Руслан Чагаев навбатдаги жангини август ойига режалаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистонлик донгдор боксчи, профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ Жаҳон чемпиони Руслан Чагаев шу йилнинг 7 июл куни америкалик боксчи Сет Митчел билан рингга тушиши мумкинлигига оид турли интернет нашрларида чоп этилган хабарларни рад этди.

Яқинда Ўзбекистон ва Ғарбдаги айрим нашрлар Boxingnews24.com веб саҳифасига таяниб, айни шу мазмундаги хабарларни тарқатишганди.

Русланнинг айтишича, бу каби янгиликдан на-да ўзи ва на-да промоутерлари хабардор.

“Бу гапни ҳозир биринчи бор сиздан эшитиб турибман”, дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида боксчининг ўзи.

Ўзбекистонлик боксчига кўра, навбатдаги жангини фақат август ойида ўтказиши мумкин.

Руслан, шунда ҳам, бўлажак рақиби ҳозирча номаълум экани, промоутерлари ҳозир шу иш билан машғул эканликларини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

У Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида навбатдаги рақибининг 39 ёшли кубалик боксчи Хуан Карлос Гомес эканига оид турли интернет нашрларида чоп этилган хабарларни ҳам рад этди.

Ўз ўрнида, ўзбекистонлик донгдор боксчининг айтишича, бу галги жангги бундан аввал ўтказган иккита рейтинг жангидан бироз фарқ қилиши мумкин.

Русланга кўра, янада кучлироқ рақиб билан жанг ўтказиб, WBA рейтингида пешқадам мавқеъга кўтарилиб олиш ниятида.

Ўзбекистонлик донгдор боксчи WBA таснифида ўз рейтингини яхшилаб, шу йил охири ё келаси йил бошларида яна жаҳон чемпионлиги камари учун беллашмоқчи.

Руслан шу мақсадда бу йил ҳисобида қатор жанглар ўтказган, апрел ойида америкалик рақиби Билли Зумбрунни учинчи раунддаёқ мағлубиятга учратиб, январ ойида тринидад ва тобаголик рақиби Кертсон Менсуэлл устидан ҳам мутлақ ғалаба қозонганди.

Жаҳон чемпионлиги

Руслан Чагаев бундан беш йил бурун россиялик рақиби Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган эди.

Бунинг ортидан, ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя ҳам этган.

Аммо 2009 йилнинг июн ойида WBO ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони украиналик рақиби Владимир Кличкога енгилиб, чемпионлик камаридан буткул мосуво бўлган.

Руслан Чагаев профессионал рингда жаъми 32 та жанг ўтказиб, шундан 29 тасида ғалаба қозонган.

Руслан ўз вазн тоифасида ҳам профессионал ва ҳам ҳаваскор боксда дунёдаги энг кучли боксчилардан бири сифатида тан олинади.

У бир неча йилдан буён Олмониянинг Universum Box-Promotion клубида шуғулланиб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ