Ахбор Имомхўжаев: 'Ўзбекистонда ҳалиям имконият бор...'

Фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга кўра, сўнгги босқич саралаш учрашувларида қайд этган бир мағлубият ва бир дуранг натижасига қарамай, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятларини йўқотмаган.

Дастлабки учрашувини Эронга 0:1 ҳисобида бой берган ўзбекистонлик футболчилар кеча сафарда Ливан билан дуранг ўйнашди.

Бу гал ҳам ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яққол устунлиги билан кечган эса-да, учрашув 1:1 ҳисоби билан якунланди.

Икки учрашувида эришган натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон ҳал қилувчи босқичда ўз гуруҳида 1 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда.

Дастлабки учрашувида кеча сафарда Қатарни 4:1 ҳисобида мағлуб этган Жанубий Корея эса, уч очко билан "А" гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

Эроннинг ҳисобида ҳам уч очко бор. Аммо бу икки терма жамоа иккинчи учрашувларини 12 июн куни ўтказишади.

Эрон Қатарни, Жанубий Корея эса Ливанни ўз майдонида қабул қилади.

'Ҳали ҳаммаси олдинда'

Ахбор Имомхўжаевнинг айтишича, кўп нарса ана шу ўйин натижаларига боғлиқ бўлади.

"Ҳали у миллий терма жамоалар ҳам бизларга ўхшаб бир-бирини "ейди", дейди фахрий шарҳловчи.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, навбатдаги ўйинини 11 сентябр куни, ўз майдонида Жанубий Кореяга қарши ўтказади.

Ўзбекистон фахрий футбол шарҳловчисига кўра, худди шу нарса ўзбекистонлик футболчиларга яхшигина қўл келади.

"11 сентябргача терма жамоанинг ўйини йўқ. Ўйинчилар ўз клубларига қайтиб, ўйнаб, энг яхши формада майдонга тушишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, янги экани боис, Бош мураббийси Миржалол Қосимовга ҳам жамоани ўйнатиш қийин эди. Шунинг учун ҳам, бизда вақт бор. Гап - ана шу вақтдан қандай қилиб фойдалана олишда", деган ишончда.

Ахбор Имомхўжаев буларнинг барчасини назарда тутиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2014 йил Бразилияда бўлиб ўтажак Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишига умид қилсак бўлади, дейди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳали ўз тарихида бу каби шараф насиб этмаган.

Аммо кўплаб футбол мутахассислари ўзбекистонлик футболчиларнинг бу галги имкониятларини яхши деб, баҳолаб келишаётганди.

Мен фахрий футбол шарҳловчисидан энг аввало кечаги натижа Ўзбекистонда қандай қарши олингани билан қизиқдим:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ