Абрамович Дрогбанинг шартномасини чўзмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Дидье Дрогба "Челси"нинг яқин тарихдаги ютуқларига озмунча ҳисса қўшмаган

"Челси" бош мураббийси Андре Виллаш-Боашнинг билдиришича, қойилмақом формада бўлса-да, сара ҳужумчиси Дидье Дрогбанинг шартномасини чўзиш режасида эмаслар.

Аён бўлишича, Дидье яна икки йилга "Челси"да қолиш истагида ва клуб эса, фақат бир йиллик шартномани кўзламоқда.

Хабарларга кўра, шу боис ҳам икки ўртада ҳануз музокаралар давом этаётир.

Виллаш-Боаш, ўз ўрнида, "Дидье ўз клуби ва жамоадошларига ёрдам бериб, олий даражада футбол намоён этаётгани"ни ҳам инкор этмаган.

"Бизнинг кўникишимизга тўғри келадиган кўринади. Ҳозирча музокаралар давом этмоқда", деб айтган у.

"Сўзсиз, клуб майдонда ўзини кўрсатаётган ўйинчиларини сақлаб қолишни истайди. Бироқ Дидье тез орада Африка Давлатлари Кубогига жўнаб кетади ва фақат 12 феврал куни ортга қайтади. Шунинг учун ҳам қарор олиниши лозим бўлган масалалар озмунча эмас".

"Челси" бош мураббийси шартнома имзолашлари ёки йўқлигидан қатъиназар, сара ҳужумчисининг маҳорати ва санъатини ҳеч ким ҳеч қачон савол остига олмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Дрогба эса, яқинда Чемпионлар лигаси беллашувида "Валенсиа"га қарши муҳим ўйинда учта тўпдан иккитасини киритиб, буни яна бир бор амалда ҳам исботлаб қўйган.

Дидьенинг "Челси" билан шартномаси шу йил охирида поёнига етади.

Шу боис, уни ушлаб қолмоқчи бўлса, Роман Абрамовичнинг ихтиёрида бир ойдан камроқ вақт қолган.

33 ёшли ҳужумчи 2004 йилда Франциянинг "Марсел"идан 24 миллион фунт стерлингга "Челси"га ўтганди.

"Челси" шу йил бошида испаниялик бошқа бир юлдуз ҳужумчи Фернандо Торрес билан шартнома имзолаган, бунинг ортидан, Дидьенинг доимий таркибда қолиши анчайин қийинлашган.

Чунки Виллаш-Боаш икковлондан ташқари, яна Дэниел Старриж ва Николас Анелкаларни ҳам майдонга тушириши керак бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ