Лондон 2012: Ҳақиқий ишқибозлик мана бунақа бўлади!...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Менга Лондон Олимпиадаси бокс беллашувларининг бир кунлик чиптаси текканди

Ҳомийлар трансляция ҳуқуқини сотиб олиш учун бу сафар ҳар галгисидан ҳам кўпроқ чўнтак кавлаб юборишган эмасми, касрига Британиядаги қанчадан-қанча дўкондору ресторан соҳибларидан ташқари, Би-би-сига ўхшаш давлатникида ишламайдими, бизга ўхшаган журналистлар ҳам қолишган.

Орамизда Ўйинларни бевосита ёритиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг сони саноқли бўлган бир пайтда, бундай имкониятдан мосуво қолганларимиз қанча...

Шундай манзарада Би-би-си томонидан ишқибоз сифатида берилган бир маротабалик имкониятдан олган тассуротларим эса, “минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўришнинг афзаллиги”ни том маънода исботлашга арзигулик воқеа бўлди.

“Танаси ўзга дард билмас, дардини ўз танасида ҳис этиб кўрсин”, дейишдими, хуллас, бўлимимиздан Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларини билвосита ёритишга масъул саноқли одамга айрим беллашувларга текин чипта беришга қарор қилинди.

Тилим ишқибоз сифатида ҳам, журналист сифатида ҳам футболу боксга бирдек айланмайдими, ҳаммадан олдин учта чиптанинг орасидан айнан бокс беллашувлариникини, “Мен оламанга”, тушиб қолдим.

Эътироз бўлмади, қолган биримизга енгил атлетика, бошқамизга велоспорт мусобақаларининг чиптаси тегди.

Ўйинларга сўнгги ҳозирликлар ҳам озмунча муаммолар манзарасида кечмаган ва уларни миридан-сиригача қоғозга тушириш учун дам олиш кунларимни ҳам қурбон келтириб юборган эмасманми, ўз кўзим билан кўриб, қулоқларим билан эшитган ҳақиқий манзара тасаввуримда шаклланиб улгурганидан буткул бошқача эди.

Ўйинларнинг иккинчи куни, устига устак, Лондоннинг энг чекка бурчакларидан ҳам бола-чақалари билан бирга икки соатлик йўлни писанд билмай, бутунбошли оилалар шаҳар марказига йўл солувчи якшанба эмасми, маҳаллий вақт билан қоқ тушда бошланувчи беллашувга уйдан тонгги саккизда чиқдим.

Мен Лондоннинг жанубий бурчида яшасам, Ўйинларнинг кураш, дзюдо, бокс каби ўнга яқин спорт мусобақалари бўлиб ўтаётган ExCel халқаро кўргазмалар маркази узоқдан узоқ шарқий бурчагида жойлашганди.

Агар бир кун аввал Google қидирув тармоғида олиб борган бир соатлик қидирув натижаларимга қаралса, у ерга етиб олиш учун аввал поезд, кейин метро, ундан сўнг DLR ёки енгил метро тизимида ўнлаб бекатларни босиб ўтишим тақозо этиларди.

Ишонасизми, йўқми, йўловчилар билан тўлиб-тўлмаган поездларида енгил нафас олиб, эскалаторларида одоб билан тизилиб, енгил метро вагонларида бемалол ўтириб, бир ярим соат деганда мўлжаллаган бекатимга етиб келдим.

Бошингизни ўнга бурасизми, чапга бурасизми ёки тўғрига қарайсиз, оппоқ ёзуви қолиб, гулоби ранги билан ҳам манаман деб турган йўл кўрсаткичлар йўлга қарашимга ҳам ҳожат қолдирмаганди.

Рости, бунинг ҳеч бир муболағали ери йўқ, оёғим эмас, худди кўзим билан юргандек бўлдим.

Бекатдан ExCelгача яна 10-15 дақиқа пиёда йўл босишингиз ҳам керак эдики, бу гал юзлаб ишқибозлардан ҳам сони кўп бўлган жонли йўл кўрсатувчилар бошингизни буришга ҳам ҳожат қолдиришмаганди.

Самолётга чиқаётганим йўқ эди-ку?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Олимпиада беллашувлари кечаётган ҳар бир спорт иншоотига киришдан аввал бошдан-оёқ текширувдан ўтишингизга тўғри келади

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, юриб эмас, гўё “учиб келгандек” туюлган манзилимда ичкарига кириш учун энг аввало аэропортдагидек текширувдан ўтишим керак эди.

Қўлингиздаги ва устингиздаги ҳамма нарса, ( албатта бир сидра кийимдан ташқариси) махсус қора қутига, чўнтакларингизда бўлган нимаики бўлса, шаффоф целлофан халтачага кетиши керак эди. Ўзингиз эса, махсус текширув ускунаси остига...

Ҳеч қандай “жанг-жунгсиз” ўтиб олган еримда мени бундан кейин ҳайратга солгани ва кўзларимга ҳам ишонмай, қутисидан олиб, кўзойнагимни тақиб қарашга мажбур қилгани озиқ-овқат ва ичимлик сувларининг нархлари бўлди.

Ичкарига олиб ўтишга рухсат берилган овқат фақат сэндвич, ичкилигингиз эса, 100 мл билан чекланган эмасми, вақт тушга яқинлашиб қолган бир пайтда қорин қайғуси бу ердаги юзлаб одамлар учун ишқибозлик дардидан оғирроқ эди.

Тезроқ йўлга чиқа қолай деб, нонушта қилишга улгурмаган эмасманми, тушлик учун кўчадан 2 фунтга сотиб оладиган сэндвичимга тўрт фунт (бу – қарийб 10 АҚШ доллари дегани), нархи икки ярим баробар сакраб кетган Coca Cola ичимликлари ичидан зўрға топган бир ярим фунтлик норинж шарбатимга уч фунтни миқ этмай тўлаётган еримда “ғинг” этган нафасини ҳам ичига ютганлар фақат ўзим эмаслигига гувоҳ бўлдим.

Бировининг қўлида қутига солинган пицца, бошқаси бургерини паққос туширган, яна бири қовурилган балиғу картошкага навбатга турган. Йўлак четида ўрнатилган ёғоч ўриндиқлар етмаганлар, шундоққина ерга чўккан.

Қадамингизда қаққайиб турган автомат машиналарни, лоф эмас, ҳар соатда забардастдек йигитлар қолиб, ҳар яшигида йигирматадан бўлмайдими, аравадан шаҳд билан кўтариб, ерга қўйган 19-20 ёшли қизлар “Кола”ю “Фанта” билан тўлдирган.

Хуллас, қорин тўйиб, бир финжон қаҳвани қўлга олган чоғимизда беллашув вақти бўлиб қолган, яна ўнлаб йўл кўрсатувчилар шууунча эканига қарамай, бирор бир одамнинг ўриндиғига етиб олгунларича йўлдан адашишларига заррача имкон қолдирмаганди.

Буёғи фақат ишқибозлик қилиш қолганди...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Excel га қалам-қоғизни йиғиштириб келган эмасманми, мен ҳам ишқибозликда унча-мунчасига бўш келмадим

Ҳали бу ерга келмай туриб, қўлимга текин чипта теккан заҳотиёқ интернет титкилаб, кўз югуртирган мусобақалар жадвалининг ўзиёқ кимга ишқибозлик қилиш масаласида менга деярли танлов имкониятини қолдирмаганди.

Аббос Атоев ва Орзубек Шоимовларнинг беллашувлари кун аввал ўтиб бўлган, йигирма тўрт кишилик рўйхатда эса, ўша куни бутунбошли Марказий Осиёни яккаю ягона қозоғистонлик боксчи намоён этаётганди: - Ғани Жайлаоув.

Ғани рақиби билан кетма-кет рингга кириб келаркан, орқамда ўтирган ўринларидан тик оёққа қалқиб олган йигирмага яқин тайландлик ишқибоз оғизларию, ўз давлатлари байроқларини ҳилпиратиб турган қўллари қолиб, оёқлари билан ҳам ёғоч полни гум-гум этиб, тепишни бошлашганди: “Бўш келма, Тайланд”, “Бўш келма, Тайланд”, “Бўш келма, Тайланд”...

Шунча шовқин-сурон ичидан секин қулоқ тутган одамга ҳам, “Яшавор, Ғани”, дейдиган бир садо эшитилса, қани!

Мақтанчоқликка йўймангу, камина ҳам бақир-чақир масаласида анча-мунча ишқибозни ортда қолдира оламан.

Бу ерга қалам, қоғозни йиғиштириб, соф ишқибоз бўлиб келган эмасманми, қулоқларингиз чидай олса, буёғини фақат эшитиш керак эди, холос.

Мен бир ёну, бутун спорт аренасини “бошига кўтараётган” тайландлик ишқибозлар бир ён эди. “Яшавор, Ғани” – “Ҳа, Тайланд”, “Ур, Ғани, ур!” – “Бўш келма, Тайланд”.

Хуллас, рингдаги боксчилар ҳам, аренадаги ишқибозлар ҳам, ҳеч биримизнинг бўш келиш ниятимиз йўқ эди.

Шунга ярашами, учрашувнинг ҳар икки раунди ҳам дуранг ҳисоби билан якунланса бўладими!..

Учинчи раунд ҳам бошланди. Боксчилар устма-уст зарба беришар, биз эса, галма-галига томоғимиз йиртилгудек бўлиб, ҳай-ҳайдан олардик.

Асрга татигулик бўлиб кўринган жанг ҳам ўз поёнига етаркан, буёғи қизиқ бўлди. Негадир ҳакамлар ҳам тезлик билан бир тўхтамга келишолмади.

Ўзиям беш дақиқа деганда ўз қарорларини эълон қилишганида, аллақачон мағлубиятини тан олиб, уятининг зўридан юзини яшириш учун ипи боғлиқ боксеркасининг ипини қайта боғлашга тушиб кетган Ғанининг жуда кичик ҳисобдаги фарқ билан ғалаба қозонгани маълум бўлди.

Аммо шууунча қизиқ воқеанинг бундан ҳам қизиғи шундан кейин юз бурди: Рингдан туриб, тўрт тарафга қуллуқ қилаётган шунча боксчидан фарқли тарзда, Ғани “бақир-чақирим” қулоғига чалинган мен томонга қараб таъзим қилдию, рингни тарк этди.

Мен сўнгги бор, “Баракалла, Ғани – “Молодец, Гани”, дейишга вақт топарканман, рингда эртабурундан дик-дик сакрай бошлагану шундоққина орқамда саф тортган тайландлик “рақибларим” жойларига ўтириб қолишганди.

Молдовалик ғолиб чиқиб, олмониялик мағлуб бўлган, ҳиндистонликка омад кулиб боқиб, австралиялигидан юз ўгирган яна қатор жанглардан сўнг, ExCelни тарк этган юзлаб ишқибоз шаррос ёмғир қуйиб берганига қарамай, енгил метросидан ростманасига, ундан яна поездга ўтиб, йўл-йўлакай сотиб олган (бу гал кўчадан, ўз нархида) ул-булимизни қоринга жойлаб, қандай силлиқлик билан келган бўлсак, худди шундай уйга етиб олган эдик...

Бу мавзуда батафсилроқ