ФИФА футболчиларнинг ҳижобига рози, фақат ...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Шанба кунги йиғин ортидан маълум бўлишича, ФИФА умуман олганда ҳижобга қўйилган тақиқни бекор қилишга рози...

Халқаро Футбол Уюшмаси муслима футболчиларнинг майдонга ҳижобда тушишларига умуман олганда қарши эмаслиги, фақат бу хусусдаги якуний қарорини бироз кечроқ, яъни шу йил июл ойида бериши айтган.

Бу ҳақда Халқаро Футбол Уюшмаси Кенгашининг 3 март куни бўлиб ўтган йиғини ортидан маълум бўлган.

ФИФА (Халқаро Футбол Уюшмаси) "муслима футболчиларнинг хавфсизликларини ўйлаб", 2007 йилда уларнинг ҳижобда тўп суришларини тақиқлаб қўйганди.

Ўтган пайшанба куни эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ФИФАдан ўша тақиғини бекор қилиб, муслима футболчиларнинг майдонга ҳижоб билан тушишларига рухсат беришини сўраганди.

Лондон жанубида бўлиб ўтган йиғинда ушбу таклифни ФИФА ижроий қўмитасининг энг ёш аъзоси, Иордания шаҳзодаси Али ал-Ҳусайн тақдим этган.

Қойилмақом чиқиш

Йиғинга мезбонлик қилган Англия Футбол Уюшмаси Бош котиби Алекс Ҳорннинг айтишича, "Шаҳзода Алининг қойилмақом чиқиши ортидан, тақиқни олиб ташлашга умумий маънода бир овоздан рози бўлишган".

Бироқ, унга кўра, "ФИФА ўзининг тиббиёт қўмитасини ҳам ўз ичига олувчи ишчи гуруҳи ташкил этади. Улар эса, таклиф этилган янгича русумдаги спорт ҳижобининг қанчалик хавфсиз эканига борасида якуний тўхтамга келишади ва шунга қараб, 2 июл куни бу хусусда ўзларининг қатъий қарорларини айтишади".

Муслима футболчиларнинг ҳижобда майдонга тушишлари билан боғлиқ масала бундан беш йил бурун, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада ўйинларининг саралаш босқич мусобақалари чоғида ўртага чиққанди.

Ҳижобларини ечишдан бош тортишгани учун, Эрон миллий терма жамоасининг Иорданияга қарши ўйини учрашув бошланишига саноқли дақиқалар қолган бир пайтда бекор қилинганди.

Таклифни қўллаганлар...

Тақиқни бекор қилиш таклифини фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёқламаганди.

Африка Футбол Конфедерацияси президенти Исса Ҳаяту ва Осиё Футбол Конфедерацияси ижроий раҳбари Жанг Жилонглар ҳам ушбу ташаббусни қўллаб чиқишганди.

Бундан ташқари, дунёдаги энг нуфузлиларидан бири саналувчи Англия премьерлигасида тўп сурувчи қатор футболчилар ҳам бунга хайрихоҳ эканликларини билдиришганди.

"Ҳафсаламизни пир қилманг"

Ўтган пайшанба куни Лондонда журналистларга сўзларкан, шаҳзода Али ФИФА ўз чекловини бекор қилмаса, миллионлаб аёлларнинг ҳафсалалари пир бўлишини айтган.

Унга кўра, "Бу дин эмас, маданият билан боғлиқ масала бўлгани учун ҳам, унинг ҳал этилмоғи ниҳоятда муҳим".

"Агар ФИФА, "Йўқ", деб жавоб берадиган бўлса, ўзимнинг ҳам ҳафсалам пир бўлади. Чунки бу масала яна қачондир барибир кун тартибига чиқади. Мен ФИФАнинг ижобий қарор беришига умидворман", деганди шаҳзода Али.

Ташаббускорлар Халқаро Футбол Уюшмаси Кенгашини рози қилиш учун, уларга янгича тархдаги спорт ҳижобларини тақдим этишган.

Ҳозир енгил атлетика, регби, қиличбозлик, воллейбол ва таэквондо мусобақаларида спортчиларнинг ҳижобда бўлишларига рухсат берилади.

Иордания шаҳзодаси Алининг айтишича, энди футбол ҳам замон билан ҳамнафас юра олишини кўрсатиши лозим.

Тўрт нафар ФИФА ва яна шунча сондаги Британия футбол уюшмалари(Англия, Шотландия, Шимолий Ирландия ва Уэльс) аъзоларидан ташкил топган Халқаро Футбол Уюшмаси Кенгаши эса, анчайин анъанадор ва ўз қонунларини осонлик билан ўзгартирмаслиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ