Олимпиада қишлоқчасида Ўзбекистон байроғи кўтарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига саноқли кунлар қоларкан, шарқий Стратфорд шаҳрида жойлашган Олимпиада қишлоқчасида Ўзбекистон давлат байроғи кўтарилган.

Ўзбекистон Олимпия ҳайъатининг аксарият аъзолари кеча Британия пойтахти Лондонга етиб келишган.

Ҳайъат аъзолари юздан ортиқ кишидан иборат бўлса, улардан 54 нафарини спортчилар ташкил этишади.

Ўттизинчи Ёзги Олимпиада Ўйинларининг расмий очилиш маросими 27 июл кунига режаланган.

Ўзбекистонлик спортчилар илк беллашувларини очилиш маросимининг эртасигаёқ бошлашади.

Лондондаги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида мамлакатимиз байроғини жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби боксчи Элшод Расулов кўтариб боради.

Ўзбекистонлик спортчилар Олимпиада Ўйинларида 15 спорт тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Булар байдаркада эшкак эшиш, сузиш, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, трамполиндан сакраш, велоспорт, теннис, таэквондо, ўқ отиш, енгил ва оғир атлетика, бокс, дзюдо ва кураш каби спорт турларидир.

Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Жаҳон Кубоги, Осиё Кубоги, Жаҳон, Осиё чемпионатлари, Осиё Ўйинлари ва қатор халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллаган ёки кучли ўнталикдан жой олган спортчилар талайгина.

Ўзбекистонлик масъуллар бокс, эркин, юнон-рим кураши, дзюдо ва енгил атлетика бўйича совринли ўринларга умид қилаётганликлари, бироқ бошқа спорт турларида ҳам бўш келмасликларини айтишади.

Ўзбекистон Олимпия делегацияси раҳбари, мамлакат Маданият ва Спорт ишлари вазири биринчи ўринбосари Жасур Акрамов биз билан суҳбатда аллақачон Олимпия қишлоқчасида жойлашиб олганликлари, ўзларига яратилган шарт-шароитлардан мамнун эканлигини айтади.

"Ҳайъатимизга ажратилган уй шундоқ Олимпия қишлоқчасининг қоқ марказида экан. 50 метргина нарида овқатланадиган жой, худди шундай масофада шуғулланадиган хоналар, бир 100 метр юрсангиз, автобус бекати. Хуллас, ҳамма нарса яқин, қулай," дейди суҳбатдошимиз.

Жасур Акрамовнинг айтишича, ўзбекистонлик спортчилар шу бугуннинг ўзида ўқув-машғулотларини бошлаб юборишади.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳамма шарт-шароитлар мавжуд экани боис, Олимпиада қишлоқчаси ўзбекистонлик спортчиларга ҳам ёққан:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларини 1 олтин дохил олтита медаль билан якунлаган.

Пекин Олимпиадаси Ўзбекистон миллий жамоаси иштирок этган тўртинчи Олимпия Ўйинлари эди.

Ўзбекистонлик олтмишга яқин спортчи 15 спорт тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришганди.

Бу мавзуда батафсилроқ