Лондон 2012: 'Кампирнинг дарди ғозада', қолганларники-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бутунбошли Олимпиада Ўйинларининг устида ўтириб, нега "инқи" чиқмай ўтирибди, деяётган бўлсангиз ажаб эмас.

Журналист "тўкилиши" учун "тўлиш"и керакдек, назаримда. "Тўлиш" учун эса, баҳона керак.

Ана шу баҳонани излаш йўлидаги ҳозирча Лондон марказидаги саъй-ҳаракатларимни-ку, энди қўяверинг:

Мен бир ёну, дўкону ресторан витриналари, метро бекатларию темирйўл вокзаллари бир ён.

Очилишига саноқли кунлар қолганига қарамай, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг "баҳона"га арзигулик нишонаси топилса, айтинг.

Лондон марказида кўзингизга ташлангани - "Уимблей" спорт мажмуаси қаерда эканию, Гайд-хиёбонига қандай қилиб боришга ишора қилувчи йўл белгилари, холос.

Ҳаммаси - бир неча ўн йиллик Олимпиада Ўйинларига билвосита "томошабинлик" тажрибамга зиддек...

Ўйинларнинг ранггию оҳанги қайда қолди, деб юбориш даражасида: На дурустроқ бир нарсаси қилт этиб кўзингизга ташланади ва на жарангдорроқ бошқаси шиғ этиб қулоғингизга чалинади.

Аммо, шунда ҳам, хулоса чиқаришга сизни ҳам, ўзимни ҳам шошилтирмоқчи эмасман.

Шу кунларда Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари атрофида баралла ва пичирлаб гапирилаётган гаплар ҳам борки, уларни қаламга олмаслик журналист учун "инсофсизлик" бўлади назаримда.

'Нозик масала'

Йилларки, Лондон нақлиёт тизими маҳаллий аҳоли, улар сабаб, британ сиёсатининг ҳам "энг нозик" масалаларидан бирига айланиб қолган эмасми, ҳозир оммавий-ахборот воситалари қолиб, жамоат нақлиётларида ҳам гапни қизитаётгани худди ана шу мавзу.

Кунига минглаб одамлар ишга қатнайдиган замонавий поездларининг кечикиши учун биргина ёмғирнинг ўзи кифоя қилувчи шаҳарда ҳозир ҳаммани ўйлантираётган асосий савол - шуунча қўшимча одамга нақлиёт тизими дош берармикан?

Ўтган ҳафта барчани Лондон метро бекатларию йўлларида зир югуртириб, нақлиёт тизимларида ўтказилган махсус "репетиция" эса, ўз саволларига жавоб тополмай, дардларини бир-бирларига пичирлаб тўкиб солаётган маҳаллий аҳолининг бошини янада шиширтирган.

Нақ Ўйинлар арафасида Британиядаги энг йирикларидан бўлган Heathrow аэропорти ва Лондон марказини боғловчи асосий автомобил йўли фавқулодда таъмирлаш ишлари учун ёпиларкан, барчанинг "ўткир" нигоҳи ҳаммани ҳаммаси яхши бўлишига ишонтираётган британ ҳукуматига қадалган.

Устига устак, Ўйинларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун, ҳатто, одамларнинг уйлари томига баллистик ракета ўрнатишга қарор қилинган мамлакатда оддий қўриқчилар сонининг етишмаслиги ҳукумат даражасидаги мавзулардан бирига айланган: "Бу, албатта" ҳукуматнинг сентябр ойидаги йиғинида кўриб чиқилади".

Бу ҳам қолиб, ўйинлар арафасида минглаб одамлар оқиб келаётган Лондон аэропортларида миграция зобитлари етишмаслигини айтинг.

Мухолифатдаги Лейбористлар партияси учун сиёсий очко олишнинг яна бир қойилмақом имконияти: "Ички ишлар вазири Тереза Мей албатта бунинг учун жавоб бериши керак".

Мухолифатми, британ оммавий-ахборот воситалари, ололган, мавжуд вазият баҳона, ҳукуматнинг қисқартиришлар сиёсатини яна бир бор "тахтачага олган": "Шундоқ тадбир арафасида панд бериб қўйган замонавий ускуналарига орқа қилишнинг ўрнига, олган қарорини "жонли одам"нинг қадрини яхшилаб ўйлаб, бермайдими?..". Техника одам бўлармиди, а, лаббай?

Сиёсат даражасидаги мавзу

Олимпиада Ўйинлари бўлмайдими, ёмғирнинг кети узилмаётган бир манзарада об-ҳавонинг ҳам сиёсат даражасидаги мавзулардан бирига айланганини айтмайсизми?

Қайси газетани очманг, қайси веб саҳифага боқманг, қайси канални бураманг, барчани бирдек ўйлантирган савол - ҳайф кетган шунча ёз кунлари майли, ҳеч бўлмаса, ўйинлар чоғида қуёш кулиб боқармикан?

Метереологлар қолиб, Британиядаги унча-мунчага пул тикмайдиган манаман деган гаров бойловчи ширкатларнинг ҳам "бел боғлаб", об-ҳавони башорат қилишга тушиб кетганларига нима дейсиз:

Аниқ башорат қилганга 250 фунт, Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг очилиш маросимида ёмғир ёғадими ёки йўқ, пул тикадиган борми? Айнан ёмғирлар сабаб, рекордлар сони ҳам кўп бўлмайди, қанча тикасиз?...

"Эй, шошманг, шошманг, шу ҳафта охириданоқ Британияга одатий ёз кунлари қайтади. Ҳаво оқими шунга башорат қилмоқда...".

Кечадан бошлаб, бутун оммавий-ахборот воситалари орқали янграшни бошлаган бу каби умидбахш башоратлар бугун ҳам қовоғи очилмаган ҳаво остида эзилибгина ишга қайтган Британиядаги ҳаммани қанчалик ишонтира олгани яна тақдирнинг ҳукмига ҳавола савол эмасми, очиқ қолган. Кузатишда давом этамиз.

Бу мавзуда батафсилроқ