BBC navigation

Футболчи Фабрис Муамбанинг "қайта тирилиши" мўъжиза дея баҳоланмоқда

Сўнгги янгиланиш 22 март 2012 - 16:32 GMT

Фабрис Муамба аввал ҳеч қачон юрагидан шикоят қилмаган

Англиянинг Болтон футбол жамоаси ўйинчиси Фабрис Муамба ҳақида янги тафсилотлар қалқиб чиқар экан, унинг ҳикояси янада ажойиб тус олмоқда.

Уни энди баъзилар ҳатто "мўжизавий одам" дея тасвирлашмоқда.

23 ёшли футболчи ўтган шанба куни Тоттенҳам жамоасига қарши матч чоғида, соат 18:13да майдонда ҳушсиз йиқилди ва унинг юраги 19:31гача урмади.

Болтон клубининг шифокори у 78 дақиқа давомида "ўлик ҳолда" бўлганини айтди.

Лекин, бунинг қандай иложи бор?

Муамбага нима бўлгани борасида ҳали ҳамма тафсилотлар юзага чиқмаган.

Лекин, унинг яна ҳаётга қайтишида катта рол ўйнаган инсонлар таҳминидаги ва энг эҳтимолга яқин изоҳ дея унинг юраги тўхтаган бўлса ҳам, қайсидир даражада яшашни давом эттиргани айтилмоқда.

Кўп ишқибозлар ва футболчилар қатори Роналдо ҳам Муамбага омад тилади. Унинг майкасида "Муамба, тезроқ тузалгин" деб ёзилган

Унинг юраги тўхтаб қолганда, юрак мушакларининг ҳаракатлари тўхтаган ва танаси бўйлаб қонни тарқатмай қўйган.

Аммо, ҳатто бу юз берганда ҳам, юракда оз миқдордаги электрик жараёнлар давом этиши мумкин.

Агар Муамбада ҳам шу юз берган бўлса, унинг юрагидаги электрик жараён турлича кўриниш касб этган бўлиши мумкин.

Юрак ўта кескин даражадаги ритмга тушиб қолган бўлиши эҳтимоли бор. Бу юрак қоринчаларининг фибрилляцияси, яъни милтиллаши дея ном олган. Унда юрак елимшакка ўхшаб қалтирайди.

Яна бир эҳтимол дея юрак қоринчаларининг тахикардияси илгари сурилмоқда. Бунда юрак буткул издан чиқиб кетади.

Учинчи изоҳга биноан эса, Муамба юраги пульссиз электрик жараённи ишлаб чиқарган ва унда юрак мушаклари қимирламасада, маълум тартибда юрак уруши давом этган.

Баъзи ҳолларда бир инсон юрагида учала жараён ҳам бирин-кетин юз бериши мумкин.

Бундай вазиятда зудлик билан юракни жонлантириш муолажасини бошлаш керак.

Муолажа бошланганда қон тана бўйлаб сунъий равишда айлана бошлайди, шифокорлар эса юракни қандай қилиб нормал йўлга тушириш бўйича қарор қилишлари мумкин бўлади.

Юракни жонлантиришнинг ҳар бир дақиқага кечиктирилиши хастанинг қайта жонланиш имкониятларини 10 фоизга кесиши мумкин.

Шу жиҳатдан, Муамба омадли бўлган дейиш мумкин.

У Вайт Харт Лейн стадионида ҳушидан кетган вақти, атрофда яхши тайёргарликдан ўтган ва юракни жонлантириш жиҳозларига эга тиббий жамоа ҳозир эди.

Ундан ташқари, томошабинлар ичида бўлган кардиолог шифокор бир неча сониянинг ичида Муамбага ёрдам учун етиб келишга муваффақ бўлган.

Муамбанинг омон қолишида майдонда ҳозир турган тиббий жамоа ва томошабин кардиологнинг хизмати катта бўлди

Буларнинг ҳаммаси футболчи зудлик билан тиббий кўмак олганини англатади.

Бироқ, юракни жонлантириш муолажаси етарли эмас. Бу муолажа ёрдамида юраги тўхтаган одамнинг омон қолиш шанси фақат 5 фоизга тенг.

Майдонда жонсиз ётар экан, футболчига кислород берилган ва дефибриллятор билан уч марта электрик токи урилган.

Бундан мақсад юракни қайта ишлатиш бўлган.

Кўп ўтмай, Муамба яқин орада тайёр турган тез ёрдам машинасига кўчирилган ва касалхонага олиб кетилган.

У юраги тўла ишлай бошлашидан аввал 12та электрошок олган.

Лекин, у ўлган эди дейиш мумкинми?

"Унинг ҳаёти бир ипда осиғлиқ турганди дейиш мумкин. Инсонда юрак тўхтаб қолса, ва унда ҳеч электрик жараён кечмаса, бу инсонни қайта ҳаётга қайтариш жуда қийин бўлади", - дейди Британия юрак жамғармаси мутахассиси Кети Росс.

"Лекин, агар қандайдир юрак функцияси давом этаётган бўлса, унда бу инсонни тирилтириш йўлида ҳаракат этишда давом этаверасиз. Етмиш саккиз минут бу жуда узоқ вақт, лекин авваллари ҳам бундай ҳолатлар бўлган", - дея қўшимча қилади Росс хоним.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.