Жасур Акрамов: 'Денис Истомин Рожер Федерерга муносиб қаршилик кўрсатади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари Жасур Акрамовнинг айтишича, Денис Истомин эртага жаҳоннинг биринчи рақамли ракеткачиси Рожер Федерерга муносиб қаршилик кўрсатади. Денис Лондон Олимпиадасидаги беллашувларини кетма-кет ғалаба билан давом этдирмоқда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Албатта, Рожер билан ўйнаш жуда оғир. Денис буни жуда яхши билади, чунки бундан олдин Федерер билан икки марта ўйнаган. Иккаласида ҳам анча қаршилик кўрсатган. Рақиби Рожер Федерер бўлишига қарамасдан, Денис ўзининг ўйинини кўрсатишга ҳаракат қилади", дейди жаноб Акрамов.

Кечаги ўйинни кортнинг ўзидан туриб, бевосита томоша қилган Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари Денис жуда яхши теннис намойиш этганини ҳам айтади.

Денис Истомин кечаги ғалабаси ортидан, эртага - 1 август куни жаҳоннинг биринчи ракеткаси швейцариялик Рожер Федерерга қарши кортга чиқади.

Денис ўзининг иккинчи учрашувида люксембруглик рақиби Жиллис Мюллерни 6:7, 7:6, 6:5 ҳисобида мағлуб этганди.

Ўзбекистонлик таниқли теннисчи дастлабки беллашувини ҳам ғалаба билан бошлаганди.

26 ёшли Денис Истомин 2009 йилдан буён теннис бўйича катта шлем мусобақаларида иштирок этиб келади.

Жаҳон рейтингида жорий пайтда 35-ўринни эгаллаб турибди.

Якка ва жамоавий ҳисобда 2010 йилги Хитой Осиё Ўйинларининг кумуш медали совриндори саналади.

Ўйинларнинг тўртинчи куни

Ўйинларнинг тўртинчи кунида ўзбекистонлик олимпиячилар оғир атлетика, дзюдо ва бокс бўйича мусобақаларини ҳам давом этдиришмоқда.

Бугун 81 кило вазнда татамига чиққан ўзбекистонлик дзюдочи Яхё Имомов икки карра жаҳон чемпиони жанубий кореялик рақиби Ким Жа Бум га ютқазиб қўйди.

Баҳром Меҳдибоев эса, 69 кило вазнда штангачилар орасида ўз кучини синаб кўрди.

Аммо учта уринишда ҳам Баҳром 135 кг тошни кўтара олмади ва Ўйинларни тарк этадиган бўлди.

Бокс бўйича Осиё Ўйинлари кумуш медали совриндори Ўктамжон Раҳмонов эса, 64 кило вазнда ўзининг дастлабки жангини ўтказди.

Ўктамжон Раҳмонов 1/16 финал беллашувларида эквадорлик Андерсон Мина Рожасни 16:10 ҳисобида мағлуб этиб, нимчорак финалга йўл олди.

Кейинги босқичда боксчимиз камерунлик Серге Амбомо ва туркиялик Ёқуб Сенер жуфтлиги ғолибига қарши рингга чиқади.

Шу пайтгача икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев ва Фазлиддин Ғоипназаровлар ўз жангларини давом этдириш ҳуқуқини қўлга киритишган.

Ўзбекистонлик таниқли ҳакам Равшан Эрматов ва унинг бригадаси эса, эртага Мексика ва Швейцария учрашувини бошқаради.

Ўйин 1 август куни Тошкент вақти билан кеч соат 21:00 да бошланади.

Унга Абдуҳамид Расулов ва Баҳодир Қўчқоров ёрдам беришади.

Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бундан аввал мезбон Буюк Британия ва Сенегал ўртасидаги учрашувга ҳакамлик қилишганди.

Кеча сузиш бўйича мусобақаларини бошлаган Раънохон Аманова эса, саралаш босқичидан муваффаққиятли ўта олмай, ўйинлардаги иштирокига якун ясашга мажбур бўлди.

Шу пайтгача ўзбекистонлик олимпиячилар ўйинларнинг битта бронза медалини қўлга киритишган.

Ўзбекистонлик донгдор дзюдочи Ришод Собиров ўйинларнинг илк кунида Ўзбекистон Олимпия терма жамоасига биринчи медални келтирганди.

Шу жумладан, қолган минтақа давлатлари орасидан Қозоғистон ҳам ҳозирча иккита олтин медали билан чекланаётган бўлса, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳалича бирор бир совринли ўринни қўлга кирита олгани йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ