Юлдуз Дидье Дрогбанинг ойиси ошпазлик қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Клотилда хоним ошпазлик қилиш билан мамлакатини қўллаб-қувватлаётганини айтади

Ўғли Дидье Дрогба Африка Кубоги ўйинларида мамлакатининг шарафини ҳимоя этаркан, ойиси Клотилда Дрогба Фил Суяги қирғоғи миллий терма жамоаси ишқибозларини таом пишириб, сийламоқда.

Хабарларга кўра, юлдуз футболчининг волидаси ўйинларга ҳаммезбонлик қилаётган Экваториал Гвинея пойтахти Малабо сарҳадларидаги стадион чеккасида қўлбола ошхона тиклаб олган.

Клотилда Дрогба " ўз хўрандалари"ни товуқ ва балиқдан пиширилган гуручли таомлар, аччиққина соуслар билан меҳмон қилади.

Ўғли эса, қолган жамоадошлари билан бирга меҳмонхонада танаввул этади.

Дрогба хоним 2006 йилги Жаҳон чемпионати даврида ҳам ишқибозлар учун енг шимариб, "ошпазлик" қилган.

Дидье Дрогба Фил Суяги қирғоғи давлатидаги энг машҳур одамлардан бири.

У юлдуз футболчи бўлишдан ташқари, ватанидаги сиёсий бўҳронга барҳам бериш учун Муроса ва Мулоқот ҳайъатини ҳам ташкил қилганди.

Миллий терма жамоаларининг Экваториал Гвинеяда бўлиб ўтаётган дастлабки учрашувларини томоша қилиш учун у ерга олтмишга яқин ишқибоз борган.

Улар ҳар куни юлдуз футболчиларининг ойиси пишираётган таомларни паққос тушириш учун бир дастурхон атрофига йиғилишади.

Бу менинг ишим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Клотилда хоним ўғлининг ҳашаматли меҳмонхонадан танаввул этаётганига ҳам хафа эмас

"Ҳар ким ўзи ёқтирган ишни қилади", дейди миллий терма жамоасига рангдош бўлиб норинж рангли футболка кийиб олган Клотилда хоним.

У ошпазликни юлдуз ўғли учун эмас, мамлакатини қўллаш учун қилаётганини айтади.

Дрогба хонимнинг айтишича, пиёзу помидор тўғраш орасида миллий терма жамоасининг қўли баланд келган дастлабки икки учрашувини мазза қилиб томоша қилишга муваффақ бўлган.

У агар Дидье жамоадошлари билан Африка кубоги ўйинларининг ярим финалига чиқа олишса, шундоққина стадион чеккасидан туриб, ишқибозлик қилишга умид қилмоқда.

Клотилда хонимнинг айтишича, ўғлининг ўз қўллари билан пиширган таомларининг ўрнига, фақат ҳашаматли меҳмонхонадан овқатланиши шарт эканига оид тартиб-қоидаларни бузиш нияти йўқ.

У уйда пиширилган овқатларсиз ҳам, Дидье бошчилигида Фил Суяги қирғоғи миллий терма жамоасининг Африка кубогини қўлга киритишига ишончи комил.

Чунки кўплаб футбол шарҳловчилари ҳам буни олдиндан башорат этишмоқда.

"Миллий терма жамоамиз қойилмақом ўйин намойиш этаяпти ва ягона тилагим уларнинг турнирда ғалаба қозонишларидир", деб айтган Клотилда Дрогба хоним.

Бу мавзуда батафсилроқ