Алишер Усмонов 'Арсенал' раҳбариятини кескин танқид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Алишер Усмонов "Арсенал" раҳбариятини биринчи марта танқид қилаётгани йўқ.

Англиянинг "Арсенал" футбол клубининг иккинчи йирик ҳиссадори Алишер Усмонов клуб бошқарув кенгашига очиқ мактуб йўллаган, раҳбариятни клубдаги яхши ўйинчиларни кетиб қолишига сабаб бўлаётган сиёсати учун кескин танқид қилган.

"Арсенал"нинг 29 фоизлик акционери мактубига жамоа сардори Робин ван Персининг клубдан кетишга қарор қилгани сабаб бўлган.

"Биз яна шундай вазиятга дуч келдикки, энг яхши ўйинчимизга биз ютуқларни қўлга кирита олишимиз мумкинлигига ишонч бера олмаганимиз оқибатида кетиб қолаяпти", деб ёзган Алишер Усмонов очиқ хатида.

Жаноб Усмонов фикрича, "Арсенал" клуби маблағни тежаш сиёсатини юритаяпти, бу қиммат, демакки, яхши ўйинчиларни сотиб, арзон футболчиларни харид қилишга мажбурлаяпти.

Бундан олдин "Арсенал"дан Самир Насри, Гаэл Кличи ва Сеск Фабрегаслар кетиб қолишган.

Бунда жаноб Усмонов жамоа мураббийси Арсен Венгерни айблаган.

Ҳолландиялик Робин ван Перси ўзининг веб-сайтида "Арсенал" президенти билан суҳбатдан кейин кетишга қарор қилганини маълум этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Робин ван Перси айтишича, ўзи ва "Арсенал" клуби президенти қарашлари мос келмаган.

"Мавсум тугаганидан кейин мен "Арсенал" президенти билан учрашдим. Биз клуб келажаги, унинг стратегияси ва сиёсатини муҳокама қилдик. Янги контрактнинг молиявий шартлари муҳокама этилгани йўқ. Мураббийга, ўйинчилар ва ишқибозларга бўлган катта ҳурматим сабабли мен тафсилотларга берилмоқчи эмасман. Лекин, афсуски, биз кўп нарсага бошқача кўз билан қараётганимиз аниқ бўлди. Мен узоқ ўйладим ва контрактимни чўзмасликка қарор қилдим", деган Ван Перси.

Алишер Усмонов клуб олдидаги асосий вазифа "Реал", "Барселона", "Челси" ва "Манчестер Сити"ларга тенглашиш, деб айтган.

У "Арсенал"даги акцияларини янада кўпайтириш ва клуб тараққиётига янада кўпроқ маблағ сарфлашга тайёрлигини билдирган.

Алишер Усмонов Red & White Holdings сармоя ширкати воситасида "Арсенал" клуби ҳиссаларини бошқаради.

У бундан олдин ҳам клубдаги акциялари сонини кўпайтириш истагида эканини айтган, бироқ "Арсенал"нинг қарийб 65 фоизлик ҳиссаларига эгалик қиладиган Стен Креёке ўз акцияларини сотмоқчи эмас.

Жаноб Усмонов 1 йил олдин ҳам "Арсенал" раҳбариятини танқид қилганди.

У жамоанинг Англия премьер лигасидаги муваффақиятсизликлари учун клубнинг директорлар кенгашини айблаган.

Британияда чиқадиган News of the World рўзномасига берган интервюсида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов "Арсенал"нинг директорлар кенгаши аъзолари кўпроқ ўз манфаатларини ҳимоя қилиш билан овора эканини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ