‘Ўлим’ гуруҳида яна бир дуранг: Ўзбекистон 0 – 0 Австралия

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси “Ўлим” гуруҳида ўтказган навбатдаги учрашувида Австралияга қарши дуранг ўйнади.

Ҳар икки томоннинг кетма-кет ҳужумлари остида кечган ўйинда ҳисоб очилмади: 0 -0.

Кенжа Тўраев, Жасур Ҳасанов, Фозил Мусаевларда рақиб дарвозасини аниқ нишонга олишнинг бир неча имконияти бўлди.

Аммо бирида австралияликлар дарвозабонининг маҳорати панд берган бўлса, бошқасида мўлжал ноаниқ кетди.

Ўйиндан ташқари ҳолатда урилган, деб, қанот ҳаками учрашув давомида ҳам Ўзбекистон ва ҳам Австралия томонидан киритилган биттадан тўпни инобатга олмади.

Бошқа томондан, австралияликлар ўзбекистонлик футболчиларга нисбатан анчайин қўпол ўйнашди.

Ўзбекистон Олимпия милий терма жамоаси учинчи босқич учрашувларининг 3- тур беллашувида меҳмонда австралияликларга қарши майдонга тушганди.

Ўзбекистонлик футболчилар шу чоршанба куни Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўйинда ҳам дуранг натижани қўлга киритишганди.

Ўз гуруҳида ўтказган уч учрашуви натижалари ортидан, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси 5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Барча беллашувларини дуранг ҳисоби билан якунлаган Австралиянинг ҳисобидаги очколар сони эса, бор-йўғи учтадир.

Сафарда Бирлашган Араб Амирликларинии 2-0 ҳисобида мағлуб этган Ироқ Олимпия миллий терма жамоаси эса уч ўйиндан 4 очко тўплаб иккинчи ўринга кўтарилиб олди.

Ўзбекистонлик футболчилар гуруҳдаги дастлабки учрашувларида ироқлик рақибларини 2-0 ҳисобида мағлуб этишганди.

Ироқлик футболчиларнинг кутилмаган ғалабаси "В" гуруҳидаги қолган жамоаларни бир қадар хавотирга солмай қўймаётир.

Ўзбекистонликлар бош мураббийси Австралияга дуранг эмас, фақат ғалаба умидида келганликларини урғулаганди.

Чунки 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпида Ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритмоқчи бўлса, Ўзбекистон ўз гуруҳида имкон қадар кўпроқ очко тўплаши лозим бўлади.

Кейинги ўйинни Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ўз майдонида яна Австралияга қарши ўтказади.

Учрашув келаси йилнинг 5 феврал куни бўлиб ўтади.

Аёвсиз ўйин

Ҳар икки томон ҳам Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтажак ўйиннинг ниҳоятда аёвсиз бўлишини тан олишмоқда.

Чунки бундан аввал ўтказган икки учрашувлари натижаси ва гуруҳда эгаллаб турган ўринларидан келиб чиқиб, ҳам Австралия ва ҳам Ўзбекистоннинг майдонга фақат ғалаба учун тушишлари кутилмоқда.

Айниқса, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўйинларини дуранг ҳисоби билан якунлаган Австралия ўта қалтис аҳволда.

Шу сабабдан ҳам, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани қўлга киритмоқчи бўлса, бугунги учрашувда фақат зафар қучиши керак.

Аввалги учрашувларини бир ғалаба ва бир дуранг билан якунлаган Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси эса, жорий пайтда 4 очко билан “В” гуруҳида етакчилик қилмоқда.

Аммо Олимпиада Ўйинларига тўғридан-тўғри чиқмоқчи бўлса, ўз мавқеини янада мустаҳкамлаб, ўз ҳисобидаги очколари сонини ошириши шарт.

Чунки 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани нақд қилиш учунқай бир миллий терма жамоа бўлишидан қатъиназар, ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритиши лозим бўлади.

Иккинчи ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа эса, шу йил март ойи охирларида бўлиб ўтажак плэй-офф беллашувларида ҳам иштирок этади.

Ҳозирги босқичда 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига бор-йўғи тўртта йўлланмани қўлга киритиш учун қитъанинг 12 та миллий терма жамоаси кураш олиб боришмоқда.

Имкониятлар

Австралия Олимпия миллий терма жамоасигуруҳдаги бошқа рақиблари билан солиштирганда, Олимпида Ўйинларида энг катта тажрибага эга жамоадир.

Австралиялик футболчилар ўз тарихларида икки бор Олимпида Ўйинларининг чорак финалига чиқишган, 1992 йилда эса, Барселонада тўртинчи ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлишган.

Жамоа бундан аввал ўтказган икки учрашувидан тўғри хулоса чиқариб, бу галги ўйинда бор имкониятини ишга солишини даъво этмоқда.

Австралия матбуоти эса, учрашув арафасида Ўзбекистон миллий терма жамоасини сўнгги Осиё Кубогида қандай қилиб йирик ҳисоб билан мағлуб этганликларини эслатиб ўтишни ҳам унутмаган.

Аммо Сиднейдаги беллашувнинг ҳар икки томон учун ҳам бирдек муҳимлигини урғулаган Ўзбекистон Олимпия ва миллий терма жамоаси Бош мураббийси Вадим Абрамов Австралияга фақат ғалаба қозониш учун келганликларини айтмоқда.

“Биз шунча йўл босиб, бу ерга дурангга эришиш учун келмаганмиз”, деб баён қилган ўзбекистонликлар бош мураббийси.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасига ишонишини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Норозилик

Ўзбекистон томони навбатдаги учрашуви арафасида Австралиянинг ўзларидан бир кун ортиқча ҳордиқ чиқаришга имконли бўлганидан ниҳоятда норози.

Чунки Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларига қарши бундан аввалги ўйинини чоршанба куни ўтказган бўлса, Австралия Ироққа қарши сешанба куни майдонга тушганди.

Ўзбекистон томонига кўра, бу – адолатсизликдир.

“Очиғини айтсам, биз ФИФАнинг қарорини тушунмадик. ФИФА ҳар доим биз бир оиламиз дейди, аммо амалда бундай бўлиб чиқмаяпти”, деб айтган ўзбекистонликлар бош мураббийси Вадим Абрамов.

ФИФА эса, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлари боис, Ироқ мезбонлик қилиши керак бўлган учрашувларни Қатарга кўчиришга қарор қилганди.

Аммо, аён бўлишича, бошқа гуруҳда Осиё қитъасидан саралаш босқич беллашувларида иштирок этаётган Қатарнинг навбатдаги ўйини ҳам чоршанба кунига тўғри келган.

Австралия томонига кўра, шу боис ҳам Ироққа қарши учрашувларини бир кун аввал ўтказишга мажбур бўлишган.

Вадим Абрамов эса, нега бу хусусда ҳеч ким ўзларини огоҳлантирмагани, розиликларини сўрамаганини савол остига олмоқда.