‘Реал’(Мадрид)нинг Ўзбекистондаги футбол академияси қандай бўлади? – сўнгги тафсилотлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Испаниянинг Қироллик клуби Ўзбекистонда ўзининг Марказий Осиёдаги илк футбол академиясини очиш режасида қатъий экани ва бу хусусдаги якуний ҳужжат тез орада Испанияда имзоланишини маълум қилди.

Бу ҳақда “Реал” (Мадрид) клуби жамғармаси ҳайъати иштирокида кеча Ўзбекистон Футбол Федерациясида бўлиб ўтган матбуот анжумани ортидан маълум бўлган.

Биз ушбу матбуот анжуманида иштирок этган ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевдан тафсилотларни сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Таркибида жамғарма Васийлик кенгаши раиси Карлос Эскудеро де Бурон Гонсалес ва унинг ёрдамчиси Антонио Санчес Леонлар ҳам бўлган испаниялик ҳайъат 22 октябр куни икки кунлик сафар билан Тошкентга ташриф буюрганди.

Расмий хабарларда ҳайъатнинг пойтахт Тошкентда ўз футбол мактабини очиш лойиҳаси бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида Ўзбекистонга келганлиги айтилганди.

“Шуниси қувонарлики, ана шундай академиялардан бири Ўзбекистонда ҳам барпо этилади. У Марказий Осиёда биринчи бўлади”, - деб айтган Карлос Эскудеро.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси жаноб Эскудеронинг журналистлар билан суҳбатига таяниб тарқатган хабарларига кўра, “Реал”(Мадрид)нинг Тошкентдаги футбол академияси камида 100 бола(ҳам ўғил ва ҳам қизлар)га мўлжалланган бўлади.

Бўлажак ўқувчиларнинг ёши 8 дан 16 ёшгача бўлиши ҳам айтилади.

Маҳаллий журналистлар билан суҳбатида жаноб Эскудеро болаларга таҳсил бериш учун Испаниянинг ўзидан мутахассис юборилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

“Ишонч билан шуни айтишим мумкинки, бизнинг мутахассислар бу ерда албатта бўлишади. Биринчи иш мураббийлардан бирини Тошкентга юборишдан бошланади. У фаолият йўналишини аниқлаб олади ва шу асосида биз иш олиб борамиз”, деб айтган у.

"Ажойиб жой"

“Реал”(Мадрид) клуби жамғармаси Васийлик кенгаши раиси нега футбол академияларини айнан Ўзбекистонда очишга қарор қилишгани саволига ўзлари учун энг аввало мезбон давлатнинг қизиқиш билдириши жуда ҳам муҳимлигини айтиб, жавоб берган.

“Биз нафақат футболнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг ривожланиш жараёни билан боғлиқ кўплаб жиҳатларни ўрганиб чиқдик. Ўйлайманки, бу Мадриднинг “Реал” клуби академиясини очиш учун ажойиб жой”, деб баён қилган жаноб Эскудеро.

Ўз футбол академияларида таълимнинг қандай асосда олиб борилиши саволига эса, жаноб Эскудеро ҳам пуллик ва ҳам пулсиз асосда ўқитишларини айтиб, бу кўп томонлама ҳомийларга боғлиқ, деб жавоб берган.

“Реал”(Мадрид) Васийлик кенгаши раисига кўра, турли давлатлардаги ўз футбол академиялари орасида ҳар хил турнирлар ҳам ташкил этилади.

Бундан ташқари, бир йилда бир марта академия ўқувчилари Испанияда бўлишади ва у ерда “Реал”нинг юлдузлари билан учрашишади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, жамоа сафларида Криштиану Рональдо, Кака, Месут Озил, Карим Бензема ва яна кўплаб дунё футболи қаймоғи бўлган сара футболчилар ҳам тўп суришади.

Жаҳондаги учта сара клубдан биттаси бўлган ушбу клубга дунёнинг энг моҳир мураббийларидан бири – португалиялик Жозе Моуриньо бошчилик қилади.

Футбол академияси Ўзбекистонда ҳам иш бошласа, бу – Испания Қироллик клубининг Осиёдаги еттинчи мактаби бўлади.

Жаноб Эскудеронинг сўзларига қаралса, шу пайтгача жамғармалари дунёнинг 55 давлатида 170 га яқин академия ташкил этган ва уларда 30 мингдан ортиқ бола таълим олишади.

Жамғарма масъулларига кўра, ўз футбол академияларида болаларга футболдан ташқари, адолатли, ҳалол ва одамий бўлиш ҳам ўргатилади.

Уларнинг урғулашларича, “Бу хислатлар ҳаётда жуда ҳам муҳим”.

Бу мавзуда батафсилроқ