Президент Каримов норинж инқилобидан буён илк бор Украинага сафар қилади

Image caption Президент Каримов Украинадаги норинж инқилобини қоралаган

Ўзбекистон раҳбарининг 2004 йилдаги норинж инқилобидан буён илк марта Украинага сафар қилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Константин Гришенконинг Тошкентга ташрифи ортидан маълум қилинган.

Украин вазирининг матбуот котиби Александр Дикусаровнинг Киевда ўтган матбуот анжуманида билдиришича, Тошкент ва Киев қарийб 9 йиллик танаффусдан сўнг олий даражадаги сиёсий маслаҳатлашувларни қайта бошлашга келишган.

Матбуот котибига кўра, жаноб Гришенко Тошкентда Президент Каримов ва бошқа ҳукумат мулозимлари билан учрашган.

Ташриф кун тартибидаги асосий масала энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўлгани айтилади.

Газ борасида Россияга қарам бўлган Украина собиқ Президент Виктор Юшченко даврида Марказий Осиёнинг газга бой давлатлари билан тўғридан-тўғри музокараларни бошлаган эди.

Бундай музокараларнинг биринчиси Туркманистон билан бўлиб ўтган.

Россия Украинага сотадиган газнинг асосий қисмини туркман гази ташкил этиши айтилади.

Украин томонининг айтишича, Президент Каримов 2012 йилда Киевга ташриф буюриш ҳақидаги таклифни қабул қилган.

Ташрифнинг аниқ санаси эълон қилинмаган.

'Синалган ҳамкор'

Украина Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериги ҳисобланади.

Икки давлат 1994 йилда эркин савдо ҳақидаги шартномани имзолаган, аммо 1996 йилдан кучга кирган шартнома 1998 йилга қадар амал қилган, холос.

Шундан сўнг икки томон эркин савдо тартибини чеклаб қўйган.

Икки давлат бош вазирлари Шавкат Мирзиёев ва Виктор Янукович 2004 йил июнида Тошкентда савдо чекловларини бутунлай бекор қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолашган.

Аммо 2004 йил кузида Украинада юз берган норинж инқилобидан сўнг, сиёсий соҳада бўлгани каби иқтисодий ва савдо соҳасидаги алоқалар ҳам совуқлашиб кетган.

Россия Президенти Путиннинг ортидан Президент Каримов зиддиятли сайловларда ғалаба қозонганини даъво қилган жаноб Януковични табриклаган.

Ўзбекистон раҳбари Украина ва аввалроқ Гуржистонда юз берган рангли инқилобларни қоралаган ва уларнинг ортида ғарб турганини иддао қилган.

Виктор Януковичнинг Президент этиб сайланиши билан Тошкент ва Киев ўртасидаги алоқалар қайтадан жонлана бошлагани кузатилади.

Украин Ташқи ишлар вазирини қабул қиларкан, жаноб Каримов Украина "вақт синовидан ўтган ҳамкор" эканини таъкидлаган.

Президент Каримов Украинага сўнгги бор 2003 йилда, МДҲ раҳбарларининг Ялтада ўтган норасмий саммити чоғида сафар қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ