Равшан Эрматов ҳакамлик қилган ўйинда 'Барса' ғолиб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Барселона" икки бор Жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, клублар орасида янги рекорд ўрнатди

Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг финал босқичида Бразилиянинг "Сантос"ини йирик ҳисоб билан мағлуб этган Испаниянинг наҳанг "Барселона"си иккинчи бор дунёнинг энг зўр клубига айланди.

Япониянинг Йокогама шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда "Барса" рақибини 4:0 ҳисобида яксон этди.

"Ниссан" стадионидаги ўйинни ўзбекистонлик донгдор ҳакам Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати бошқарди.

Испанияликлар беллашувнинг биринчи қисмидаёқ ўзларининг нималарга қодирликларини исботлаб қўйишди.

"Сантос" дарвозасини забт этган тўртта тўпдан учтаси дастлабки 45 дақиқанинг ўзидаёқ киритилди.

Учрашувнинг биринчи ва якуний тўпини учинчи бор "Жаҳоннинг энг зўр футболчиси" мақомига даъвогарлик қилаётган Лионел Месси ўз ҳисобига ёзди.

"Барселона" сўнгги ғалабаси ортидан турнир рекордсменига ҳам айланди.

Испания наҳангига қадар бирор бир жамоага икки бор клублар ўртасида Жаҳон чемпиони бўлиш насиб этмаган.

"Барса" ярим финалда бу йилги Осиё чемпиони, Қувайтнинг "Ал-Садд"ини ҳам худди шундай ҳисоб билан мағлуб этганди.

Карлес Пуйол жамоасининг финалдаги ғалабасини "Ал-Садд"га қарши ўйинда оёғини синдириб олган юлдуз ҳужумчилари Давид Вильяга бағишлаган.

У, "Майдонда қойилмақом футбол намойиш этганликлари"ни айтган.

Бразилиянинг тилга тушиб келаётган ёш юлдузи Неймар ҳам "Барса"нинг маҳоратига тан берган.

"Барселона"ни тўхтатиб бўлмайди. Клуб ўзининг ажойиб футболчилари билан ҳозир дунёдаги энг зўр жамоадир".

Равшан Эрматов эса, 2008 йилда ҳам Японияда бўлиб ўтган клублар орасидаги Жаҳон чемпионатининг финал беллашувига ҳакамлик қилган ва ўзининг маҳорати билан тилга тушганди.

Ўзбекистонлик донгдор ҳакам куни-кеча Қувайтнинг "Ал-Садд" жамоаси ғолиб чиққан Осиё Чемпионлар лигасининг якуний учрашувини ҳам бошқарганди.

Бу мавзуда батафсилроқ