Лондон 2012: Боксда яна иккита ғалаба...

Image caption Таниқли боксчи Артур Григорян бу гал ҳам Аббоснинг ғалаба қозониши борасида умидбахш

Икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев ва Фазлиддин Ғойипназаровларнинг кетма-кет ғалабаси ортидан, яна бир ўзбекистонлик боксчи жангни ўз фойдасига ҳал қилди.

Бугун 52 кг вазн тоифасида Жасурбек Латипов 1/8 финалда мисрлик рақиби Абделаъл Ҳешамни мағлубиятга учратиб, чорак финалга йўл олди.

Кеча, ўйинларнинг олтинчи кунида икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев ва Фазлиддин Ғойипназаровлар иккинчи жангларини ҳам ғалаба билан якунлаб, чорак финалга чиқишга муваффақ бўлишганди.

Кеча Аббос ўз вазн тоифасида (75 кг) руминиялик рақиби Богдан Журатони ва Фазлиддин ўз вазн тоифасида (+60 кг) америкалик рақиби Хосе Рамирезни мағлуб этишди.

Чорак финалда Жасурбек мўғулистонлик Тугстсог Нямбаяр ва италиялик Винченсо Пикардилар жуфтлиги ғолибига қарши рингга чиқади.

Ўзбекистонлик яна уч нафар боксчи Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совринли ўринлари учун курашиш ҳуқуқини сақлаб туришибди.

Ўзбекистон Ўйинларда катта сондаги, яъни жаъми олти нафар боксчиси билан иштирок этаётганди.

Улардан фақат 56 кг вазнда Орзубек Шоимов ўзининг дастлабки жангини бой бериб қўйган, холос.

Биз бугун эрталаб кечаги жанг олдидан икковлоннинг ғалабасини башорат қилган ўзбекистонлик донгдор боксчи ва мураббий Артур Григорян билан боғланиб, сўнгги янгиликкка муносабатини сўрадик:

Артур Григорян: Мен ўзим ҳам боксчи бўлганман. Ҳозир бокс мураббийиман. Агар таъбир жоиз бўлса, бокс - менинг ҳаётим. Шунинг учун ҳам улар эришган ғалабанинг нима экани менга яхши маълум. Мен уларни чин кўнгилдан қутлайман, уларнинг қўллари баланд келганидан ниҳоятда мамнунман. Бу - ўзбекистонлик боксчиларнинг сўнгги ғалабалари бўлмаслиги, финал беллашувларига қадар ўзларини кўрсатиб, Олимпия чемпиони бўлишларини тилаб қоламан.

Би-би-си: Аббос Атоев ва Фазлиддин Ғойиповлар энди чорак финалда куч синашишлари керак бўлади. Уларнинг бўлажак жангдаги ғолиб чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

Артур Григорян: Агар Аббос масаласида айтадиган бўлсам, кўнглим негадир ундан хотиржам. Чунки у нафақат жаҳон чемпиони, қандай формада ёки кайфиятда бўлишидан қатъиназар, рингга чиқиб, ўзининг "мен"лигини кўрсатишга қодир бўлган ҳақиқий жангчи. Мен буни сизга 100 фоиз кафолат билан айта оламан. Шунинг учун ҳам Аббос ҳеч ортга чекинмасдан, рингда ўз тактикаси, нималарга қодирлигини кўрсатиши керак. Ўзбекистонлик қолган боксчиларга ҳам тилагим, ўзларининг характерлари ва асабларини бир ерга жамлаб, рақибларига ким эканликларини кўрсатиб қўйишсин. Шундай қилган тақдирларида, ғалаба, албатта, улар томонида бўлади.

Би-би-си: Лондон Олимпиада Ўйинларида кечаётган бокс беллашувларини кузатар экансиз, аксарият боксчиларнинг иккинчи раунддаёқ толиқиб қолаётганликлари кузатилмоқда. Бунинг сабаби нима билан боғлиқ, сизнингча?

Артур Григорян: Бу, менимча, боксчиларнинг руҳияти билан боғлиқ масала. Ҳеч қачон яна бир раунд қолди, яна икки раунд қолди, деб ўйламаслик керак. Бунинг нима фарқи бор. Рақибингга ҳам сендан кўра осон эмас, у ҳам шу раундларни ўтказиши керак. Боксчи ана шуни ёддан чиқармаслиги лозим. Агар жангни ўз фойдангга ўтказиб, очколар ҳисобида қўлинг баланд келаётган бўлса, устунлик барибир сен томонда бўлади, ўзингни рингда енгил ҳис этасан. Агар жанг аввалиданоқ зарба ўтказиб юбора бошласанг, тез чарчаб қоласан. Шунинг учун ҳам бундан қочиш керак. Шунда жанг охиригача ўзингни бардам ҳис этасан. Уч раунд ҳам кўз очиб юмгандек ўтиб кетади. Рингда қиладиган ишинг қолмайди. Шунинг учун ҳам руҳан кучли, жангда қанчалик оғир бўлмасин, ўз "мен"инг, характерингни кўрсатишинг керак. Бу - боксчиларга хос жангавор кайфият.

Жангдан олдинги башорат

Икковлоннинг жанги арафасида Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида'жаҳон бокси қироли' Артур Григорян уларнинг ғалаба қозонишларига ишончи комиллигини айтганди:

Артур Григорян: Аббос Атоевнинг ҳаваскор боксда эришган ютуқларини шундоқ ҳам ҳаммамиз яхши биламиз. Мен унинг навбатдаги жангида ҳам ютиб, кейинги босқичга чиқишига шубҳа қилмайман. Аббоснинг йўлидаги барча тўсиқларни енгиб ўтиб, нафақат жаҳон чемпиони, балки Олимпия чемпиони бўла олишини ҳам кўрсатишига умид қиламан ва буни тилаб қоламан. Мен Аббоснинг бугунги жангида ғалаба қозонишини Худодан сўраб қоламан. Чунки унинг ғалабаси бутун мамлакатимизнинг ғалабасидир. Мен чин кўнгилдан Аббосга омад тилаб қоламан.

Би-би-си: Артур ака, Аббос Атоев бугун руминиялик рақибига қарши рингга тушади. Румин боксининг ўзига хослиги нимада ва бўлажак жангда Аббос кўпроқ нималарга эътибор бериши керак, сизнингча?

Артур Григорян: Аббос рақибининг ҳеч бир хатти-ҳаракатини назардан қочирмасликка уриниши лозим. Рингда диққатли бўлиши керак. Шунинг баробарида, рингда рақибини ўз йўриғига солиши шарт. Румин бокси техник жиҳатдан анчайин пишиқ-пухта. Фақат ҳужумда ўйнаб, босим ўтказишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун ҳам Аббос рақибини чиройли йўл билан мағлуб этса, бўлди, ғалаба уники. Аббоснинг жанг олиб бориш усулидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, у бу ишни бемалол уддалай олади.

Би-би-си: Кўпчилик боксчилар ҳам, мутахассислар ҳам Олимпиада Ўйинлари жаҳон ёки Оврўпо чемпионатлари билан солиштирганда анчайин қийин эканини айтишади. Сиз бу фикрларга қўшиласизми?

Артур Григорян: Рингдаги жанг нуқтаи-назаридан бунинг ҳеч бир фарқли ери йўқ. Аммо айнан Олимпиада Ўйинларида бунинг жаҳон ёки Оврўпо биринчилиги эмаслигини ҳис этасан. Демоқчиманки, ҳар тўрт йилда ўтказилгани боис, ўйинларда иштирок этиш ҳуқуқини ҳар қандай боксчи ҳам қўлга кирита олмайди. Шунинг учун ҳам, бундай ҳуқуққа эга бўлган боксчи ўзининг бор санъатини намойиш этишга ҳаракат қилади. Чунки Олимпиада Ўйинлари дунёдаги энг нуфузли спорт беллашуви саналади. Бу ҳамма спортчи учун бирдек тааллуқли. Чунки ҳаваскор спортда Ўйинлар энг юқори нуқта ҳисобланади.

Ўйинларнинг еттинчи кунида ўзбекистонлик олимпиячилар яна олти спорт тури бўйича ўз кучларини синаб кўришади.

Бугун бокс бўйича 52 кг вазн тоифасида Жасурбек Латипов жангни ўз фойдасига ҳал қилган ўзбекистонлик учинчи боксчи бўлди.

Аммо 85 кг вазнда тош кўтариш мусобақаларида ўз беллашувини бошлаган Шерзоджон Юсупов гуруҳида тўртинчи ўринни олиб, ўйинлардаги иштирокига якун ясади.

Шу жумладан, 400 метрга тўсиқлароша югуриш мусобақаларида қатнашган Артём Дятлов ҳам кейинги босқичга ўта олмади.

Александра Котлярова ва Анастасия Журавлевалар уч ҳатлаб сакраш бўйича саралаш босқич мусобақаларини муваффақиятсиз якунлашди.

Сухроб Хўжаев ҳам босқон улоқтириш беллашувларини дастлабки босқичдаёқ якунлади.

Лондон Олимпиада Ўйинларининг еттинчи кунида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳозирча битта бронза медали билан 41-ўринда бормоқда.

Ўйинларнинг олтинчи куни

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтинчи кунида ўзбекистонлик олимпиячилар тўрт спорт тури бўйича ўз беллашувларини давом этдиришади.

Бугун 100 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик таниқли дзюдочи Рамзиддин Саидов татамига чиқди.

Рамзиддин Саидов 100 кг вазнда навбатдаги рақиби кубалик Орейди Деспаигнени ҳам мағлуб этиб, чорак финалга чиқди.

Рамзиддин Саидов кубалик рақиби устидан техник ғалаба қозонди.

Ўзбекистонлик таниқли дзюдочи чорак финалда мўғулистонлик Тувшинбаяр Найдандан иппон ҳисобида (100:0) мағлубиятга учради.

Рамзиддин Саидовда бронза медали учун курашда иппон ҳисоби билан озарбайжонлик рақибини мағлуб этди.

Аммо Рамзиддин Саидов 100 кило вазнда Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг бронза медалини олмониялик рақибига бой бериб қўйди.

Рамзиддин Ўйинларда ўз кучини синаб кўраётган сўнгги ўзбекистонлик дзюдочи эди.

У илк курашини америкалик рақиби Кайл Вашкулатни иппон ҳисоби (100:0) билан мағлубиятга учратиб, ғалаба билан бошлаганди.

Дзюдо бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Лондон Олимпиада Ўйинлари чоғида деярли барча вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб борганди.

Аммо Мирзоҳид Фармонов (-66 кг), Наврўз Жўрақобилов (-73 кг), Яхё Имомов (-81 кг) ва Дилшод Чориев (-90 кг)лар бирор бир совринсиз Ўйинлардаги иштирокларига якун ясашди.

Ўз вазн тоифасида жаҳондаги энг кучли учта дзюдочидан биттаси бўлган Дилшод Чориев кеча чорак финалда бразилиялик рақиби Тиаго Камилога ютқазиб қўйган бўлса ҳам, унда бронза медали олиш имконияти сақланиб қолганди.

Аммо япониялик рақиби Масахи Нишияма билан ҳал қилувчи учрашуви асосий ва қўшимча вақтдаям дуранг ҳисоби билан якунланди.

Ҳакамлар ҳайъати япониялик дзюдочи фойдасига қарор беришди.

Шу пайтгача ўзбекистонлик дзюдочилар орасидан биринчи бўлиб татамига чиққан икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров Лондон Олимпиадасининг бронза медалини олишга муваффақ бўлган, холос.

Ўйинларда Ўзбекистонни 53 спортчи намоён этаётган эса-да, Ришод ҳозирча совринли ўринни қўлга киритган ягона спортчи бўлиб турибди.

Ришод Собиров ва Рамзиддин Саидовлар учун бу - иккинчи Олимпиада Ўйинларидир.

Рамзиддин Саидов ҳам дзюдо бўйича ўз вазн тоифасида Осиё чемпиони, Бокуда бўлиб ўтган Гран-при мусобақаларининг кумуш медали совриндори, яқинда Парижда ўтказилган Катта шлем беллашувларининг бронза медали соҳиби ва қатор халқаро турнирларнинг ғолиби саналади.

Боксчилар ҳам беллашишади

Бугун Тошкент вақти билан кеч тунда ўзбекистонлик боксчилар ўз вазн тоифасида икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев ва Фазлиддин Ғойипназаровлар иккинчи жангларини ўтказиш учун рингга чиқишади.

Фазлиддин +60 кг вазнда америкалик боксчи Хосе Рамирес, Аббос Атоев эса, 75 кг вазнда руминиялик боксчи Богдан Журатонига қарши рингга чиқади.

Икковлон ҳам дастлабки учрашувларини ғалаба билан бошлашган.

1/16 финал беллашувларида Фазлиддин Ғойипназаров 60 кг вазн тоифасида камерунлик Абдон Йячинте Меволини 11:6 ҳисобида енгиб, нимчорак финалга йўл олганди.

Расмий очилиш маросимининг эртасига - 28 июл куни 75 кг вазнда рингга тушган Аббос Атоев марокашлик рақиби Бадриддин Ҳаддиуйни енгишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистон Лондон Олимпиада Ўйинларида катта сондаги, яъни жаъми олти нафар боксчиси билан иштирок этмоқда.

Улардан ҳозирча фақат 56 кг вазнда Орзубек Шоимов дастлабки беллашувини бразилиялик рақибига бой бериб қўйган, холос.

Ўзбекистонлик қолган беш нафар боксчида ҳали Ўйинларнинг совринли ўринларини қўлга киритиш имкони бор.

Бугун ўзбекистонлик сузувчи Юлдуз Қўчқорова ҳам беллашувларга киришади.

Бундан аввал ўзбекистонлик сузувчи Раънохон Амонова ўз кучини синаб кўрган, аммо Ўйинларни бирор бир совринли ўринсиз якунлаган.

Агар рақамларга қаралса

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтинчи куни бошланаркан, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳозирча битта медал билан медаллар жадвалида 39-ўринда бормоқда.

Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида энг яхши кўрсаткич Қозоғистонда. Улар учта олтин медал билан медаллар жадвалида 8-ўринда боришмоқда.

Жаъми 11 та медал олганига қарамай, олтинларининг сони иккита бўлгани учун, Россия ҳам 10-ўринни эгаллаб турибди.

Қолган Марказий Осиё давлатлари олимпиячилари ҳисобида ҳозирча бирор бир медал йўқ.

Медаллар жадвалида шу пайтгача жаъми 30 та ( шундан 17 таси олтин) медал олишга муваффақ бўлган хитойликлар устунлик қилишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ