Бирлашган Араб Амирликлари Австралияни ютди, буёғи нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сўнгги ғалабаси ортидан Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистонни ортга суриб, биринчи ўринга кўтарилиб олди

Ўз майдонида австралиялик рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этган амирлик ёшлари ўзбекистонлик футболчилардан ўзиб, “Ўлим” гуруҳида биринчи ўринга чиқиб олишди.

Учинчи босқич саралаш беллашувларининг бешинчи тур учрашувига қадар тўрт ўйиндан 8 очко тўплаган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси гуруҳда етакчилик қилаётганди.

Аммо ўзбекистонлик футболчилар шу ҳафта сешанба куни сафарда бўлиб ўтган ҳал қилувчи учрашувда ироқлик рақибларига 2:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, учинчи босқич саралаш беллашувлари натижасига мувофиқ, ўз гуруҳида биринчи ўринни олган жамоа шу йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.

Ҳозир гуруҳда илғорлик қилаётган Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобидаги очколар сони сўнгги учрашув ортидан 11 тага етди.

Бу ўзбекистонлик футболчилар шу пайтга қадар тўплаган очколардан 3 тага кўпдир.

Ўз гуруҳида иккинчи ўринни олган уч жамоа эса, яна плей-офф беллашувларида иштирок этиши лозим бўлади.

Вьетнамда бўлиб ўтажак ўйинлар ғолиби Сенегалга қарши майдонга тушади.

Тўртинчи йўлланма тақдири худди ана шу учрашувда ҳал бўлади.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун эса, Осиё қитъасига бор-йўғи тўртта йўлланма ажратилган, холос.

Сўнгги имконият

Image caption Сўнгги учрашувини Ироққа бой бериб қўйган ўзбекистонлик футболчилар ҳозирча иккинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлишмоқда

Ўзбекистонлик футболчилар ўз тарихларида илк бор шундай шарафга эга бўлиш имкониятига жуда яқин эдилар.

Аммо ФИФАнинг Ироққа техник мағлубият, Бирлашган Араб Амирликларига 3:0 ҳисобида ғалаба ёзишга оид 8 февралдаги қарори ҳам Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг қилган меҳнатларини деярли йўққа чиқарди.

Футбол мутахассислари ўзбекистонлик футболчиларда ҳали ҳам имконият борлиги, аммо бу бир томондан Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги учрашув натижасига боғлиқ бўлишини айтишганди.

Энди эса, Лондон Олимпиада Ўйиларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш учун ўзбекистонлик футболчилар сўнгги учрашувларида айнан Бирлашган Араб Амирликларини енгишлари шарт бўлади.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, ҳар икки жамоа урган ва ўтказиб юборган тўплар ҳисобига кўра, кичик ҳисобдаги ғалаба ҳам Ўзбекистон Олимпия терма жамоасини ўйинларга олиб чиқади.

14 мартга белгиланган ўйин Тошкентда бўлиб ўтади.

Ёшлар ўртасидаги сўнгги Жаҳон чемпионати ва Осиё Ўйинларидаги натижаларини назарда тутиб, ўзбекистонлик мураббийларнинг ўзлари ҳам амирлик ёшларининг нималарга қодирлигини тан олишган.

Ироқ ва Австралия Олимпия терма жамоалари эса, ҳисобларида яна бир учрашув қолганига қарамай, аллақачон гуруҳдан чиқиш умидини узиб бўлишган.

Хўш, буёғи нима бўлади? Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ўз олдига қўйган вазифани уддалай оладими? Суҳбатдошим ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ