Бразилия 2014: Ўзбекистон муддатидан илгари кейинги босқичга чиқди

Футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг Осиё қитъасидан учинчи босқич саралаш беллашувларини давом этдираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун ўз майдонида Шимолий Кореяни мағлуб этиб, тўрт карра Осиё чемпиони Япония билан бирга муддатидан илгари кейинги босқичга чиқди.

Ҳар икки миллий терма жамоа учун ҳаёт-мамот учрашуви бўлган ўйин Тошкент вақти билан соат 18:00 да "Пахтакор" стадионида бошланди.

Учрашувнинг биринчи қисми 0:0 дуранг ҳисоби билан якунланди.

Аммо аёвсиз кечган ўйиннинг 49-дақиқасида Тимур Кападзе томонидан урилган ягона тўп Ўзбекистон миллий терма жамоасига ғалаба келтирди.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Аҳрор Имомхўжаев ўйин ортидан, "Пахтакор" стадионидан туриб берган интервьюсида айтишича, 90 дақиқа майдонда кўрсатган жонбозлиги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабасини таъминлади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аҳрор Имомхўжаевга кўра, бугунги учрашувни томоша қилган ўн минглаб ишқибозлар ўз футболчиларининг шонли ғалабасини байрам қилишмоқда.

"Ҳамма хурсанд. Ўзбекистон миллий терма жамоаси анчадан бери бунақанги чиройли ўйин намойиш этиб, чиройли ғалабага эришмаганди. Шимолий Корея устидан ҳам меҳмонда, ҳам мезбонда ғолиб чиқа олиш бу - Ўзбек футболи келажагининг буюклигига далолат қилади", дейди у .

Ўзбекистонлик футболчилар сўнгги беллашувларида ҳам айнан шимолий кореялик рақибларини ўз майдонларида 1:0 ҳисобида енгишга муваффақ бўлишганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учинчи босқич саралаш беллашувларидаги дастлабки ўйинларини бир дуранг ва икки ғалаба билан якунлаган.

Яъни Япония билан дуранг натижа қайд этиб, Тожикистон ва Шимолий Кореяни меҳмонда мағлуб этишга муваффақ бўлган.

Улар энди ҳар тўрт ўйиндан жаъми 10 очко тўплаб, фақат тўплар ҳисобидаги фарқ билангина, "С" гуруҳида тўрт карра Осиё чемпиони Япониядан кейин 2-ўринни эгаллаб туришибди.

Тожикистонни енгиб, Япония ва Ўзбекистонга енгилган Шимолий Корея эса, ҳозирча бор-йўғи 3 очко билан учинчи ўринда бормоқда.

Аммо Шимолий Корея миллий терма жамоаси бош мураббийси Юн Жонг Су сўнгги мағлубиятларидан етарлича сабоқ чиқаришгани ва бугун ўз халқини хурсанд қилиш истагида эканини айтганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов эса, Шимолий Кореяга қарши ўйинда ўзларини ғалабадан ўзгаси қониқтирмаслигини баён қилганди.

Шогирдларининг ҳозирлигидан кўнгли тўқ эканини баён қилган Вадим Абрамовнинг кетма-кет ёққан қор туфайли "Пахтакор" стадионининг ҳозирги аҳволидан қилган ташвишлари ўзини оқламади.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Аҳрор Имомхўжаев учрашув арафасида берган суҳбатида бугунги ўйинда қандай натижа қайд этилишидан қатъиназар, мамлакат миллий терма жамоаси Япония билан бирга барибир кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолишини айтганди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Об-ҳавонинг совуқлиги ва ёққан қорга қарамай, бугунги ўйинни "Пахтакор" стадионида 40 мингдан ортиқ ишқибознинг томоша қилиши кутилганди.

Масъулларга кўра, Шимолий Кореяга қарши ҳал қилувчи учрашувга барча чипталар аллақачон сотилиб кетган.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг ҳам кўтаринки руҳда эканликлари, беллашувни орзиқиб кутишаётганликлари айтилганди.

"С" гуруҳидаги бугун бўлиб ўтган иккинчи жавоб учрашувида эса, қўшни тожикистонлик футболчилар ўз майдонларида япониялик рақибларини қабул қилишди.

Ўтган гал тожикистонлик рақибларини ўз тарихида энг йирик - 0:8 ҳисоби билан мағлуб этган Япония миллий терма жамоаси бу гал яна 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Тўрт ўйиндан 10 очко тўплаб, Япония миллий терма жамоаси "С" гуруҳидаги пешқадамлик мавқеини янада мустаҳкамлаб олди.

Ҳамма учрашувларини бирдек бой берган Тожикистон миллий терма жамоаси ҳисобида эса, бирорта ҳам очко йўқ.

Аммо бугунги учрашувда Тожикистон жамоаси таркибида ўзгаришлар бўлгани, уларнинг япониялик рақибларига муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишлари айтилганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳалича ўз тарихида Жаҳон чемпионатининг финал босқич беллашувларига чиқишга муваффақ бўлмаган.

Аммо жамоа бу гал ўз олдига олий мақсадларни қўйган ва мутахассислар ҳам ўзбекистонлик футболчиларнинг имкониятлари ҳар қачонгидан кўра ҳам яхшироқ эканини таъкидлашмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учинчи босқич саралаш беллашувларида ҳали яна Тожикистон ва Японияга қарши иккита учрашув ўтказиши лозим.

Аммо бу беллашувлар натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, ўзбекистонлик футболчилар энди тўртинчи давра саралаш босқич учрашувларида тўп сурадиган бўлишди.

Саралаш босқич беллашувларида қатнашиш истагини билдириб эса, Осиё қитъасидан жаъми 43 давлат ариза топширганди.

Шуларнинг орасидан Марказий Осиё минтақасини ҳозирги босқичда фақат Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоалари намоён этишмоқда.

Улар “омон қолган” 20 миллий терма жамоа қаторида 2014 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та ўрин учун кураш олиб боришмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ