Вадим Абрамов: 'Энг асосийси - биз ғалаба қозондик...' - эксклюзив

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг дастлабки плей-офф учрашувида Сурияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиши ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида бош мураббий Вадим Абрамов кўрсатган қатъиятлари учун шогирдларидан мамнун эканлигини айтди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиадасига Осиё қитъасига ажратилган тўртта йўлланмадан сўнггисини қўлга киритиш учун суриялик рақибларига қарши майдонга тушганди.

Сурия ва Ўзбекистон ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан соат 18:00 да пойтахт Ханойдаги "Май Дин" стадионида бошланди.

Тўпларни Кенжа Тўраев (73), Олег Зотеев (88) — Шаҳин (14)лар ўз ҳисобига ёзишди.

Бу- Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг сўнгги босқич саралаш учрашувларидаги кетма-кет мағлубияти ортидан эришган илк ғалабасидир.

Биз учрашув ортиданоқ Ханойдан Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов билан боғланиб, учрашув ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик:

Вадим Абрамов: Энг асосийси - биз ғалаба қозондик. Мен болалардан ниҳоятда миннатдорман. Улар шундайин оғир ўйинни ўз фойдаларига ҳал этишга муваффақ бўлишди. Бизни қандайдир омадсизликлар ҳам таъқиб этади. Йўқ ердан тўп ўтказиб юборамиз. Негалигини билмайман. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам, учрашувни ўз фойдаларига ҳал этишга муваффақ бўлишгани учун болалардан миннатдорман.

Би-би-си: Демак, бугунги ғалаба шогирдларингизнинг кетма-кет икки мағлубият ортидан плей-офф учрашувларига ҳам руҳан ва ҳам жисмонан ҳозир эканликларини кўрсатади, шундайми?

Вадим Абрамов: Бугунги учрашув болаларни тушкунлик кайфиятидан чиқариши лозим эди. Чунки биз сўнгги ўйинда Бирлашган Араб Амирликларидан аламли мағлубиятга учрадик. Шунинг учун ҳам бу каби ҳолатдан чиқиш осон бўлмади. Бугунги ўйин эса, ўйинчиларда характер борлигини кўрсатди. Умид қиламанки, кейинги учрашувда ҳам ҳаммаси жойида бўлади.

Би-би-си: Аммо Уммонга қарши бор-йўғи 2 кундан сўнг майдонга тушишингизга тўғри келади? Шогирдларингиз лозим даражада дам олишга улгуришармикан?

Вадим Абрамов: Биз ҳаракат қиламиз. Чунки бу ҳақда аввалдан ўйлаб, муайян чораларга ҳам қўл уриб қўйганмиз. Бугун ярим ҳимоямиз одатий таркибда ўйнамади. Шунинг учун ҳам, олдинда бундан қандай фойдаланиш масаласини режалаяпмиз.

Би-би-си: Демак, бўлажак жангга тайёрсиз?

Вадим Абрамов: Сўзсиз, акс ҳолда нима учун футбол ўйнаб юрибмиз. Албатта, тайёрмиз.

Тарихча ўрнида

Уммон, Сурия ва Ўзбекистон орасидаги плей-офф беллашувлари Вьетнамда бўлиб ўтмоқда.

Жорий босқичда сўнгги - учинчи босқич саралаш беллашувларини ўз гуруҳларида 2-ўрин билан якунлаган жамоалар ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда.

Яъни, плей-офф учрашувлари ғолиби 23 апрел куни Сенегалга қарши майдонга тушади ва ким зафар қучса, йўлланма ўша жамоага насиб этади.

25 март куни Сурия ва Уммон ўртасида бўлиб ўтган дастлабки учрашув эса, 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланган.

Мен бугунги учрашув арафасида ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев билан боғланиб, Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг ғолиб чиқиш имкониятлари ҳақидаги фикри билан қизиқдим:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Вьетнамга жўнаб кетиши арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийси Вадим Абрамов плей-офф учрашувларида шогирдларининг ғалабасига ишончи комил эканини айтганди.

Осиё Футбол Конфедерацияси веб саҳифаси келтирган иқтибосларига қаралса, ўзбекистонлик футболчилар ҳам ўтган икки мағлубиятларини унутиб, асосий эътиборларини фақат ғалаба қозонишга қаратишмоқчи.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шу йил феврал ва март ойларида Ироқ ва БАА га қарши бўлиб ўтган ҳал қилувчи икки учрашувида мағлубиятга учраб, Олимпиада Ўйинларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини бой бериб қўйган.

"Ўлим" гуруҳидан дастлабки йўлланма учинчи босқич саралаш беллашувларининг сўнгги тур учрашувида ўзбекистонлик футболчиларни Тошкентда 3:2 ҳисобида мағлуб этган Бирлашган Араб Амирликлари ёшларига насиб этганди.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, 25 март куни плей-офф беллашувларининг дастлабки учрашувида уммонлик рақибларига қарши майдонга тушган Сурия Олимпия терма жамоаси 10 та футболчиси билан ҳам 95-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлган.

Икковлон ўртасидаги учрашув 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланган.

Аммо бу - суриялик футболчиларнинг ўтган 48 соат ичида иккинчи бор майдонга тушишларидир.

Устига устак ўзининг инқилобий мазмундаги қўшиқлари билан Суриядаги халқ исёни рамзига айланган 20 ёшли маҳоратли дарвозабони Абдул Босит Сарут ҳам жамоа сафларида бўлмайди.

Унинг ҳозир қаерда эканини на-да мураббийси ва на-да жамоадошлари билишади.

Бироқ Сурия Олимпия терма жамоаси мамлакатдаги иккита етакчи "Ал-Карама" ва "Ал-Ватба" клубларининг сара ўйинчиларидан ташкил топган.

Ўзбекистон ва Уммон билан таққослаганда, суриялик футболчилар сўнгги босқич саралаш учрашувларини энг кўп - 12 очко билан якунлашган.

Бугунги учрашувни эронлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Бу мавзуда батафсилроқ