Лондон 2012: Биргина машъаланинг қудрати нимага етади?

Аввал ҳам айтганимдек, биргина қилт этган баҳона журналистнинг “тўлиб-тошиши” учун етарли бўлади.

Аммо бу гал тўкилишимга туртки берган “йилт” этган баҳона - Олимпиада машъали бўлди.

Ишонасизми, йўқми, айни шу кунларда менга ўхшаган журналистларнинг “бошларини шишираётгани” ҳам (кўришдан олдин, ёритиш ҳуқуқинг ҳақидаги бандма-банд тавсияларни ўқийвериб), маҳаллий оммавий-ахборот воситаларида гапни қизитиб, одамларнинг эътиборини чалғитишга уринилаётгани ҳам шу – саккиз мингта тешикчаси бор оддийгина алюминий Олимпия машъаласи!

Ҳафталик ёмғирларнинг кети зўрға узилган, Ўйинларнинг ҳимоясини таъминлаш учун маҳаллийси етмай, Толибонга қарши жанг олиб бораётган Афғонистондаги британ ҳарбийлари хизматга чақирилган, қатор иш ташлашлар “мунчоқдек ипга тизилиб турган” ва кўнгилларга “евро” бўҳрони соя ташлаб турган бир манзарада Олимпиада машъалининг ўрни, айниқса, ташкилотчилар учун алоҳида аҳамият касб этган...

Олимпиада машъали

Ўнлаб британ шаҳарлари, туманлари, қишлоқлари, тарихию муқаддас қадамжойларини босиб ўтган машъал ўтган жума куни Лондонга етиб келганди.

Аммо бунгача Ўйинлар атрофидаги гап-сўзлар керагидан ҳам ортиқ қизиб улгурган эмасми, одамларнинг кўнглига машъалдан олдин “ўт солиб улгурган”: “Бомба ҳужуми юз берса нима бўлади? Ўзиям уч аср бурун қурилган эмасми, дунёдаги энг қадимийси бўлган метро тизимимизнинг аҳволи-чи? Агар ҳаммаси жойида бўлса, ташкилотчилар қўйу сигир тириклайин саҳнага чиқувчи ва нақ 27 миллион фунт стерлингга тушувчи расмий очилиш маросими вақтини нега қисқартиришмоқчи? Бунинг тагида бир гап бор-ов..."

Гап-гап билану, дунёнинг ҳар қандай давлатида аҳолининг “ҳарорати” ўлчаб борилувчи сўнгги сўров натижаларига қаралса ҳам, машъал катта сондаги британларнинг “кўнгилларини барибир ёрита олмабди”.

Машъални деб 8.000 та тешикчасига мувофиқ 8.000 кишининг овора бўлгани ҳам, Британия аҳолисининг 95 фоизига кўрсатилгани ҳам ташкилотчилар кутган натижани бермаса, денг.

Уларнинг оҳларидан интернет форумларининг ҳам “дуд”и чиқиб кетгандек: “Ҳамшираларга дуруст-қуруқ ойлик, нафақахўрларга кўнгилдагидек нафақа беролмаймиз. Бир томондан ёқилғи нархлари, иккинчи тарафдан солиқлар ошиб бораётган бўлса. Иш ўринлари ҳам қисқариб бормоқда. Амал-тақал қилаётган одамлар қанча...”, деб шикоят қилган бирови ўз таажжубларини алоҳида ундов юкланган “Олимпиада Ўйинлари?!”, деган саволда ифодалаган. Бошқаси эса, биродар, қўяверинг, этимиз ҳам пишиб қолди, дегандек унга тасалли берган: “Банкларининг қарзларини тўлаб, ишини уддалолмаган раҳбарларини сийлаб, сиёсатчиларининг “инжиқликлари” учун пул топган давлат яна бир кераксиз сарф-харажат учун маблағ топади-да – “Оҳ қанақа Ўйин!”

Бу кинояни бор оҳангию рангида ифодалаш учун, назаримда, камида ўзларининг Шекспири бўлиш кераг-ов...

Нақ Ўйинлар арафасида шундоқ ҳам танқидчилиги билан “тилга тушган” британ оммавий-ахборот воситаларининг “нолиши” эса, қолган Ғарб нашрларининг алоҳида мавзусига айланган.

Дейлик, Америкада чоп этилувчи “Нью Йорк Таймс” газетидаги бир мақолада ёзилишича, лондонликларнинг севимли спорти “нолиш, бадбинлик ва масъулларни балогардон” қилиш эмиш.

Бу каби ўхшатишнинг қиёсидан британча шикоятбозлик даражасини ҳам ҳис этиб қолганингизга шубҳам йўқ.

Бу ҳали ҳаммаси эмас

Китоблардан орттирган назарийси-ку майли, Британиядаги ўн йиллик ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бу ердаги каттаю кичик тадбирлар ҳеч қачон иш ташлашларсиз кечмайди.

Исо мавлуди айёми бўлмайдими, фарқи йўқ, ҳукумат билан “олди-сотди” қилишнинг бундан ортиқ қойилмақом имконияти бўлмайди.

Иш ташлаган “темирни қизиғида босаман”, деб ҳалак, уларни ишга қайтараман, деган ҳукумат эса, темирни совутолмай...

Аҳолининг янги ҳукумати “консерватив сиёсати”ни ўз кармонида ҳис этиши учун бор-йўғи икки йилнинг ўзи кифоя қилган эмасми, кўпчиликнинг наздида Лондон Олимпиада Ўйинларининг ҳам бу анъанага зид кечиши мумкин эмасди.

Ҳаммаси Ўйинларга саноқли кунлар бир пайтда, бор-йўғи уч-тўрт кунча бурун бошланди:

Ҳукумат иш ташламоқчи бўлган автобусчиларни бир амаллаб шаҳдларидан қайтарган бир пайтда, таксичилар, уларнинг ортидан шундоқ ҳам бугун Лондон аэропортларида сони саноқли бўлган миграция хизмати ходимлари, булар ҳам қолиб, поезд ҳайдовчилари расмийларнинг “жон жойлари”дан ушлайманга тушиб қолишганига нима дейсиз?

Бир томондан, “Бу қанақа масъулиятсизлик, ватанпарварлик ҳисси қани”, деган хитоблар янграётган бўлса, бошқа томондан, “мажбурий кес-кесларни бас қилиб, маошим ва нафақамни инсоф билан кўтариб қўйинг”, деган даъватлар...

Британ Бош вазирининг шахсан ўзи, ҳатто, Афғонистондан туриб, “буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган”га тушиб қолса.

Қўл остидаги вазирларидан бири муаммонинг ечимини уларни ишдан ҳайдашда кўрса, бошқасига кўра, шундоқ ҳам танг вазиятни янада оловлатмаган маъқул...

Буларнинг барчаси манзарасида эса, мамлакат оммавий-ахборот воситалари Ўйинлар ҳомийлари рекламаси баҳона, дунёга “Буюк Британиянинг буюклигини кўрсатиб қўйиш”га чақирган.

“Азага борган ҳар ким ўз дардини айтиб йиғлайди”, эмасми, маҳаллий дўкондорлар эса, “Минг буюкликни тарғиб этмайдими”, ҳомийларга бериб юборилган “катта ҳуқуқ”лардан хафа: “На-да Ўйинлар рамзлари билан дўконингизни безаб, Олимпиада руҳини бера оласиз, на-да улар сотган озиқ-овқатни сота оласиз...”.

2005 йилнинг июл ойида Лондон нақлиёт тизимида уюштирилган ҳужумлар элликдан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган эмасми, куни-кеча Бўлғористонда амалга оширилган худкушлик ҳужумида исроиллик сайёҳларнинг қурбон бўлишига оид хабар эса, буларнинг устига устак бўлган.

Аммо шахсий телефонларни яширинча эшитиш билан боғлиқ можаролардан ортиб, Британия Маданият Вазири Жереми Ҳант “Жосуслик хизматлари энг ишончлиларидан бири” эканини айтиб, барчани “ҳаммаси яхши бўлиш”га ишонтиришга ҳам вақт топган.

Бир неча ойдан бери давом этаётган ва собиғу амалдаги британ ҳукумати мулозимларининг сўроқ беришларига тўғри келаётган ушбу можаро сабаб айни шу кунларда америкалик медиакорчалон Руперт Мердок ҳам News Corporation даги қатор раҳбарлик лавозимларидан истеъфо беришини эълон қилган.

Аммо Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари яқинлашиб келаркан, шу кунларда бир-бирига уланиб кетаётган салбий хабарларнинг ижобийсига ўрин бўшатишига бўлган умидлар ҳам йўқ эмас.

Буларнинг барчаси ҳақида эса, навбатдаги ҳикоямдан билиб оласиз.

Бу мавзуда батафсилроқ