Одил Аҳмедов 'Ўзбекистоннинг энг зўр футболчиси' деб топилди

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сара ўйинчиси, "Пахтакор" клубининг собиқ сардори ва жорий пайтда Россиянинг бойвачча "Анжи" клубида тўп сураётган Одил Аҳмедов 2011 йилда "Ўзбекистоннинг энг қойилмақом ўйинчиси", деб топилди.

Одил Аҳмедов ушбу шарафли унвонга даъвогарликда икки карра "Осиёнинг энг зўр футболчиси" Сервер Жеппаров ва Александр Гейнрихларни ортда қолдириб кетди.

Ўзбекистонда жорий йилнинг энг яхшилари спорт мавзуларини изчил равишда ёритиб келаётган 100 дан ортиқ журналистнинг берган овози ортидан аниқланган.

Овозларни ҳисоблаш жараёни ортидан маълум бўлишича, Одил Аҳмедов 258 очко, Сервер Жеппаров 137 очко ва Александр Гейнрих 116 очко тўплашга муваффақ бўлган.

Ушбу танлов асосида Ўзбекистон миллий ва Олимпия терма жамоалари бош мураббийси Вадим Абрамов "Йилнинг энг зўр мураббийси" ва кетма-кет тўрт бор "Осиёнинг энг зўр ҳаками" Равшан Эрматов эса, "Энг қойилмақом ҳаками", деб топилган.

Шогирдлари сўнгги Жаҳон чемпионатининг сенсациясига айланган Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси мураббийси Алексей Евстафеев ва ўйинчилари бу йил Марказий Осиё тарихида илк бор Осиё Футбол Конфедерацияси Кубогини қўлга киритган "Насаф" клуби мураббийси Анатолий Демьяненколар эса, иккинчи ва учинчи ўринлар билан кифояланишган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Вадим Абрамов бошчилигида сўнгги Осиё Кубогида ўз тарихларида илк бор ярим финалгача чиқишга муваффақ бўлишган ва қитъанинг энг юқори тўртлиги сафларидан жой эгаллашганди.

Биз ғолибларни мукофотлаш маросими ортиданоқ Одил Аҳмедов билан боғланиб, энг аввало сўнгги янгилик ўзи учун қанчалик кутилмаган бўлганини сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Image caption Ўзбекистон миллий терма жамоаси юлдузи ўз вақтида Ривальдони ҳам ортда қолдириб, "Ўзбекистоннинг энг зўр футболчиси", деб топилганди

Одил Аҳмедов бундан бир неча йил бурун ўша пайтда Тошкентнинг "Бунёдкор" клубида тўп сурган дунё футболи юлдузи Ривалдони ҳам ортда қолдириб, Ўзбекистонда йилнинг 'Энг зўр футболчиси,' деб топилганди.

У Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги Осиё Кубогидаги учрашувларида яхшигина ўзини кўрсатиб, мезбон Қатар ва Хитой билан ҳал қилувчи ўйинда муҳим тўпларнинг муаллифига айланганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Одил Аҳмедов ҳам салмоқли улуш қўшган ютуқлари ортидан илк бор мамлакат футболи тарихида ўйинларнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлганди.

Бунинг ортидан Одил Аҳмедовга "Монако", "Малага", "Болтон", "Рубин" (Қозон), "Динамо"(Киев), "Бешиктош" ва Саудия Арабистонининг манаман деган клубларида таклифлар тушгани хабар берилганди.

Ўзбекистонлик футболчилардан деярли ҳеч қайсиси сўнгги Осиё Кубоги ўйинлари ортидан узоқ, яқин хорижий клублар томонидан бунчалик катта қизиқишга сабаб бўлмаган.

Россиянинг бойвачча "Анжи" (Махачқалъа) клуби шу йил сентябр ойида Ўзбек миллий терма жамоаси юлдузи Одил Аҳмедов билан расман тўрт йилга шартнома имзолаган.

Одил Аҳмедов "Анжи"да Самуэль Это'О ва Роберто Карлос каби жаҳон футболи юлдузлари билан тенгма-тенг ва ёнма-ён тўп сурмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ