Руслан Чагаев: 'Жанг бунчалик тез тугайди деб ўйламагандим' - эксклюзив

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Профессионал бокснинг WBA таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчи Руслан Чагаев америкалик рақиби Билли Зумбрунни учинчи раунддаёқ мағлубиятга учратди.

Учинчи раунд бошида Русланнинг барча бокс мутахассислари кучини бирдек эътироф этган чап қўли билан рақибига берган кескин зарбаси жанг тақдирини ҳал қилди.

Билли Зумбрун ўша зарбадан сўнг ўзини ўнглаб ололмади ва нокаутга учраганини тан олди.

Аслида саккиз раунд бўлиши кўзда тутилган жанг кеча 21 апрел куни Олмониянинг Шверин шаҳрида бўлиб ўтди.

Кечаги жанг ортидан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган эксклюзив суҳбатида ўзбекистонлик донгдор боксчи бу ўзи учун ҳам кутилмаган бўлганини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу - Русланнинг ўтган йили жаҳон чемпионлиги камари учун курашда россиялик рақиби Александр Поветкинга мағлубияти ортидан кетма-кет қайд этган иккинчи ғалабасидир.

Руслан жаҳон чемпионлиги камари учун қарийб тенгма-тенг кечган ўша жангда ҳам Александр Поветкинга фақат очколар ҳисобига мағлуб бўлганди, холос.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи сўнгги мағлубияти ортидан шу йилнинг январ ойида рингга тушган ва тринидад ва тобаголик рақиби Кертсон Менсуэлл устидан ҳам мутлақ ғалаба қозонганди.

Билли Зумбрун

Американинг Юта штатидан бўлган 39 ёшли Билли Зумбрун профессионал боксдаги 12 йиллик фаолияти давомида бундан аввал фақат бир маротаба четда жанг ўтказган.

Олмониянинг Дюссельдорф шаҳрида бўлиб ўтган ўша жангда ҳам Билли Зумбрун асли украиналик рақиби Александр Дмитренкога очколар ҳисобига ютқазиб қўйган.

Аммо анчайин тажрибали, ўз вақтида Майкл Грант, Брайан Минто каби номдор боксчилар билан рингга тушган.

Шу йилнинг январ ойида ўтказган сўнгги жангини (Клифф Каузерга қарши) нокаут билан енган.

Руслан билан жангига қадар профессионал рингда жаъми 38 жанг ўтказган.

Шунинг 25 тасида ғалаба қозониб (15 тасида нокаут қилиб), 12 тасини бой берган.

Битта жангги эса, дуранг натижа билан якунланган.

Руслан Чагаев бўлажак рақибидан 6 ёш кичкина.

Икковлон бундан аввал ҳеч қачон бир-бирларига қарши рингга тушишмаганди.

Чемпионлик даъвоси

Ўзбекистонлик донгдор боксчи WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охири ё келаси йил бошларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун беллашмоқчи.

У ана шу мақсадда бу йил яна қатор жанглар ўтказиш режасида.

Руслан Чагаев бундан беш йил бурун россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган эди.

Бунинг ортидан, ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя этишга ҳам муваффақ бўлганди.

Аммо 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони украиналик рақиби Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлганди.

Руслан Чагаев профессионал рингда жаъми 32 та жанг ўтказиб, шундан 29 тасида ғалаба қозонган.

Руслан ўз вазн тоифасида ҳам профессионал ва ҳам ҳаваскор боксда дунёдаги энг кучли боксчилардан бири сифатида тан олинади.

У бир неча йилдан буён Олмониянинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

Билли Зумбрун билан жанг клуб уюштираётган йирик бокс кечаси доирасида бўлиб ўтди.

Бу мавзуда батафсилроқ