Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги бош мураббийси

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

Эронга сўнгги мағлубияти ортидан, Ўзбекистон миллий терма жамоасига Миржалол Қосимов Бош мураббий этиб тайинланди.

Кечаги ўйинга қадар жамоага бошчилик қилган Вадим Абрамов истеъфога чиқарилди.

Шу йил бошида Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳам 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланма нақд, деб турганда уни бой берган ва жамоа тарқатилиб, Вадим Абрамовнинг бош мураббийлик вазифаси бекор бўлганди.

Тўрт йил аввал Рауф Инилеев айнан шу босқични иккита мағлубият билан бошлагач, Миржалол Қосимов илк бор Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийси этиб тайинланганди.

2009 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2011 йилги Осиё Кубоги саралаш босқич учрашувларининг сўнгги турида Бирлашган Араб Амирликларига ютқазиб қўйиши ортидан эса, Миржалол Қосимов бош мураббийлик лавозимини Вадим Абрамовга топширганди.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси айнан Вадим Абрамов бошчилигида ўз тарихида илк бор Осиё Кубогининг ярим финалига чиққан.

Тўрт карра Осиё чемпиони, қитъанинг энг кучли жамоаси Японияни ўз майдонида мағлубиятга учратган.

Миржалол Қосимов эса, ўшандан буён Тошкентнинг "Бунёдкор" клубига бошчилик қилиб келаётганди.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони бўлган жамоа шу кунларда Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Аммо...

Футбол бўйича 2014 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун ўз курашини давом этдираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси учрашувнинг аксарият вақти майдонда яққол устунлик қилганига қарамай, дастлабки рақиби Эронга ютқазиб қўйганди.

Икки рақиб жамоа ўртасидаги Осиё қитъасидан сўнгги босқич саралаш беллашувларининг илк учрашуви кеча Тошкентнинг "Жар" стадионида бўлиб ўтганди.

Ўйин ўзбекистонлик футболчиларнинг кетма-кет ҳужумлари манзарасида кечди. Аммо улар бесамар якунланди.

Ғалаба эса, учрашувнинг энг сўнгги сонияларида кутилмаганда ўзбекистонликлар дарвозасини забт этишга муваффақ бўлган Эронга насиб этди.

Ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишида дастлабки мағлубиятининг таъсири жиддий бўлади.

"Биз биринчи учрашувни ўзимизнинг уйимизда ютиб олганимизда, албатта, бунинг натижаси бошқача бўларди. Ҳеч бўлмаганда, дуранг ўйнаганимизда ҳам", дейди у.

Хўш, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ўз майдонида нима панд берди?

Фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев таҳлилида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ