BBC navigation

Олимпиада очилиш маросими - Лондоннинг энг катта сири

Сўнгги янгиланиш 24 июл 2012 - 13:08 GMT

Режиссёр Данни Бойл биздан очилиш маросими сирларини фош қилмасликни илтимос қилди.

Лондон Олимпиадасининг очилиш маросими душанба оқшомида илк марта томошабинлар қаршисида синаб кўрилди.

Жума куни бўлиб ўтиши кутилаётган бу дабдабали томошани ўз кўзлари билан кўриш учун стадион 80 минг одам билан тўлади. Кечаги синовда қатнашган 60 минг одам ҳам маросим уюштирувчилари асабларининг таранглашишига сабаб бўлган бўлса ажабмас.

Мен ҳам бу синов маросимини ўз кўзим билан кўришга муваффақ бўлган 60 минг одам орасида эдим. Лекин, очилиш тадбирининг бош саҳналаштирувчиси Данни Бойл биздан илтимос қилгани туфайли, маросимда нималар юз беришини ошкор қила олмайман.

Халқаро фильм ишқибозларига "Харобадан чиққан миллионер" фильми билан яхши танилган жаноб Бойл ўз чиқишида бизга ажойиб томошани ваъда қилди ва, шахсан мен, у ўз ваъдасининг устидан чиқди дейишим мумкин.

Лекин, Олимпиада ташкилотчилари баъзи бир кичик тафсилотларни аллақачон ошкор қилиб бўлишган. Улардан бирига кўра, маросимда одамлардан ташқари бир пода қўй ҳам иштирок этади. Мен сизга ана шу тафсилотни тасдиқлашим мумкин. У ерда бир пода қўй бўлади. Қўйдан ташқари, эчкилар, ўрдак ва ғозлар, бир ит ва бир ажойиб от ҳам бўлади. Ошкораликни шу ерда тўхтатсам.

Маросимга йўл олар эканман, Олимпия ҳиёбони жойлашган Стратфорд ҳудуди одамлар билан бунчалар гавжум бўлишини тасаввур қилмагандим. Стратфордда минглаб одамлар метро ва ерусти поезд бекатларидан қайнаб чиқаётгандек эди.

Лекин, ҳамманинг кайфияти кўтаринки, меҳмон ва ташкилотчиларнинг юзларида кўрганим асосан табассум. Қўлларига баҳайбат ўқталган бармоқларни кўтариб олган йўл кўрсатувчи кўнгиллилар жамоаси нақадар дўстона экани айниқса эсда қолди. Улар қаерга ва қандай етиб олиш борасида барча маълумотга эга эдилар.

Олимпия ҳиёбонига кираверишда эса бизни армия кутиб олди. Уларнинг вазифаси меҳмонларни худди аэропортдагидек текширувдан ўтказиш эди. "Ҳамма метал жиҳозларни, телефон ва компьютерларингизни қутига жойлаштиринг! Бўлмаса сизларни бирма-бир пайпаслашимга тўғри келади!" - дея ҳазиломуз таҳдид қилди бизни кутиб олган аскар.

Навбатда тизилган бир гуруҳ қизлар аскарнинг бу сўзларидан жуда ҳаяжонланиб, қиқирлаб кулишга тушар эканлар, аскар уларга "қизлар, сизларни аёл ҳамкасбим пайпаслайди," дея ҳафсаласини пир қилди.

Кўтаринки кайфият хавфсизлик тўсиқларидан ўтиб олганингиздан кейин ҳам давом этди. Шоду-ҳуррамликка энг асосий сабалардан бири Лондон учун айниқса бу йил ўта ноодатий саналган мусаффо осмон бўлди. Бу йил ўта ёмғирли келган ёз мавсуми ортидан кўплар об-ҳаво Олимпиадага қандай таъсир қилишидан хавотирга тушган. Олимпия ҳиёбонида ҳам кўп суҳбатларнинг мавзуси айнан об-ҳаво эди.

Маросим бошланишидан аввал Олимпия ҳиёбонини кезар эканман, одамлар ҳиёбондаги турли иншоотлар олдида туриб расмга тушишарди. Бир томонда асли ироқлик машҳур меъмор Заҳа Ҳадиднинг эшилувчан Акватик маркази, бошқа томонда пуфаксимон баскетбол аренаси, сал нарироқда эса ликопчадек велодром. Ўтган икки ой давомида деярли тўхтамай ёққан ёмғир эса иншоотлар ёни ва каналлар бўйига ўрнатилган ранг-баранг гулларни янада гуркиратган.

Илк синов маросимида томошабин бўлиш шарафи фақат Олимпиаданинг кўнгилли ходимларига берилди. Баъзи ходимларга ўзлари билан бир оила аъзоси ё дўстини олиб келиш учун қўшимча таклифномалар тарқатилган.

Маросимда сўзлаган жаноб Бойл бу тантана кўнгилли ходимларсиз амалга ошмаслигини айтди. Мен ёнимда ўтирган кексароқ суҳбатдошим Рик ҳам кўнгилли ҳайдовчи бўлиб ёлланганини билиб, уни гапга солдим. Ҳўш, уни нима ундади?

"Мен Лондон шарқида катта бўлганман. Бу ерларда аввал ҳеч нима йўқ эди. Мен ҳали ёшман, бу ерда ишлаётган баъзи кўнгиллилар саксонига бориб қолган, улар немислар бу ҳудудларни қандай бомбалаганини ҳам эслашади. Биз учун шарқий Лондон шундай ўзгариб, ажойиб ўйинларни ўтказаётгани бир шараф. Олимпиада бизда ўтишини эшитишим биланоқ, унда ишлаш учун ариза бераман деб аҳд қилгандим", - дейди у.

"Бепулми?"

"Ҳа, бепул".

"Ҳайдовчи экансиз, кимларга ҳайдовчилик қилдингиз шу кунгача?"

"Икки кун олдин аэпортдан Хорватия жамоасини кутиб олиб, автобусда бу ерга олиб келдим. Кеча эса халқаро антидопинг ташкилотининг раҳбарини кутиб олиб, меҳмонхонасига элтиб қўйдим. Менга қолдиргани бир грамм наша бўлди", - деб ҳазиллашади Рик.

Синов маросимидан, умуман олганда, кўплар мамнун бўлди. Маросим бошида шикоят қилишни бошлаган баъзи қўшниларимнинг фикри ҳам охирида яхши томонга оғди.

Маросимни олиб борган бошловчи ҳар-ҳар замонда бизни қаттиқроқ қарсак чалишга ва ўрнимиздан туриб рақсга тушишга ундарди. "Унутманг, бизни бутун жаҳон томоша қилади! Унутманг, бизни Франция томоша қилади!" - дея ҳаммани кулдирди у Олимпиадага мезбонлик пойгасидаги Британиянинг энг ашаддий рақибига ишора қилиб.

Чоршанба куни очилиш маросимини яна бир марта синаб кўриш режаланган. Сўнг навбат ҳақиқий томошага.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.