Футбол: Ўзбекистон термаси сўнгги йўлланмани ҳам бой берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига Осиё қитъасидан сўнгги йўлланма учун ўз курашини давом этдираётган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳал қилувчи учрашувда Уммонга 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Учрашувнинг 16 - дақиқасида уммонликлар пенальтидан гол уриб, ҳисобни очишди.

27 - дақиқада Уммонда ҳисобни яна биттага ошириш имкони бўлди, аммо ўзбекистонликлар дарвозаси дахлсиз қолди.

Биринчи тайм сўнггида Олег Затеевда ҳисобни тенглаштиришнинг яхши имконияти бўлди, амма зарбаси кучсизлик қилди.

Уммон Олимпия терма жамоаси 46 -дақиқада ҳисобни 2:0 га етказди. Шундай натижа билан ўйиннинг биринчи қисми ўз ниҳоясига етди.

Ўйиннинг иккинчи қисми бошланаркан, бош мураббий Вадим Абрамовнинг жамоа таркибини ўзгартиришсиз қолдиргани маълум бўлди.

74 - дақиқада уммонлик футболчилардан бирига қизил карточка берилди.

Уммон Олимпия терма жамоаси энди 10 ўйинчиси билан майдонда тўп сурадиган бўлди.

Аммо ўзбекистонлик футболчилар бу каби устунликдан ҳам фойдалана олишмади.

Учрашув сўнггига қадар ўйинда ҳисоб ўзгармади.

Ёзги Олимпиада Ўйинларига чиқиш орзулари чиппакка чиқмаслиги учун ўзбекистонлик футболчиларнинг ўйинни камида дуранг натижа билан якунлашлари тақозо этиларди.

Шундай экан, ўзбекистонлик футболчиларга нима панд берди?

Мен учрашув ортидан ана шундай савол билан ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга боғландим:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мағлубият

Учрашув Вьетнам пойтахти Ханойдаги “Май Дин” стадионида Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланди.

Плей-офф беллашувлари Ўзбекистон, Сурия ва Уммон ўртасида бўлиб ўтганди.

Қолган икки рақибидан фарқли тарзда, Ўзбекистон дастлабки учрашувини ғалаба билан бошлаганди.

Ўзбекистонлик футболчилар 27 март куни суриялик рақибларини 2:1 ҳисобида мағлуб этишганди.

Суриянинг Уммонга қарши илк учрашуви эса, 1:1 дуранг ҳисоби билан якунланганди.

Агар Ўзбекистон бугунги ўйиндан 1 очко жамғаришга муваффақ бўлса ҳам, ўз олдига қўйилган бирламчи вазифани уддалаган бўларди.

Энди эса, Уммон икки учрашувдан 4 очко тўплаб, плей-офф беллашувлари ғолиби сифатида 23 апрел куни Англиянинг Ковентри шаҳрида Африканинг Сенегал жамоасига қарши майдонга тушади.

Ушбу ўйин ғолиби 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига қолган тўртинчи йўлланмани қўлга киритади.

Мен плей-офф босқичи беллашувларининг якуний учрашуви арафасида ўзбекистонлик таниқли мураббий, Ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимовдан Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг имкониятлари ҳақидаги фикрини сўрагандим:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Уммон...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қолган рақиблари билан солиштирганда, сўнгги босқич саралаш беллашувларини энг кўп очко билан якунлагани учун Сурия плей-офф беллашувларининг фаворити сифатида кўрилганди.

Аммо Уммон Олимпия терма жамоасининг бу босқичга қадар етиб келишини, ҳатто, бош мураббийсининг ўзи ҳам “муъжиза”, дея баҳолаганди.

Халқаро Футбол Уюшмасининг майдонга ноҳақ ўйинчи туширгани учун Қатар билан ўтган ноябр ойида бўлиб ўтган учрашув натижасини бекор қилиб, Уммонга 3:0 ҳисобида ғалаба ёзиш қарори Уммонни плей-офф босқичига олиб чиққанди.

Худди шундай сабаб билан Ироқнинг учинчи босқич саралаш беллашувларидаги ғалабасини йўққа чиқариб, Бирлашган Араб Амирликларига айнан шу ҳисобда устунлик берилиши эса, ўз гуруҳида етакчилик қилаётган Ўзбекистоннинг 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма олиш имкониятларига жиддий зарба берганди.

Аммо айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Уммон Олимпия терма жамоалари сўнгги босқич саралаш учрашувларида бир хил натижа қайд этиб, саккизтадан очко тўплашга муваффақ бўлишган.

Кимнинг кучи нимага етади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Ўлим" гуруҳидан дастлабки йўлланмани амирлик ёшлари олишганди

Уммонлик футболчилар ўз йўлларида Саудия Арабистони ва Хитой каби қитъанинг анчайин тажрибали ва кўзга кўринган жамоаларининг Олимпиада Ўйинларига чиқиш орзуларини чиппакка чиқаришган.

Ўзбекистон ва Уммон жамоалари бир-бирларига яхши синашта.

Икковлон бундан аввал бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказишган.

Шу йилнинг феврал ойида бўлиб ўтган сўнгги ўртоқлик учрашуви 0:0 дуранг ҳисоби билан якунланган.

Уммон дастлабки босқич саралаш беллашувларида қўшни Тожикистонни ҳам йирик ҳисобда мағлуб этишга муваффақ бўлган.

Уммон Олимпия терма жамоасига ўз вақтида Франциянинг “Лион” клуби билан уч марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритган Пол Ле Гуэн бош мураббийлик қилади.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Вадим Абрамов бош мураббийлиги остида мамлакат футболи тарихида Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани нақд қилиш имкониятига бу қадар яқин бўлмаганди.

"Ўлим" гуруҳига тушган Ўзбекистон Осиё қитъасининг наҳангларидан бўлган Австралияни "қуруқ" ҳисобда мағлуб этишга муваффақ бўлганди.

Учрашув арафасида берган матбуот анжуманларида бир-бирларининг кучларини “расман эътироф этган” ҳар икки жамоа бош мураббийлари эса, бўш келадиган анойи йўқлигини ҳам баралла баён этишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ