Ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев келаси йил яна рингга қайтмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида келаси йил январ ойида яна рингга қайтмоқчи эканини тасдиқлади.

Руслан навбатдаги жанггини 21 январ кунига режалаётгани, аммо ўзи бир неча йилдан бери шуғулланиб келаётган Олмониянинг Universum Box Promotion клубининг телевидение билан боғлиқ айрим муаммолари туфайли, бу хусусда ҳозирча юз фоизлик аниқ ишонч билан қатъий хулоса чиқариб бўлмаслигини ҳам айтди.

"Ҳозирча жангнинг тақдири 50-50 бўлиб турибди", дейди Руслан Чагаев:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу масалани промоутерлари ҳал қилишини таъкидларкан, ўзбекистонлик таниқли боксчига кўра, жорий паллада бўлажак рақибининг ким экани маълум эмас.

Аммо Русланнинг айтишича, келаси йилда яна ўз рейтингини кўтариб, 2012 йил охири ёки 2013 йил бошларида албатта Жаҳон чемпионлиги камари учун жанг олиб бориш аҳдида қатъийдир.

Тарихча ўрнида

Руслан Чагаев шу йилнинг 27 август куни Олмониянинг Эрфурт шаҳрида Жаҳон чемпионлиги учун жангда россиялик рақиби Александр Поветкинга очколар ҳисобига ютқазиб қўйганди.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи сўнгги мағлубияти ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида қатор жанглар ўтказиб, албатта Жаҳон чемпионлиги камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш ниятида эканини айтганди.

У 2007 йилнинг 14 апрел куни бошқа бир россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлганди.

Шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган Руслан Чагаев 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони, украиналик боксчи Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик унвонидан буткул маҳрум бўлганди.

Аммо орада қатор жанглар ўтказиб, яна ушбу мақом учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтга қадар жаъми 30 та жанг ўтказган, шундан 27 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаган.

Ҳаваскор боксда ҳам бир неча бор Осиё ва Жаҳон чемпионлари бўлган ўзбекистонлик донгдор боксчи профессионал боксда ҳам энг оғир вазн тоифасида дунёдаги энг кучли боксчилардан бири саналади.

Ўтган якшанба куни америкалик рақиби Седрик Босвеллни 8-раундда нокаутга учратган Александр Поветкин эса, илк бор WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпионлиги камарини ҳимоя этишга муваффақ бўлган.