'Барселона' бош мураббийси кетишга қарор қилди, Ўзбекистондан муносабат...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Дунёнинг энг кучли жамоаси бош мураббийси Хосеп Гвардиола жорий футбол мавсуми тугагач, вазифасидан кетишга қарор қилган.

Унинг айтишича, "Барселона" билан мавжуд бир йиллик шартномасини узайтириш нияти йўқ.

41 ёшли мураббий ўз истеъфоси сабабини толиққани ва ўз зиммасига юклатилган масъулиятни ортиқ уддалай олмаслиги билан изоҳлаган.

Барса "Пеп" Гвардиоланинг тўрт йиллик мураббийлиги остида икки бор Чемпионлар лигаси чемпиони, уч марта Испания чемпиони, Оврўпо Суперкубоги, Испания Кубоги ва Қитъалараро Кубоклар соҳибига айланганди.

Аммо бу йилги футбол мавсуми юлдуз жамоа учун анчайин омадсиз келди.

"Барселона" ҳал қилувчи учрашувда ашаддий рақиби "Реал"(Мадрид)га ютқазиб қўйиб, Испания чемпионлигини ҳам деярли қўлдан бой берди.

Лондоннинг "Челси"сидан енгилиб, Оврўпо Чемпионлар лигасисининг ярим финалидан пастга қулади.

Клуб раҳбариятининг маълум қилишича, энди Барсага Гвардиоланинг ёрдамчиси Тито Виланова бошчилик қилади.

"Барселона" собиқ сардори 2008 йилда ўзининг жамоасига бош мураббий бўлиб қайтиб, голландиялик Фрэнк Райкарднинг ўрнини эгаллаганди.

Хосеп Гвардиоланинг Ўзбекистондан ҳамкасби Вадим Абрамовнинг айтишича, юлдуз жамоа барибир ўз ўйинини сақлаб қолади:

"Барселона" ўз оёғида мустаҳкам турган жамоа. У йиллар давомида шаклланган. Хосеп Гвардиоланинг ўрнига келадиган одам салгина ақлли бўлса ҳам, "Барселона" билан ҳали кўп нарсаларга эришиши мумкин", дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси.

Ўтган йили Барса бирваракайига Испания миллий чемпионати, Оврўпо Чемпионлар лигаси, Оврўпо Суперкубоги ва клублар орасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиб, барчанинг ақлини шоширганди.

Бунинг ортидан "Пеп" Гвардиола ФИФА таснифида "Жаҳоннинг энг зўр мураббийси", деб ҳам топилганди.

Вадим Абрамовнинг айтишича, футбол оламида ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилиш даражасида уюштирувчи мураббийлар саноқли бўлади.

"Шунинг учун ҳам уларга талаб кучли бўлади. Ишонинг, футболда мураббийнинг тутган ўрни ниҳоятда катта бўлади", дейди ўзбекистонликлар мураббийси.

"Пеп" Гвардиоланинг истеъфосига оид гап-сўзлар матбуотда ўтган қиш ойларида пайдо бўлганди.

Аммо унинг расман бундай баёнот билан чиқиши нафақат шогирдлари, балки бутун футбол оламини ҳам ларзага солган.

Ўзининг ниҳоий орзуси Испаниянинг наҳанг Барсасида ўйнаш эканини яширмайдиган Ўзбекистон футболи юлдузи Одил Аҳмедов ҳам "Пеп" Гвардиоланинг ишлаш услубини ҳурмат қилганини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳозир Россиянинг бойвачча "Анжи"сида тўп сураётган Одил Аҳмедов-да бош мураббийсининг истеъфоси ортидан, дунёнинг энг кучли жамоаси ўз ўйинини йўқотмайди, деган ишончда.

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, "Пеп" Гвардиола ўзининг россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг "Челси"(Лондон)сига ўтармиш, деган гап-сўзларни инкор этган.

Бу мавзуда батафсилроқ