Сервер Жеппаров яна бир бор ‘Осиёнинг энг яхши ўйинчиси’ деб топилди

Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган Осиё Футбол конфедерациясининг йиллик мукофотлаш маросимида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Сервер Жеппаров иккинчи бор “Осиёнинг энг зўр футболчиси”, деб топилди.

Осиё Футбол конфедерацияси бугун 2011 йилнинг “Энг яхши ўйинчиси”, “Энг зўр ҳаками” ва “Энг яхши Футбол федерацияси” ва “Энг қойилмақом жамоаси”ни эълон қилиб, уларга ўз совринларини топширди.

Сервер Жеппаровгача фақат Япония футболи афсонаси Хидетоси Наката бу каби шарафга нойил бўлган, холос.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик донгдор ҳакам Равшан Эрматовга тўртинчи бор қитъанинг энг зўр ҳаками, мукофоти топширилди.

“Қитъанинг энг яхши футболчиси” совринини Осиё Футбол конфедерацияси ва ФИФА президентларидан қабул қилиб оларкан, Сервер , “ушбу мукофотни қўлга киритиш ҳар бир ўйинчининг орзуси экани, иккинчи бор ушбу шарафга лойиқ кўрилганидан аввалгидан кўра ҳам бахтиёрроқ экани, ҳали олдинда яна қойилмақом ўйинлар кўрсатиш ниятида”эканини айтган.

Сервер Жеппаров ушбу мақомга даъвогарлик қилаётган ягона Марказий Осиё минтақаси вакили эди.

Ўзбекистонлик сара футболчи 2008 йилда ҳам "Осиёнинг энг яхши ўйинчиси", деб топилганди.

Сервер Жеппаров "Осиёнинг энг яхши ўйинчиси" бўлиш билан бирга бир неча бор "Ўзбекистоннинг энг зўр футболчиси", деб ҳам топилган.

Рўйхат

Сервердан ташқари янги рўйхатда яна Осиё қитъаси давлатларидан бўлган ўндан ортиқ футболчи бор эди.

Улардан аксариятини Жанубий Корея ва Япония вакиллари ташкил этишарди.

Аммо, айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Осиё футбол конфедерациясининг қатъий қонун-қоидаларига мувофиқ, соврин фақат Куала-Лумпурдаги маросимга шахсан ташриф буюрганларгагина насиб этади.

Бу йилги маросимга рўйхатдаги номзодлардан фақат Сервер Жеппаров ва эронлик футболчи Хади Агилиларгина ташриф буюра олишган, холос.

Бу каби ҳолат бир қадар тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани боис, конфедерация ўз тартиб-қоидаларини бекор қилиши мумкинлигига ҳам ишора қилган.

Сервер Жеппаров

Агар ўтган йилги расмий маълумотларга қараладиган бўлса, Сервер Жеппаров "Пахтакор" ва "Бунёдкор" сафларида Осиё чемпионлари лигасида ўтказган 58 учрашувида рақиблари дарвозасига саккизта тўп киритган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафларида киритган тўплари сони эса, ўндан ортади.

Шу йилнинг июл ойида Саудия Арабистонининг "Ал-Шабаб" клуби билан уч йилга шартнома имзолаб, Сервер ўзбекистонлик энг қиммат легионер футболчига айлангани айтилганди.

"Бунёдкор" юлдузи сўнгги мавсумни Жанубий Кореянинг "Сеул" жамоасида ўтказганди.

Сервер тўп сурган йил "Сеул" ўтган ўн йил бадалида илк бор яна Жанубий Корея чемпиони бўлганди.

Аммо Жанубий Корея Олий лигасида ўттиздан ортиқ учрашув ўтказган бўлса, бор-йўғи бир маротаба тўп киритишга муваффақ бўлган, холос.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сервер Жеппаров сардорлиги остида Қатарда бўлиб ўтган 2010 йилги Осиё Кубогида қойилмақом ўйин кўрсатиб, ўз тарихида илк бор қитъанинг энг яхши тўрт жамоаси сафларига кирганди.

"Осиёнинг энг зўр ўйинчиси", деб топилган 2008 йилда эса, "Бунёдкор" клуби Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Бу мавзуда батафсилроқ