Лондондаги Ўзбеклар Олимпиада чоғида нима қилишмоқчи? - давоми

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўтказилган ва ўтказилаётган сўров натижаларига қаралса, аксарияти лондонликлардан иборат тўрт миллиондан ортиқ британиялик Ёзги Олимпиада Ўйинлари чоғида мамлакатни тарк этиш режасида экан.

Британияликларни ўз мамлакатларидан " қочиб кетишга" ундаётган омиллар эса, турли-туман.

Улар энг аввало "четдан шунча одамнинг оқиб келиши"ни назарда тутиб, ёз пайти холироқ жойда бўлсам, деган хаёлда эканлар.

Яна катта сондагисининг узуккун телевизор орқали фақат Олимпиада Ўйинларини томоша қилишга тоқати йўқ экан. Бошқасига эса, спорт умуман ёқмаслиги аён бўлибди.

Маҳаллий сайёҳлик агентликларига кўра, айнан Олимпиада Ўйинлари билан боғлиқ муаммолар сабаб, британияликлар орасида, ҳатто, Вьетнамга кетиш истагида бўлганлари ҳам бор экан.

Британ аҳолисининг кайфиятига Британия Қироллик хавфсизлик кучлари 150 га яқин таҳдидни бартараф этиш учун батафсил режа ишлаб чиқишмоқда, деган хабарлар ҳам таъсир қилибди.

Устига устак, Олимпиада Ўйинлари ташкилотчилари яна кибер ҳужумлар, иш ташлашлар, нақлиёт тизимидаги жиддий узилишлар ва юқумли хасталикларнинг потраб кетиши ҳолларига ҳам ҳозирлик кўришаётган экан.

Агар "Мэплкрофт" таҳлилий марказининг маълумотларига қаралса, Ёзги Олимпиада Ўйинлари чоғида Британияга ўзиям беш миллиондан ортиқ хорижликнинг келиши чамаланмоқда.

Дунёдаги энг йирик спорт тадбири эса, Британия пойтахтида 27 июл куни старт олади ва 12 августга қадар давом этади.

Бугун тақдир тақозоси билан Лондонда турли юмуш ёки таҳсилда банд бўлган ўзбекистонликлар-чи? Улар Олимпиада Ўйинлари чоғида нималарни режалашмоқда?

Биз Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари арафасида Лондондаги ўзбекистонликларга ана шундай савол билан мурожаат этдик ва уларнинг жавобларини ҳафтанинг ҳар жума куни эътиборингизга ҳавола этиб бориш ниятидамиз.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Лондон марказидаги ҳашаматли ресторанлардан бирида ишлайди. Унинг айтишича, ўзлари билан бирга ҳамкорлик қилувчи корхоналар орқали Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг очилиш маросимига текин чипта олишга муваффақ бўлишган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимиз юмушлари ҳозирданоқ ошиб-тошиб кетганига қарамай, фақат очилиш маросими билан чекланмаслиги, қўлдан келганча Олимпиада беллашувларини ҳам томоша қилишга ҳаракат қилишини айтади.

У ўзбекистонлик спортчилар иштирокидаги мусобақаларни ҳам бевосита томоша қилиш нияти борлиги, агар иложини тополмаса, телевизор орқали бўлса ҳам, албатта, кузатиб бориши ва ўз ватандошларига ишқибозлик қилишини таъкидлайди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ресторанларига келаётган турли давлат спортчилари билан ҳам танишиб олишган ва улардан дастхат ёздириб олишга ҳам муваффақ бўлган.

Лондондаги банклардан бирида ишловчи илк суҳбатдошимизнинг айтишича, ўйинлар чоғида ҳеч қаерга кетиш ниятлари йўқ ва таътил олиб, мусобақаларни томоша қилиш истагида:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Биласизми, биз оилавий бўлиб, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Лондон Олимпиада Ўйинларига келишини жуда-жуда хоҳлагандик. Роса ишқибозлик қилдик. Аммо охирига келиб бўлмади, Бирлашган Араб Амирликларига ютқазиб қўйди. Бошқа ўйинларга эса, чипта ололмадик, интернет орқали сотиларкан, якуний муҳлатни ўтказиб юборибмиз", дейди илк суҳбатдошимиз.

Лекин, унинг айтишича, ҳалиям буткул умидлари сўнгани йўқ.

"Кураш ёки шунга ўхшаш ўзбекистонлик спортчилар қатнашадиган спорт турлари бўлса ва шунга чипта олишга муваффақ бўлсак, балки битта ёки иккитасини кўргани борардик".

"Яна қачон шунақа имконият бўлади, Худо билади,.." дейди суҳбатдошимиз.

Давоми бор.

Бу мавзуда батафсилроқ