётган оҳанрабоси нимада?

Image caption "Анжи"да Ўзбекистон футболи юлдузи Одил Аҳмедов ҳам тўр суради. Клуб яқинда Одил Аҳмедов билан тўрт йилга шартнома имзолаганди

“Анжи” навбатдаги учрашувига ҳозирлик кўраркан, Махачқалъада жанговар бир руҳ ҳукмрон.

Стадион атрофида автоматлар билан қуролланган полиция ходимлари кўзга ташланишади.

Жанубий Доғистон республикаси Россиянинг энг беқарор минтақаларидан бири.

Бу ерда деярли ҳар куни жангариларнинг ҳужуми содир этилади.

Аммо, ҳаттоки, ана шу ҳолат ҳам дунёнинг манаман, деган футболчиларини “Анжи” билан шартнома имзолашларидан қайтара олмади.

Шўролар давридан қолган ва тўкилибгина турган стадионни тўлдириб, сухандон қиз клубнинг энг сара юлдузи – 99-рақамли Самуэль Это’Онинг номини эълон қилади.

Камерун ва жаҳон футболи юлдузи Қофқоз тоғларидек улкан маблаққа тенг шартнома билан шу йил ёз ойида “Анжи”га ўтганди.

Самуэль Это’О бу ерда ҳафтасига 350.000 АҚШ долларига тенг олади.

Ҳали дунёдаги бирор бир футболчи бу каби йирик маошга лойиқ деб топилмаган.

“Олтин” таркиб

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Самуэль “Анжи” қисқа вақт ичида қўлга киритишга муваффақ бўлган биргина юлдуз ўйинчи эмас.

Клуб яна “Андерлехт”дан марокашлик Мбарк Буссуфа, Лондоннинг “Челси”сидан Юрий Жирков ва Мадриднинг “Реал”идан бразилиялик Роберто Карлос, Ўзбекистондан “Пахтакор” сардори Одил Аҳмедовларни ҳам сотиб олган.

Бу каби манаман, деган футболчиларга “Анжи” шунча пулни қаердан топади:

Клубнинг доғистонлик миллиардер соҳиби Сулейман Керимов ўз бойлигини олтин ва калийнинг орқасидан орттирган.

Энди эса, топган пулини “Анжи”ни молиялаш ва номдор футболчиларни харид қилишга сарфламоқда.

Мен билан суҳбатида Самуэль Это’О Шимолий Қофқозга келишдан заррача чўчимаганлигини айтади.

“Мен сиёсат билан шуғулланмайман, фақат футбол ўйнайман. Ҳар гал Махачқалъага келар эканман, бу ерда одамларнинг ўз ҳаётларидан мамнун эканликларини англайман. Мен ўз кўзлари билан кўриб, ишонч ҳосил қилишлари учун бу ерга ҳаммани таклиф этган бўлардим. Чунки Лондон, Париж ёки Женевада туриб, Доғистон ёки Қофқозда кечаётган воқеаларни танқид қилиш осон”, дейди у менга.

Лекин, барибир, Доғистон бошқа кўплаб шаҳарлар билан солиштирганда, анчайин хавфли.

Мисол учун, шу йилнинг сентябр ойида “Анжи”нинг стадиони яқинида иккита машина портлатилди.

Бир полиция ходими ҳаётдан кўз юмди, олтмишдан ортиқ киши эса, тан жароҳати олди.

Уйдан йироқда

Image caption Доғистон ҳануз Россиянинг энг беқарор минтақаларидан бири саналади

Аммо, шуни ҳам тан олиш керакки, “Анжи”нинг ўйинчилари Доғистонга фақат ўз майдонларидаги учрашувларни ўтказиш учунгина келишади, холос.

Бошқа пайтларда эса, пойтахт Москвадан 20 чақирим узоқликда яшаб, машғулотларини ҳам шу ерда ўтказишади.

“Анжи”нинг собиқ Жаҳон чемпиони бўлган бразилиялик ўйинчи ва мураббийси Роберто Карлосга бу бироз эриш туюлади.

"Жамоанинг ҳануз Махачқалъада, ўз шаҳрида эмаслиги, сўзсиз, афсусланарли ҳолат. Аммо клубнинг биз машғулотлар ўтказувчи Подмосковьедаги тайёргарлик марказидаги шарт-шароитларга гап йўқ. Ҳар дам олиш кунлари учрашувга самолётда борамиз. Икки ярим соат, уч соатча учамиз. Аммо одам аста-секинлик билан бунга кўникиб ҳам кетаркан”, дейди Роберто Карлос.

Буларнинг барчасига қарамай, севимли жамоаларининг ўйинини томоша қилиш учун ҳар гал стадионга 15 минг чоғли ишқибоз йиғилади.

Стадион трибуналари уларнинг қўлларидаги байроқлару, бўйниларидаги шарфлардан сариқ-яшил рангга бежалиб кетади.

Россиянинг ишсизлик ва кундалик зўравонликлардан азоб чекиб келаётган ушбу минтақасида футбол одамларга барча муаммоларини унутишга имкон беради.

“Анжи”нинг футбол юлдузлари билан шартнома имзолашдан ташқари, бошқа ғоялари ҳам бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Анжи"га доғистонлик миллиардер Сулейман Керимов соҳиблик қилади

"Футбол жамоаси – бу улкан лойиҳанинг бир қисми, холос, - дейди “Анжи”нинг Бош директори Герман Чистяков, - "Бу ерда яна янги стадион барпо этилади, клуб учун бутунлай бошқача инфратузилма ташкил этилади, янги тайёргарлик жамлоғи ва болалар футбол академияси ҳам очилади. Яъни, Доғистонни ижтимоий жиҳатдан кўтарадиган бир лойиҳа бўлади. Республика аҳолисининг ҳаётини ўзгартириб юборадиган бир иш бўлади”.

Это'О учун SMS

Сўнгги пайтларда “Анжи”га хорижлик машҳур мураббийлардан бири ишга ўтармиш, деган гап-сўзлар кучайган.

Самуэль Это'О эса, клубга келаётган юлдуз футболчиларнинг ҳам кети узилмайди, деган ишончда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Это’Онинг “Анжи”га ўтиши ёзги олди-сотди мавсумининг энг катта шов-шувига айланганди.

"Дўстларим ва собиқ жамоадошларим ҳар кун SMS юбориб, у ерга ўйнаш учун борса бўладими, деб сўрашади. Бу эса, ажойиб. Демак, Доғистон Россия футболига номдор ўйинчиларни жалб этишга замин яратибди. Мен уларнинг Россияга, айниқса, “Анжи”га келишларига умид қиламан. Чунки дунёнинг энг сара футболчилари билан бир сафда тўп сургим келади. Шунда ушбу минтақадаги вазият ҳам ўнгланади. Чунки футбол сиёсат босиб ўтолмайдиган чегараларни ҳам кесиб ўтади. Футболнинг кучи ҳам ана шунда,” – дейди номдор ҳужумчи.

Аммо ҳақиқий ҳаёт пул ҳамма нарсанинг ҳам гарови бўлолмаслигини кўрсатади. Яъни, “Анжи” ўз майдонида рақиби ЦСКА клубига 3:5 ҳисоби билан ютқазиб қўяди.

Лекин аллақачон юлдуз ўйинчилари билан ном чиқарган Англиянинг “Манчестер Сити”сига қиёс берилаётганига қарамай, “Анжи”нинг донгдор футболчилари ҳали яхлит бир жамоага айланиб улгуришганича йўқ.

Менимча, қачон ана шу иш амалга ошса, “Анжи”нинг Чемпионлар лигасида ўйнаш орзуси ҳам ижобат бўлади.