ФИФА муслима футболчиларнинг ҳижобларига қўйилган тақиқни бекор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Осиё Футбол Конфедерацияси муслима футболчиларнинг ҳижобларига қўйилган тақиқни бекор қилинишини хуш қаршилаган.

Халқаро ташкилотга кўра, бу - "замон билан ҳамнафас қўйилган қадамдир".

Кеча Халқаро Футбол Уюшмаси Кенгаши ва ниҳоят бу хусусда ўзининг якуний қарорини эълон қилганди.

2007 йилдан буён жароҳат олишлари хавфи борлиги айтилиб, ФИФА (Халқаро Футбол Уюшмаси) томонидан муслима футболчиларнинг ҳижобда майдонга тушишлари ман этиб қўйилганди.

Ушбу амал танқидчиларига кўра, мазкур тақиқ дунёдаги энг оммабоп спорт ўйинида нотенгликнинг олий даражада тарғиб этилишига йўл очган.

Осиё футбол масъулларининг айтишларича, унинг бекор қилиниши минглаб муслима футболчиларнинг яна катта майдонларда тўп суришларига йўл очади.

Янги бичимдаги Velcro спорт ҳижоблари эса, муслима футболчиларни эҳтимолий жароҳатлардан сақлайди.

Биз Афғонистондаги ашаддий спорт ишқибозларидан бўлган Фараҳноз билан боғланиб, сўнгги янгиликка муносабатини сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Халқаро Футбол Уюшмаси шу йилнинг феврал ойида муслима футболчиларнинг майдонга ҳижобда тушишларига умуман олганда қарши эмаслиги, фақат бу хусусдаги якуний қарорини бироз кечроқ, яъни шу йил июл ойида бериши айтганди.

Бу каби сўров билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти чиққанди.

Аммо тақиқни бекор қилиш таклифини фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёқламаганди.

Африка Футбол Конфедерацияси президенти Исса Ҳаяту ва Осиё Футбол Конфедерацияси ижроий раҳбари Жанг Жилонглар ҳам ушбу ташаббусни қўллаб чиқишганди.

Бундан ташқари, дунёдаги энг нуфузлиларидан бири саналувчи Англия премьерлигасида тўп сурувчи қатор футболчилар ҳам бунга хайрихоҳ эканликларини билдиришганди.

Муслима футболчиларнинг ҳижобда майдонга тушишлари билан боғлиқ масала бундан беш йил бурун, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада ўйинларининг саралаш босқич мусобақалари чоғида ўртага чиққанди.

Ҳижобларини ечишдан бош тортишгани учун, Эрон миллий терма жамоасининг Иорданияга қарши ўйини учрашув бошланишига саноқли дақиқалар қолган бир пайтда бекор қилинганди.

Ҳозир енгил атлетика, регби, қиличбозлик, воллейбол ва таэквондо мусобақаларида спортчиларнинг ҳижобда бўлишларига рухсат берилади.

Бу мавзуда батафсилроқ