'Челси' 1 - 0 'Барселона', ўзбекистонликлар кимга ишқибозлик қилишди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption "Челси" юлдузи Дидье Дрогба учрашув тақдирини ҳал қилган ягона тўп муаллифига айланди

Россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг "Челси"си Чемпионлар лигасининг ярим финалида, таъбир жоиз бўлса, дунёнинг энг кучли клуби, Испаниянинг Барсасини мағлуб этди.

Икковлон ўртасидаги учрашув кеча мовийларнинг "Стэмфорд Бриж" стадионида бўлиб ўтди.

Биринчи бўлим якунида юлдуз ҳужумчиси Дидье Дрогба киритган ягона тўп лондонлик бойвачча мовийларнинг ғалабасини таъминлади.

Кўрган кўз қолиб, расмий статистика ҳам учрашувнинг қарийб 100 фоиз Барсанинг устунлиги остида кечганини исботласа-да, бу - Испания наҳангини мағлубиятдан қутқара олмади.

Месси, Иньеста, Санчес, Пуйол - жаҳон футбол оламининг қаймоғи бўлган юлдузларининг қанчадан-қанча ҳужумлари бесамар кетди.

Ҳеч бир хорижий жамоа Ўзбекистонда "Барса" ёки "Челси" каби машҳур эмасми, икковлон орасидаги учрашув Ўзбекистонда ҳам жуда катта қизиқишга сабаб бўлган.

"Футбол газеталари бир ҳафта олдин ўйиннинг анонсини беришни бошлашган, кеча учрашув тўғридан-тўғри олиб кўрсатилди, бугун яна кўрсатилди, радиоларда тинмай янграяпти, ҳали махсус футбол шарҳи кўрсатувларида берилади, ўзбекистонлик футбол мухлислари орзиқиб, қизиқиб, мазза қилиб кўришди бу ўйинни", дейди ўзбекистонлик футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Наҳанг "Барса"га "Дунёнинг уч карра энг зўр футболчи"си Лионел Месси ҳам ёрдам бера олмади

Икковлон орасидаги жавоб учрашуви 24 апрел куни Испаниянинг "Камп Ноу"сида бўлиб ўтади.

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчиси жавоб учрашувида "Барса" якуний ҳисобни ўз фойдасига ҳал қилишга қодир, деган ишончда.

"Футболда ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмайди. Футбол шуниси билан ҳам қизиқ. Аммо, назаримда, "Барселона" бу тўсиқдан ўта олади", дейди у.

"Барселона" Чемпионлар Лигаси Кубогининг жорий соҳибидир.

Пеп Гвардиоланинг “Барселона”си ўтган йил Чемпионлар чемпиони бўлишдан ташқари, ашаддий рақиби “Реал”ни доғда қолдириб, Испания чемпионига ҳам айланганди.

Испания наҳанги ўтган йил якунида иккинчи бор Жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, клублар орасида янги рекорд ҳам ўрнатганди.

2008 йилда Чемпионлар лигаси финалида ўз ҳамюртлари қизил иблисларга жарима тўплари ҳисобига ютқазиб қўйган "Челси" ҳам қандай қилиб бўлмасин чемпионлар чемпиони бўлиш орзусидан воз кечмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ