Осиё чемпиони 'Ал-Садд' клублар ўртасида ҳам жаҳон чемпионлигига даъвогарлик қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қатарликлар наҳанг "Барса"ни ҳам мағлуб этамиз, дейишмоқда

Қатарнинг "Ал-Садд" ва Япониянинг "Касива Рейсол" жамоалари клублар ўртасида кечаётган Жаҳон биринчилигининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлишди.

Улар чорак финал беллашувларида тунис ва мексикалик рақибларини мағлуб этишди.

"Ал-Садд" "Эсперанс"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ушбу шарафга нойил бўлган бўлса, Япония жамоаси "Монтеррей"ни жарима тўплари ҳисобиганига доғда қолдирди.

Мағлуб жамоалар энди 14 декабр куни 5-ўрин учун кураш олиб боришади.

Ғолиблар эса, Жаҳон чемпионлиги учун курашни давом этдиришади.

Японлар ярим финалда Бразилиянинг "Сантос"ига қарши тўп суришади, қатарликлар эса, бир кун ўтиб, яъни 15 декабр куни Испаниянинг наҳанг "Барселона"сига қарши майдонга тушишади.

"Ал-Садд" яқиндагина финал учрашувида Жанубий Кореянинг "Чонбук"ини мағлуб этиб, Осиё Чемпионлар лигаси чемпиони бўлганди.

Ўйинга ўзбекистонлик донгдор ҳакам Равшан Эрматов ҳакамлик қилганди.

Қатарликлар ўз тарихларида иккинчи бор бу каби шарафга нойил бўлишганди.

"Ал-Садд" 1989 йилда Осиё чемпиони бўлган биринчи араб жамоасига айланганди.

Қатарликлар бош мураббийси "Барса"га қарши ўзлари орзу қилган хаёлий учрашувда ҳам албатта ғалаба қозонишларини даъво этмоқда.

"Яқинда "Барселона" "Гетафе"ни доғда қолдирди. Бу ақл бовар қилмайдиган бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ҳамма гап ҳам ана шунда. Агар биз майдонда ҳақиқий футбол ва кучли руҳиятимизни намоён эта олсак, бизга ҳам ғалаба насиб этади", деб айтган Хорхе Фоссати.

Бу мавзуда батафсилроқ