Уйингиз томида баллистик ракета ўрнатишса, нима қиласиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Британия Мудофаа вазирлиги ракетадан мудофаа тизимини шундоққина одамлар уйларининг томларига жойлаштирмоқчи

Британия Мудофаа вазирлигининг огоҳлантиришича, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари чоғида одамларнинг уйлари томларига "Ер-ҳаво" русумидаги ракеталар ўрнатилиши мумкин.

Ўйинлар шу йилнинг 23 июл куни очилади.

Аён бўлишича, Олимпиада Ўйинлари бўлиб ўтажак шарқий Лондон аҳолисига бу хусусда махсус мактуб ҳам йўлланган.

Мактубда ёзилишича, лозим пайтда ракетадан мудофаа тизимини ишга сола билишлари учун одамларнинг уйларига ҳарбийлар ҳам жойлаштирилади.

Масъулларнинг ишонтиришларича, улар яхши тайёргарликдан ўтган, тизим билан ишлаш ўқувига эга аскарлар бўлишади.

Ракетадан мудофаа тизими эса, мамлакат раҳбарининг буйруғи билан ва жиддий хавф туғилган пайтдагина ишга солинади.

Мактуб мазмунидан аён бўлишича, аҳоли турар-жой мавзеъларида ҳарбийлар узуккун ва ҳафтанинг ҳар куни ҳозир бўлишади.

Британия Мудофаа вазирлиги Лондон жануби-шарқида "Ер-ҳаво" русумидаги ракеталарни жойлаштириш режаси устида ҳам бош қотирмоқда.

Масъулларга кўра, бу икки ҳафта давом этувчи ўйинлар чоғида аҳолининг хавфсизлигини олий даражада таъминлайди ва уларни эҳтимолий террорчилик ҳужумларидан ҳимоя этади.

Хавфсизлик чоралари

Камида 700 киши яшайдиган бир уй соҳибларига эса, ракетадан мудофаа тизими шундоққина ёнгиналарида жойлашган буғ минорасига ўрнатилиши айтилган.

Вазирлик вакилининг билдиришича, тизимларни қаерда ўрнатиш борасида ҳалича якуний қарор берилмаган.

Аммо, аён бўлишича, шу кунларда Лондон шарқидаги маҳаллаларда ҳарбийлар иштирокида ўқув машғулотлари ҳам бошланади.

2 майдан 10 майгача бўлиб ўтиши режаланаётган кенг миқёсли машғулотлар чоғида полиция ва ҳарбийларнинг ҳамоҳангликда ўйинлар хавфсизлигини таъминлашга қанчалик қодир эканликлари синаб кўрилади.

Агар британ ҳукумати ракетадан мудофаа тизимидан фойдаланишга қарор қилса, ҳарбийлар одамларнинг уйларига ўзиям икки ойга жойлаштирилишлари мумкин.

Вазирликдан мактуб олган журналист Брайан Уиланнинг айтишича, унинг уйида кунига 24 соат 10 нафар ҳарбий ва аскар ҳозир туришаркан.

Бу мавзуда батафсилроқ