Руслан Чагаев нокаутчи рақиби Менсуэллни мағлуб этди - эксклюзив суҳбатимизда

Профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев ўзининг бу йил ҳисобидан ўтказган илк рейтинг жангида тринидад ва тобаголик рақиби Кертсон Менсуэлл устидан мутлақ ғалаба қозонди.

Кечаги ғалабаси ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида Руслан Чагаев жанг ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳакамлар саккиз раунд давом этган жангда Руслан Чагаевнинг бўйи ва вазни ўзидан ортиқроқ бўлган рақибини яққол устунлик билан мағлуб этганини бир овоздан эътироф этишди.

Профессионал рингда ўтказган 25 та жангидан 17 тасини нокаут билан енган рақиби Кертсон Менсуэлл Русланнинг чап қўли билан берган кучли зарбалари қаршисида ип эшолмай қолди.

Русланнинг чап қўли билан берувчи зарбаларининг кучи барча бокс мутахассислари томонидан бирдек эътироф этилган.

У сўнгги раундда рақибини нокдаун этишга ҳам муваффақ бўлди, аммо Кертсон жангни сўнггига қадар давом этдиришга ўзида куч топа олди.

Руслан Чагаев - Кертсон Менсуэлл, жанг қандай кечди? - фоторепортаж

Ўзбекистонлик донгдор боксчи шанба кунги жанги арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган интервьюсида ғалаба қозонишига ишончи комил экани, рақибини маҳв этиш учун ўз тактикаси борлигини айтганди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу – Русланнинг ўтган йил жаҳон чемпионлиги учун курашда россиялик рақиби Александр Поветкинга ютқазиб қўйиши ортидан қўлга киритган илк ғалабасидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Руслан қарийб тенгма-тенг кечган ўша жангда ҳам Александр Поветкинга фақат очколар ҳисобига мағлуб бўлганди, холос.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охири ё келаси йил бошларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун беллашмоқчи.

У ана шу мақсадда бу йил яна қатор жанглар ўтказиш режасида.

Руслан Чагаев бундан беш йил бурун россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган эди.

Бунинг ортидан, ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя этишга ҳам муваффақ бўлганди.

Аммо 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг вазн тоифасида Жаҳон чемпиони украиналик рақиби Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

Руслан Чагаев профессионал рингда жаъми 31 та жанг ўтказиб, шундан 28 тасида ғалаба қозонган.

Руслан ўз вазн тоифасида ҳам профессионал ва ҳам ҳаваскор боксда дунёдаги энг кучли боксчилардан бири сифатида тан олинади.

У бир неча йилдан буён Олмониянинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

Клуб кеча шанба куни Гамбургдаги беш юлдузли Grand Elysée меҳмонхонасида уюштирган бокс кечасида Русланникидан ташқари, яна 11 та жанг бўлиб ўтган.

Бу мавзуда батафсилроқ