Бокс: Дэвид Ҳей Виталий Кличкога қарши рингга тушмоқчи, Руслан нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Image
Image caption Девид Ҳей шу йилнинг июл ойида Жаҳон чемпионлиги камарини Виталий Кличконинг укаси Владимирга бой берганди

Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Девид Ҳей украиналик донгдор боксчи, WBC таснифида амалдаги Жаҳон чемпиони Виталий Кличко билан рингга тушиш учун музокараларини бошлаб юборган.

Бўлажак жангнинг келаси йил март ойига мўлжалланаётгани айтилади.

Шу йил июл ойида Виталийнинг укаси Владимир Кличкога чемпионлик камарини бой бергач, 31 ёшли британиялик боксчи октябр ойида рингни тарк этишини айтганди.

Энди эса, Девид Ҳей нима қилиб бўлса ҳам, Виталий Кличко билан жангга эришмоқчи.

"Менинг ҳеч бир унвоним йўқ. Аммо шов-шув ва олиймақом боксни ваъда қила оламан", деб айтган у.

Аён бўлишича, британиялик боксчи бунинг учун, ҳатто, олажак гонорарининг камайтирилишига ҳам рози экан.

Тахминлар

Image caption Руслан Чагаев икки рақиб ўртасидаги жанг амалга ошса керак, дейди

Икковлон орасидаги бўлажак жанг тафсилотлари, унинг қанчалик амалга ошиш-ошмаслиги ҳозирча аниқ маълум эмас.

Аммо ўзбекистонлик донгдор боксчи, профессионал бокснинг WBA йўналишида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев бу борада бошқача фикрда.

Унга кўра, "Девид Ҳей Владимир Кличкога қарши жанг арафасида жуда катта гапириб қўйган. Укаси Девидни мағлуб этгач, менимча, Виталий ҳам уни енгмоқчи. Бундан ташқари, пул икковлонни сўзсиз рингга қайтарса керак. Бошқа томондан, одамларнинг орасида ҳам ушбу жангга қизиқиш бор. Чунки, боя ҳам айтганимдек, Девид Ҳей катта кетиб қўйган. Виталий учун эса, жанг молиявий жиҳатдан фойдали", дейди у.

Шу йил март ойида Девид Ҳей ўз вазн тоифасида Руслан билан режаланган жангини бекор қилиб, Владимир Кличко билан рингга тушишни маъқул топганди.

Янги жанг

Девид Ҳей эса, Би-би-сига берган суҳбатида, "Ҳалича шахсан шартномани кўрмагани, аммо бу хусусда аниқ музокаралар бораётгани"ни маълум қилган.

"Мен ҳали истеъфога чиқмасимдан аввал Виталий Кличко билан рингга тушишни қанчалик исташимни айтгандим. Энди эса, буни келаси йил март ойига режалаяпмиз", деб айтган Девид Ҳей.

Унга кўра, "Виталий ва Владимир Кличколар ўзини яна рингга қайтишга ундаши мумкин бўлган иккита боксчидир, холос".

2 июл куни Девид Ҳейни мағлуб этгач, асли қозоғистонлик ака-укалар ўзларининг азалий орзуларини рўёбга чиқаришган: профессионал бокснинг барча таснифи бўйича Жаҳон чемпионлиги камарларини бир қўлда тўплашга муваффақ бўлишганди.